Сирдарёлик ўқувчилар эришган ютуқлар катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Баъзилар “Бошқа мактаблардаги энг яхши ўқувчилар саралаб олинганидан кейин яхши бўлади-да” деса, бошқалар “Бўлмаса қолганлар ҳам нега шундай натижаларга эришолмайди?” каби баҳсли фикрлар билдирмоқда. Бироқ Республика ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига қарашли бу мактабнинг ташкил этилганига бор-йўғи икки йил бўлди.
Ютуқларнинг сири нимада?
Ҳаммаси оддий, — дейди мактаб директори Ғолибжон Бозоров, — аввало, мактабимизга педагог кадрлар уч босқичдаги танловлардан ўтиб келадилар. Ўқувчилар ҳам 5-синфдан бошлаб танлов ва имтиҳонлар асосида қабул қилинади. Бу ерда ўқувчиларнинг яшаши, ўқишлари учун ҳамма шароитлар яратилган. Таълим-тарбия узлуксиз, тизимли равишда олиб борилади. Ютуқларимиздаги яна бир муҳим жиҳат ота-оналарнинг болаларига бефарқ эмаслигида, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, уларга шижоат бағишлашида. 280 ўқувчига 32 нафар педагог дарс беради. Улардан 7 нафари олий, қолганлари ҳам биринчи ва иккинчи тоифали ўқитувчилардир. Талабчан ўқитувчиларимиздан Нурмуҳаммад Жалилов бу йилги битирувчиларимизнинг синф раҳбари, ўзи математик. Ўқувчилари билан тинмай шуғулланди, уларнинг ҳар бири турли танловларда ғолиб бўлишига ҳисса қўшди.
Мактаб раҳбари таъкидлаганидек, жамоа жонкуяр, фидойи педагоглардан ташкил топган. Физика фанидан сабоқ бераётган Комилжон Жумаев, Содиқжон Мўминжонов, она тили ва адабиёт ўқитувчиси Бобобек Тўлаганов, инглиз тилини мукаммал ўргатаётган Мунирабону Раҳмонова ва бошқа кўплаб тарбиячиларнинг ҳар бири ҳақида узоқ ҳикоя қилиш мумкин. Бу ердаги ҳамжиҳатлик эса ўз нишонасини бериб турибди.
Шу йилнинг июль ойида ўқувчилардан бири Акбархон Набихонов математика фанидан ўтказилган Агентлик олимпиадасининг республика босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаб, бирданига “Янги Ўзбекистон” университетига 4 йилга мўлжалланган 152 миллион сўм, “Аниқ ва ижтимоий фанлар “ университетига 4 йилга мўлжалланган 68 миллион сўм, “Alfaganus” университетига 4 йилга мўлжалланган 30 миллион сўм, шу университетга 1 йилга мўлжалланган 22 миллион сўм, “ Perfect” университетига 1 йилга мўлжалланган 20 миллион сўмлик грант соҳиби бўлганди. Акбархон ўқиган, жиддий шуғулланган киши қандай натижаларга эришиши мумкинлигини тенгдошларига кўрсата олаётганлардан.
Шу билан бирга, болага ота-она эътибори ҳам жуда муҳим. Унинг отаси Ёқубжон Аллажонов математика фани ўқитувчиси. Акбархонга 8-синфга қадар шу фандан дарс берган. Қолаверса, боланинг қизиқишларини ҳисобга олиб уйда ҳар куни бир, бир ярим соатдан математика билан шуғулланган. Бу меҳнатлар эса ўз самарасини кўрсатиб турибди. Акбархонга ҳавас қилган синфдошлари ҳам “отни қамчилашди”. Бу йил интернатни тамомлаган 24 нафар битирувчининг барчаси тест синовларидан муваффақиятли ўтган. Уларнинг 23 нафари давлат гранти, 1 нафари эса тўлов-шартномаси асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.
Шунингдек, мактаб-интернат битирувчилари ОТМга кириш кўрсаткичи бўйича республикада 3-ўринни эгаллашди.
“Математикада тенгсизлик атамаси бор. Ҳаётда ҳам тенгсизлик каби энг максимал даражадан юқорига қараб интилиш зарур. Шунда ҳаёт ҳам тенгсиз имкониятларни бахш этади”. Бу Акбархоннинг отаси математик Ёқубжон Аллажоновнинг барча ёшларга айтган гаплари.
Бу йил кўпчиликнинг орзуси бўлиб турган бу даргоҳга яна 48 ўқувчи қабул қилинди. Жамоанинг мақсади эса ютуқларни ҳар йили янгилашдан иборат.
Баҳор Холбекова,
“Ishonch”



