“Дастурхонда узуминг бўлмаса, меҳмон кузатдим дема” – навоийлик узумчилар ҳақида фотоҳикоя

435

Навоий вилояти Хатирчи туманида аксарият оилалар узумчилик орқали даромад кўришади. Аслида боғбонлик улар учун касб эмас, йиллар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган анъана. Бугун ishonch.uz шундай оилалардан бири ҳақида ҳикоя қилади.

Август. Асадовлар оиласининг келини 26 ёшли Хайринисо опа ва турмуш ўртоғи Элбек ака ишдан келиши билан далага кетишга чоғланишади. Узумлар ҳосилга кирган. Меҳнатнинг мевасини йиғиб оладиган палла. Бу ёш оилага токлар отамерос. Ҳар йили боққа меҳр билан эътабор қаратиб даромадидан асосан ўзларининг таълими олиши учун ишлатишади. Мана бу йил ҳам олий таълимни тамомлаган Элбек ака Тошкент давлат темир йўллари муҳандислиги университетининг магистратура босқичига қабул қилинди. Айни дамда Хатирчи тумани ирригация бўлимида фаолият олиб боради. Рафиқаси Хайринисо Шукурова – туман марказий шифохонаси ҳамшираси.

– Қишлоғимизда деярли ҳар бир хонадоннинг токи бор. Одамлар даромаддан фарзандларининг контрактини тўлайди, тўй қилади, элга ош беради. Биласизми, гап фақат даромадда эмас, бу қадрият даражасидаги масала аслида. Бизда шундай гап бор: “Агар дастурхонингда узуминг бўлмаса, меҳмон кутволдим дема”. Оддийгина шу нақлнинг ўзи ҳам қишлоғимиз одамларининг узумчиликка бўлган муносабатини билдиради, – дейди Элбек Асадов.

– Шу ўринда айтиш лозимки, бугун узумчиликда экспорт учун имкониятлар берилаётгани муаммонинг ечими эмас. Чунки жаҳон данаксиз, шакли кичик, қанд миқдори оз узумларни талаб қилмоқда. Бизнинг қора кишмишдан бўлак маҳаллий навларимиз эса бу талабга умуман жавоб бера олмайди. Боғбонлар соҳада селекция қиладиган, янги навлар олиб кириб етиштирадиган вақт етиб келди. Акс ҳолда бир неча йилдан кейин жаҳон бозорида ўрнимизни кескин йўқотишимиз мумкин.

Қишлоқ хўжалиги фанлари фалсафа доктори Бобошер Нортожиев эса бу масалага шундай қарайди: экспорт билан боғлиқ яна бир энг катта муаммолардан бири қадоқлаш билан боғлиқ. Жаҳон табиатга зарар бермайдиган, биологик парчаланувчи идишларни қадрлайди. Биз эса аксарият ҳолатда экспорт қилаётганда дарахтлардан тайёрланадиган тахта яшиклар ёки елим идишлардан фойдаланяпмиз. Вазиятни ўнглаш учун корхона маркетологлари ишлаши, жаҳон стандартларини ўрганиши ва амалда татбиқ қилиши шарт!

Статистикага кўра узум дунёда энг кўп истеъмол қилинадиган меваларнинг биттаси ҳисобланади. Уни етиштириш учун эса мамлакатимизда деярли барча имкониятлар мавжуд. Боз устига давлат раҳбари 2021 йил 24 ноябрда мева-сабзавотчилик ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш мавзусида ўтказган селекторда “ Ишни тўғри ташкил этиб, мева-сабзавотчиликда юқори натижа қилиш мумкин”, деган фикрни билдирган эди…

Эъзоза Умурзоқова
PressPhoto.Uz фотоагентлиги
билан ҳамкорликда тайёрланди