Айрим имтиёзлилар ОТМларнинг умумий квотасидан чиқарилди. Бироқ бу саволларни камайтирмаяпти…

50

Бугун, 22 сентябрь куни Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги Президентнинг тегишли топшириғи ва шу асосда қабул қилинган Ўзбекистондаги таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли баёни билан Президент, Ижод, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб битирувчилари Давлат олий таълим муассасаларига умумий қабул квотасидан ташқари қўшимча квоталар асосида талабаликка тавсия этилганини маълум қилди. 

Ўз навбатида, ушбу янги тартибнинг мавҳумлигини Абу Али ибн Сино ихтисослаштирилган мактаб маъмурияти бироз тушунтиргандек бўлди.

Яъни юқоридаги топшириқ ва Давлат комиссиясининг баёни сабаб мазкур мактаб битирувчиларининг барчаси “белгиланган Давлат олий таълим ташкилотларига умумий қабул квотасидан ташқари қўшимча квоталар асосида талабаликка қабул қилинган”. https://t.me/ibnsinomaktabuz/5462

Жорий йил августидаги тест синовларида қатнашиб, етарли баллни тўплай олмаган барча битирувчилардан эса “зудлик билан Давлат олий таълим ташкилотларига мурожаат қилиш” сўралмоқда.

Хўш, энди имтиёзлилар умумий квотага қўшиб ҳисобланганда ўқишга киролмаган имтиёзи йўқлар, тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия қилинганлар ёки шароити кўтармаса-да, яшаш ҳудудидан узоқ жойларга бориб ўқишга мажбур бўлган талаба (абитуриент)ларнинг тақдири нима бўлади? Қайта ҳисобланиб, ҳамма ўз ўринларига қайта тақсимланадими?

Қўшимча квота ажратилибди, тушунарли, аммо ўринлар сони нечта? Нима учун юқоридаги мактаб ҳаммани талабалик билан табриклаяпти? Олий таълим “резинка”ми? Нега энди имтиҳонларда етарли балл тўпламаган абитуриент айни шу мактабнинг битирувчиси бўлгани учунгина олий таълимга қабул қилиниши керак?..

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги юқоридаги масала юзасидан жўяли изоҳ бермагунча саволлар кўндаланг тураверади.