Тишингизни ҳоким даволасинми?

27

Сайёр қабул бўлиб ўтмоқда. Унда Тошкент вилояти ҳокими мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирокида аҳоли мурожаатларини тинглаяпти.
Ҳоким рўпарасида ўтирган, моддий томонлама қийналганидан ёзғираётган бир аёлдан сўради:

– Қанча пул берсам бўлади?
– 20 миллион…
– Йўқ, бунча пул беролмайман, 5 миллион сўм бераман.
– Ҳеч бўлмаса, 10 миллион сўм беринг.
– Қўйинг энди, савдолашмайлик, уят бўлади…
Навбатдаги аёл раҳбар рўпарасига ўтирди.
– Ширкатдан қарзим бор, бир марталик моддий ёрдам беринг…
– Икки миллион берсам, етадими?
– Кўпроқ беринг, сизни кўрсам, Хизрни кўргандай бўламан. Пулингизнинг баракаси бор…

Қизиқ, ҳозир ҳокимлар ўтказаётган сайёр қабулларда қатнашсангиз, мана шунақанги «савдолашиш»лар кўпайиб кетганига гувоҳ бўлишингиз аниқ. Ва бу жуда ғалати.
Тўғри, фуқаро бирор нарсага муҳтожки, моддий ёрдам сўрайди. Буни инкор этиб бўлмайди, албатта. Аммо улар орасида шу ишни кун кўриш воситасига айлантириб олганлари ҳам йўқ эмас, бундайлар худди расамаддаги одам доимий иш жойига қатнайдигандек, кунда-кунора ижро идоралари остонасидан қадамини узишмайди.

– Доимий равишда моддий ёрдам сўрашни ўзига касб қилиб олганлар ҳам бор, – дейди сайёр қабулларнинг бирида интервью берган Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев.

– Биринчидан, фуқаронинг кўзларига диққат билан қарасангиз, ҳақиқатан ҳам муҳтожми, йўқми дарров фаҳмлайсиз. Иккинчидан, биз уларнинг оғзига сиққанча сўраган пулини ҳеч қачон шундоқ бериб юбормаймиз. Ҳар бир қабулда ёнимда соҳалар масъуллари билан бирга маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳам ўтиради. Уларнинг асосий вазифаси – моддий ёрдам сўраган фуқаронинг яшаш шароитини, вазиятини холис ўрганиш ва бу бўйича якуний хулосани бизга тақдим этиш. Ўша хулосалар асосида фуқарога зарур бўлган пул маблағи берилади ёки ­бош­қа ёрдамлар кўрсатиш чораси кўрилади…

Шу онда бир фуқаро билан ўртамизда бўлган суҳбат ёдимга тушди. Ўша пайтда бир идорада ишлардим. Биз – мутахассислар «Саховат ва кўмак» жамғармасидан моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг ҳужжатларини расмийлаштириб, маҳаллий кенгашлар депутатларининг ўрганиш далолатномаларини тўплардик, сўнгра махсус доимий комиссияга тақдим этардик. Комиссия хулосаси асосида фуқароларга моддий ва бошқа ёрдамлар ажратилиши қарор қилингач, сессияда тасдиқланар эди.
Хуллас, ўша жамғармадан вилоят кенгашининг тегишли қарори асосида моддий ёрдам ажратилган бир аёл менга қўнғироқ қилди.

– Менга 5 миллион сўмгина пул чиқибди-а? Ахир 8 миллион сўрагандим…

– Ижтимоий аҳволингиз ўрганилган, опа. Шундан сўнггина сизга мана шу пул ажратилиши маъқул кўрилган, – дедим.

– Ие, бу қанақаси? – тутақиб, овозини баландлатди у. – Қўшнимизга чиқди-ку. У биздан яхшироқ яшайди. Мен эса эрим иккаламиз даволанишимиз учун сўраган эдим.

Даволанишимизга 8 миллион сўм кетади. Қолган 3 миллион сўмни ким беради энди?!
Бундан астойдил жаҳлим чиқди.

– Опа, сизга биров: «мана, шунчаки сенга ёрдам бўлсин. Қайтармайсан буни» деб чўнтагингизга 5 миллион сўм солиб қўйса, жаҳлингиз чиқармиди? – дедим.

Аёл пинагини бузмади.

– Мен рад этаман бу пулни. Чунки етмайди. Қаерга ёзсам бўлади аризани?
– Сўраган вақтингизда кимнинг номига ёзган бўлсангиз, ўша манзилга ёзасиз, – дедим мен ҳам кесатиқ оҳангида.

Ҳалиги аёл индамай гўшакни қўйиб қўйди.
Ўзини таништирганида исм-фамилияси ёдимда қолган эди, кейинчалик ундан маблағни рад этиш бўйича ҳеч қандай мурожаат келиб тушмади. Ким билсин, балки гапларимдан сўнг ўйланиб, бу қароридан қайтгандир.

Бир сафар эса Чирчиқ шаҳридан бир аёл қабулхонага келиб, шовқин кўтараётганини айтишди. Чиқдик. Унинг арз қилишича, уй-жойи йўқ, ўзи бир ногирон аёл бўлиб, ҳозирда моддий ёрдамга муҳтож экан. Бунинг устига ногирон фарзанди ва унинг болалари ҳам бор эмиш. Аёл бир гапни такрорларди: «Мени ҳоким билан учраштиринглар! У билан кўришмасдан кетмайман. Кўчада яшайманми ногирон болам билан?»…

Суриштирсак, бу аёл сайёр қабулларга энг серқатнов бўладиганлар сирасидан экан. Идораларга мана шундай қатнаб, шовқин қилишлари орқали шаҳар марказидаги бир хонали уйини тўлиқ таъмирлатиб олган экан. Энг ажабланарлиси, ўша уйни сотиб юбориб, ўрнига сал чеккароқ тумандан уч хонали уй олгани тўғрисида маълумот ҳам олдик. Уйини ижарага бериб, ўзи ҳам ижарага чиқиб олган, ногирон фарзандини рўкач қилиб, бу сафар бир уй ундириш экан истаги… Бу нимаси? Наҳот шу даражага бориб етса, инсон деганлари? Ўша опа ҳам ҳокимнинг навбатдаги қабулига, албатта, боришини айтиб, охири кетди.

Яна бир ҳолат. Бўка туманидан ўттиз ёшлардаги бир йигитдан мурожаат келиб тушди. «Мен ҳозир ишламайман. Аёлимнинг бир ўзи ишлайди. Тишимни даволатишим керак. Менга моддий ёрдам сифатида 23 миллион сўм беришингизни сўрайман» деб ёзилган эди мурожаатда. Ҳужжатларига пойтахтдаги машҳур хусусий клиниканинг шартнома қоғози илова қилинган.

Шартномада «тишни суғуриш – 350 минг, имплантант тишлар – 15 миллион, металл керамика қопламасига 8 миллион сўм» дея дона-дона қилиб ёзиб ҳам қўйишибди. Биргина тишларини даволатиш учун ён атрофидаги шифокорлик пунктларига бормай, катта бир ижро идорасига мурожаат қилишни нима деб аташ мумкин, очиғи ҳайрон қолдим. Ҳа, нима, кетса, давлат ҳисобидан кетади-да, нима фарқи бор, тўғрими?
Нималар бўляпти ўзи? Аксарият мурожаатчи фуқароларнинг идораларга қатнайверсам, шовқин кўтариб, қайсарлик қилиб ўша идора остонасига ётиб олсам, сўраганимни беради, қабилида иш тутиш қачонгача давом этади? Нима учун тўрт мучаси соғ бўлган, ҳали ишлашга лаёқати бор фуқаролар ҳар куни ижро идораларида қўним топган? Нима учун қанчалик енгилликлар бўлгани сари бу қадар ношукур бўлиш керак?

Аслида ҳақиқий ёрдамга муҳтож, ногирон, боқувчисини йўқотган, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг аксарияти ижро идораларига бош уриб боришга андиша қилади, ўзим гаплашиб, гувоҳи бўлганман бунга.

Мен қабулларга моддий кўмак сўраб борувчиларнинг ҳаммаси боқиманда демоқчи эмасман. Улар орасида турмуш қийинчиликларини енгишга куч ва чора тополмаётган, ҳақ-ҳуқуқи бузилган ва дарди эшитилмаётган юртдошларимиз ҳам талайгина.

Лекин тобора боқиманда бўлиб бораётган баъзи шахсларга қарата: «Нима, ҳоким исталган тилакни бажарадиган «Олтин балиқ»мидики, ҳар сафар пул сўраб ёнига борилаверадиган?» дегим келади-да…

Холида ЭГАМБЕРДИЕВА,
ishonch.uz