Кўп асал ейишдан тийила оламизми?

62

Тил ҳақида, тил муаммолари ҳақида асосан октябрь ойида ёзамиз, гапирамиз. Тўғри, бошқа пайтларда ҳам бу хусусда гап-сўзлар бўлади, ижтимоий тармоқларда, газета-журналларда онда-сонда постлар, мақолалар берилади. Демоқчиманки, бу мавзуда изчиллик етишмаётганга ўхшайди. 

Нега шундай? Нима, тилимиз тақдирини ўйлаш, унинг софлиги, қадр-қимматини кўтариш масаласи мавсумийми?

Йўқ! Ундай бўлиши мумкин эмас! Шундай мавзулар борки, улар ҳақида йил — ўн икки ой мунтазам ёзиш, гапириш даркор. Булар — давлат тили, Мустақиллик, Конституция, Алишер Навоий мавзулари.

Фикримни ёйиброқ айтадиган бўлсам, она тилимизни қадрласак, унинг бойлигини, гўзаллигини, нафосатини кўрсатмоқчи бўлсак, софлигини таъминлашни истасак, бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз изчил олиб борилмоғи зарур.

Мустақиллик мавзуси ҳам худди шундай. Эришаётган барча ютуқларимизнинг асоси Мустақиллик экан, унинг аҳамиятини, асл моҳиятини доимий равишда тушунтириб бериш талаб этилади. Мустақиллик байрами яқинлашганда гапириш, ёзиш ёхуд муайян тадбирлар ўтказиш билан кифояланиб қолиш етарли эмас. Конституция — бош қонунимиз. Уни янги таҳрирда қабул қилдик. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини, киритилган янги моддалар ва ўзгаришларни ҳамма тушуниб, англаб етдими? Ҳозирча ижобий жавоб бериш қийин. Модомики, ҳуқуқий давлатда яшаётган эканмиз, ҳар бир фуқаро ўзининг ҳуқуқини ҳам, бурчини ҳам аниқ билмоғи керак. Бунинг учун бизга асосий ҳужжат Конституциядир.

Ўзбек тили билан Навоийни айрича тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳазрат она тилимиз — ўзбек тилининг қудратини, гўзаллигию нафосатини, бойлигини бўйи басти билан оламга кўрсатиб қўйган. Жаҳон адабиётида биринчи «Хамса»ни Низомий ҳазратлари яратган. Низомий «Хамса»си форс тилида битилган. Биринчи туркий «Хамса»ни Навоий ҳазратлари ўзбек тилида ёзганки, бу билан наинки бизнинг миллатдошларимиз, балки барча туркий халқлар ҳар қанча фахрланса арзийди. Навоийнинг сўз бойлигига биргина мисол. Ҳазрат ўз асарларида 26 минг сўз ишлатган. Таққос учун: улуғ рус шоири Пушкин 17 минг сўз қўллаган. Шундай экан, Навоийни ҳар кун ўқимоқ, ўрганмоқ керак ва шарт.

Энди асосий масалага қайтайлик. Ўзбек тилининг бугунги аҳволи қандай, унинг бойлигини сақлаб қолиш, гўзаллигию тароватини кўз-кўз қилиш учун нима ишлар қилинмоқда? Қилинаётган ишлар талабга жавоб берадими?

Мен Америка очмоқчи эмасман. Айрим, нисбатан кичик, масала ва мисоллар борасида ўзимнинг шахсий фикрларимни баён қилмоқчиман, холос. Бинобарин, ҳар қандай йирик масалалар майда ишлардан бошланади.

Ўзбек тилининг жонкуяри биринчи галда қалам аҳли, яъни, ёзувчи, шоир ва журналистлар. Биз — қалам аҳли кўча-кўйда, рекламаларда, турли ёрлиқларда, шиорларда ўзбек тили бузилгани тўғрисида куюниб гапирамиз, ёзамиз ва тўғри қиламиз. Аммо, афсуски, ўзимизнинг фаолиятимизга ҳар доим ҳам эътибор қилавермаймиз. Сўзларнинг маъносини тушунмай ёхуд бошқа тиллардан сўзма-сўз таржима қилиб ишлатиш баъзи нашрларда, айрим ижтимоий тармоқларда одат тусига кирмоқда. Мисол: мунча сўм иқтисод қилинди, деб ёзамиз. Бу рус тилидаги сэкономил сўзининг сўзма-сўз таржимаси. Ўзбек тежалди, дейди, яъни, мунча сўм ёки мунча электр энергия тежалди, дейди. Бежизга, деб ёзамиз. Бу ерда га ортиқча! Бежиз айтмади, бежиз бормади, дейилади. Оллоҳ раҳмат қилсин, тил жонкуяри, фидойи олим Омонулла Мадаев бу ҳақда минг марта айтган бўлса керак, ҳар бир суҳбатида, чиқишида алоҳида таъкидлар эди. Домла ўтиб кетдилар, афсуски, бежизга, деб ёзишдан ҳамон воз кечолмадик.

Яна бир мисол. Бирон ишни қила олмайдиган бўлсак, бунинг иложи йўқ, деймиз. Негадир иложиси йўқ, деб айтадиган ва ёзадиган бўлиб қолдик. Энди мана бу гапга эътибор беринг. Эшмат ҳам, Тошмат ҳам келмади. Шу жумланинг бошқача шакли: На Эшмат, на Тошмат келди. Афсуски, кўп ҳолларда иккинчи шаклда ҳам келмади, яъни, на Эшмат, на Тошмат келмади, деб ёзамиз. Бу нотўғри.

Булар етмагандай туппа-тузук ўз сўзларимиз турганда хорижий сўзларни ишлатадиган бўляпмиз. Ёлғон деган сўзни қайси ўзбек билмайди, тушунмайди ёки ишлатмайди?! Энди бунинг ўрнига фейк дейишга ўтдик. Бир замонлар русларнинг зодагонлари, оқсуяклари оиласида французча гаплашиш маданият белгиси ҳисобланган. Лев Толстой асарлари, хусусан, «Анна Каренина» романи қаҳрамонларига эътибор қилсангиз буни аниқ сезасиз. Кейинчалик бу одат ўзимизга, яъни, «замонавий» ўзбек оилаларида ҳам урф бўлди, фарқи французча эмас, русча гаплашиш маданият белгисига айланди. Тил билишга, тил ўрганишга ҳеч ким қарши эмас, қанча тил ўрганса шунча яхши. Аммо ҳеч қайси тил она тили ҳисобига бўлмаслиги керак. Оила — боланинг кўз очиб кўрган биринчи ва энг муқаддас маскани. У ерда жаранглаган тил, у ердаги саъй-ҳаракатлар бола онгида, қулоғида муқим ўрнашиб қолади.

Ўзга тилдан сўз олиш мумкин. Бошқа тиллардан сўзлар олмаган тил бўлмаса керак. Ўзбек тилимиз ҳам бундан мустасно эмас. Лекин муайян шартлар бор, яъники, ўзга тилдан олиниши кўзда тутилган сўзларнинг ўзбек тилида муқобили бўлмаса хорижий сўздан фойдаланиш мумкин. Ўзбек тилида шу фикрни ифодаловчи сўз бўлгани ҳолда хорижий тилдан сўз киритишга нима эҳтиёж бор?! Оллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, тилимиз жуда бой ва гўзал. Бу тилда ҳар қандай мавзуда, ҳар қанақа ҳажмда асарлар битиш мумкин. Бунга исталганча мисол келтириш имкониятимиз бор. Лоақал Навоий, Бобур, Гулханий, Фурқат, Муқимий, Ҳамза, Чўлпон, Қодирий асарларини эсга олайлик.

Ўтган асрнинг 70-80-йилларида Ўзбекистонда дубляж санъати юқори чўққига кўтарилган эди. Айрим фильмлар аслидан кўра таъсирлироқ ва қизиқроқ чиққани ўша фильмлар ижодкорлари — режиссёр ва актёрлар томонидан эътироф этилгани бор гап. «Иван Васильевич касбини ўзгартиради», «Ишдаги ишқ», «Тақдир ҳазили» каби фильмлар бунга мисолдир. Афсуски, она тилимиз бойликларини ўрганишга, юмшоқ қилиб айтганда, эринмоқдамиз. Бугунги авлод Навоий, Бобур тили у ёқда турсин, Фурқату Муқимий, Қодирий, Чўлпон, Ҳамза тилини ҳам яхши тушунмайдиган бўлиб бормоқда.

Тил ҳақида гап кетганда асло стилистикани четлаб ўтиб бўлмайди. Очиғини айтганда, бугун стилистика масаласига эътибор берадиганлар жуда кам. Оқибатда ғализ жумлалар, нима демоқчи бўлганини тушуниш қийин бўлган иборалар кўпайиб бораётир. Эга ва кесим ўз ўрнида ишлатилмайди. Масалан, учта ҳукумат қарори, деб ёзишади. Йўқ, ҳукумат битта. Ҳукуматнинг учта қарори, дейиш керак. Аниқ рақам айтилганда лар қўшимчаси қўшилмайди: ўнта мактаблар эмас, ўнта мактаб бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Қаҳрамони, ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидов 2014 йилда «Ўзбекистон» нашриёти чоп этган «Сўз латофати» китобида қуйидагиларни куйиниб ёзган: «Тилимиздаги яна бир енгиллик шуки, саноғи айтилган нарсаларга кўплик белгиси лар қўшилмайди. Бу мантиқан тўғри, чунки саноқнинг ўзи кўпликни ифода қилади. Рус, инглиз тилларида саноғи маълум нарсаларга ҳам кўплик белгиси қўйилади. Бу икки тил таъсирида бизларда ҳам ўнта китоблар, ўн иккита курсилар дегувчи чала муллалар пайдо бўлди. Бу ҳол ўз она тилининг фазилатини билмаслик, менсимасликдир».

Кейинги вақтларда «манфаатлар тўқнашуви» деган ибора пайдо бўлди. Бу қариндош-уруғлар, таниш-билишлар ўзаро тил бириктириб, давлатнинг ёки бирон-бир ташкилотми, фирманингми мулкини ўзлаштирганларга нисбатан ишлатилмоқда. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да тўқнаш, тўқнашув сўзларига шундай изоҳ берилган: «Юзма-юз келмоқ, дуч келмоқ». Яна: «Ихтилоф, низо ва шу кабилар натижасида юз берган олишув, кураш». Мисол тариқасида автомобиллар тўқнашуви, қўшинлар тўқнашуви келтирилади. Дарҳақиқат, тўқнашув сўзида ижобий маъно йўқ, аксинча, қарама-қаршилик, томонларнинг ўзаро курашуви ифода этилади. Юқоридаги ҳолатларда эса томонларнинг бир-бирини қўллаши акс этади. Демак, «манфаатлар тўқнашуви» дейиш мантиқан нотўғри. Бунинг ўрнига шундай ҳолларда, яъни, қариндош-уруғлар, ошна-оғайнилар ўзаро келишиб, давлат мулкини, маблағини ўзлаштирса «бу ерда манфаатлар бирлашуви ёки келишуви бор» дейилса тўғрироқ бўлади.

Эркин Воҳидовнинг юқорида эслаганимиз китобида шундай фикрлар бор: «Дунё тилшунослари эътироф этган, соддаликда буюк, бойликда уммон тилимиз бор. Унинг ижодкори донишманд халқимиз, элнинг минг йиллар давомида етиштирган улуғ олимлари, шоирлари, закий фарзандлари. Бу улкан бойлик бизники, қонуний эгаси биз бўламиз. Биз миллионерлармиз. Бу хазинани асраб кўпайтирмоқ ҳам, совурмоқ ҳам мумкин. Очиғини айтганда, сўнгги юз йил ичида тил бойлигимиз совурилди».

Энди бунга йўл қўймайлик, азизлар! Шукурки, компартия тазйиқидан, ўзгалар зуғумидан қутулдик, мустақилликка эришдик. Унинг ўттиз икки йиллигини нишонламоқдамиз. Тил бойлигимизни асраб-авайламоқ, кўпайтирмоқ учун ҳуқуқий асосимиз — Конституциямиз бор, алоҳида махсус қонунимиз бор! Бу хайрли ишга давлатимиз раҳбари бош-қош, раҳнамо бўлиб турибди. Президентимиз 2020 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади. Ушбу нуфузли Халқаро ташкилот тарихида биринчи марта ўзбек тили жаранглади. Бу тарихий воқеанинг қадрига етайлик, ҳар биримиз ўзимиз учун ўрнак, намуна, деб билайлик.

Демак, тил бойлигимизни асрамоқ учун барчамиз масъулмиз. Бу ишда майда нарсалар йўқ ва бу эзгу иш мавсумий эмас, доимийдир.

Мақола сўнггида бир ибратли ривоятни келтиришни лозим топдим. Бир она ўғлини донишманд-табибга олиб борибди.

— Ўғлим жуда кўп асал ейди. Бир яхшилаб тушунтириб, насиҳат қилиб қўйинг, тақсир, — дебди она.

Донишманд бироз ўйга толиб, қирқ кундан кейин келинг, дебди.

Она қирқ кун ўтиб ўғлини олиб келибди донишманд-табиб олдига.

— Асал кўп ейсанми? — деб сўрабди боладан.

Бола тасдиқлабди.

— Энди кўп ема. Асални ҳам кўп ейиш зарар. Тушундингми? — дебди донишманд.

Бола «тушундим» дебди.

— Бўлди! — дебди табиб онага. — Кетаверинг.

Она ажабланибди:

— Шу гапни қирқ кун олдин ҳам айтсангиз бўларди-ку.

— Йўқ, қирқ кун олдин айтолмасдим, чунки у пайтда ўзим ҳам кўп асал ер эдим, — дебди донишманд.

Онанинг таажжуби янада ошибди:

— Сиз кўп асал ейишингизни ўғлим тугул мен ҳам билмасдим-ку.

Донишманд-табиб жилмайибди:

— Тўғри, сиз билмасдингиз, аммо ҳамма нарсани кўриб, эшитиб, билиб турувчи Зот бор-ку, — деб кўрсаткич бармоғи билан тепага ишора қилибди. — Ундан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди… Шундай экан, ўзим кўп асал еганим ҳолда болага кўп асал ейиш зарар, деб қандай айтаман…

Хўш, биз-чи? Кўп асал ейишдан ўзимизни тия олаяпмизми?

Ҳар биримиз ўзимизга шу саволни берсак, фойдадан холи бўлмасди…

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикасида 
хизмат кўрсатган журналист