Қачонгача томошабин бўлиб яшаймиз?

161

Кармана туманининг Жалойир қишлоғидаги бу ҳовлидан бир кунда икки тобут кўтарилди. Хонадон эгаларига  қўшилиб, бутун қишлоқ аҳли йиғлади ва қаттиқ фарёд чекди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қотилликдан барча бирдек даҳшатга тушди. Аксариятининг бу мудҳиш воқеани бир-бирига айтишга, сабабларини сўрашга тили айланмади. Кексалар эса қишлоқда шу пайтгача бундай ваҳшийлик рўй бермаганини эслашди…

Бир ойча муқаддам икки нафар фарзанди билан тинч яшаётган оилада кўнгилсиз воқеа содир бўлади. «Хонадон бекаси маҳалла нозири билан дон олишиб юрар экан, эри ушлаб олганмиш», деган миш-миш тарқалади. Бу гап  рост бўлиб чиққач, нозир вазифасидан бўшатилади. Ор-номуси топталган эр эса хиёнаткор аёлини ва норасида болаларини қайнотасиникига элтиб қўяди. Кейин хотини билан ажрашиш мақсадида судга мурожаат қилади. ­Айтишларича, хотин судда унинг бошига туҳмат тошларини ёғдиради. Бунга чидай олмаган йигит қайнотасининг уйига бориб турмуш ўртоғини ва ота-онасини ваҳшийларча пичоқлайди. Бегуноҳ ота-она ўлади. Аёл тирик қолади.

Астағфируллаҳ! Бу қандай ваҳшийлик, қандай одамкушлик! Одам қўй эмаски, сўйиб ташланса, мол эмаски, бўғизланса? Наҳотки, куёв Аллоҳдан қўрқмаган бўлса? Ёки жоҳиллик ва жаҳолатнинг чегараси йўқми?..

Ўшанда қотил эрнинг кўнглидан нималар ўтган, гуноҳга ботган юзи қора хотини унга нималар дегани бизга номаълум. Лекин оила дарз кетган бўлса, улар қонунан ажрашиб, иккиси ҳам ўз кунини ўзи кўргани маъқул эди-ку!..

Биз бу фожиа ҳақида фикр билдирмоқчи эмасмиз. Уни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари холисона ўрганиб чиқиб, қонуний баҳо беришларига, жиноят жазосиз қолмаслигига ишонамиз. Айни чоғда, бу қилмишнинг маънавий жиҳатлари, ҳамқишлоқларнинг кўпчилиги унга шунчаки томошабин бўлиб, лоқайдлик билан қарашгани дилимизни ниҳоятда ранжитганини яширмаймиз.

Хўш, маҳалла аҳли қаёққа қаради? Қишлоқнинг кўпни кўрган оқсоқоллари нега сукут сақлашди? Қотил йигитнинг ота-онаси, қариндошлари, қўни-қўшнилари, дўстлари нега мудҳиш воқеадан бехабар қолишди? Биз қачондан  бошлаб қариндош, тоға-жиян, ака-ука, опа-сингил, қўни-қўшни, ҳамқишлоқлар  тақдирига юраги ачимайдиган кимсаларга айланиб қолдик?

Келинг, бу саволларга биргалашиб жавоб излайлик.

Аввало, ушбу оғир ва даҳшатли воқеани ёзишимнинг сабаби – мен ҳам Жалойирда туғилиб, вояга етганман. Шу боис қишлоғимда рўй берган оғир жиноятни эшитиб, жим туролмадим, юрагим куйди.

Иккинчидан, Жалойир қадимий қишлоқлардан бўлиб, номи қатор тарихий китоблар ва манбаларда ҳам қайд этилган. Ундан машҳур деҳқонлар, ишчилар, таниқли олимлар, ижодкорлар, зиёлилар етишиб чиққан. Шунингдек, эл меҳрини қозонган оқсоқоллар яшаб ўтишган. Улар турли лавозимларда ишлашган, ўзлари ҳам, оилалари ҳам бошқаларга ҳар томонлама намуна бўлган, ўзларига мурожаат қилганлардан маслаҳатлари ва ёрдамларини аяшмаган. Бирор оилада қўйди-чиқди ёки жанжал бўлса, ўша хонадонга бориб, муаммони жойида ҳал этишган.

Дарвоқе, азал-азалдан жалойирлик оқсоқолларнинг обрўси ва нуфузи баланд эди.  Қишлоқ аҳолиси жуда меҳмондўст, дастурхони очиқ,  бир-бирига меҳрибон ва самимий бўлиб, аҳил-иноқ яшаб келарди. Уларнинг одамгарчилигига ҳар қанча ҳавас қилса, арзир эди. Бугун-чи?.. Бугун ҳам қишлоқда яхши, бошқалар ҳавас қиладиган юзлаб оилалар бор. Уларни Жалойирнинг фахри ва ғурури, десак, арзийди. Лекин айрим кишилар негадир ўзаро бегоналашиб кетган. Қўшнисининг қадамини пойлайдиган, девори тешигидан мўралайдиган, жанжал товуши, бақир-чақир эшитилса, уйга кириб, қувонганидан чапак чаладиган ҳасадгўйлар ҳам пайдо бўлган.

Шу ўринда яна бир гап. Одатда маҳалла фуқаролар йиғини раислигига элга таниқли, бой ҳаётий тажрибага эга, оиласи ибратли кишилар сайланиши лозим. Бизда эса, охирги пайтларда бу лавозимга одамлар яхши танимайдиган, муқаддам ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаганлар номзодини кўрсатиш урф бўлаётир. Ҳолбуки, айни соҳаларда хизмат қилган одамнинг дийдаси қаттиқ бўлади. Шу боис оддий фуқаролар қалбига йўл топиши қийин кечади.

Ҳозир Жалойир қишлоғида 5 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Ҳар бирида хотин-қизлар, ёшлар фаолияти билан шуғулланадиган мутахассислар ва ҳоким ёрдамчилари ҳам фаолият юритади. Мен улар ишламаяпти деган фикрдан йироқман. Лекин одамлар орасига кириб боришда, оилавий муаммоларни изчил ҳал этишда, ёшлар билан фаол ишлашда сусткашлик қилишаётгани яққол сезилади.

Энди бевосита жалойирликларга мурожаат қилмоқчиман.

Азиз ҳамқишлоқлар! Биз бугун янги ўзгаришлар, ислоҳотлар ва бозор тизимига ўтиш жараёнида яшаяпмиз. Лекин жамиятимиздаги ўзгаришларни тўғри тушуниб етмаган айрим кишилар ота-боболаримиздан мерос миллий урф-одатларимизга, оилавий анъаналарга путур ­етказиш­аётир. Оқибатда одамлар орасидан меҳр-оқибат, хайр-саховат кўтарилиб бораётир. Ҳаммасиданам ёмони, биз ҳафсаласизлик ва бепарволик иллатига мубтало бўляпмиз. Акс ҳолда,  айтинг-чи, Жалойирдаги воқеадан қўни-қўшнилар ёки қариндош-уруғлардан кимдир хабардор бўлмаган ёки эшитмаганми? Эшитган-билган бўлса ҳам, лоқайдликка берилиб, «Менга нима?» деб қўл силтаб қўя қолганми?

Оилада ота-оналарнинг нуфузи, қадр-қиммати тушиб бораётгани ҳам ёшлар тарбиясидаги кечириб бўлмас ҳолдир. Айниқса, оталарнинг ­оиладаги обрўсига путур етаётганини қандай баҳолаш мумкин? Улуғ шоиримиз Алишер Навоийнинг «Бошни фидо айла ато қошиға, жисмни садқа қил ано бошиға», деган ўлмас ҳикматини жалойирлик ёшлар унутиб қўйишмаяптими?..

Бизлардан меҳр-оқибат қачон кўтарилди? Қачон лоқайдлик, бепарволик кўчасига кириб қолдик?.. Тўғри, ҳозир яшаш қийин, ишсизлик бор муаммо. Пул топиш эса мушкул. Эркакка ҳам, аёлга ҳам осон эмас. Бироқ оғир экан, деб турли йўлларда улоқиб юриш тўғримикан? Бундан-да қийин даврларда ота-боболаримиз сабр қилиб яшашган-ку! Ёки сабрни кўнгилхушликка, енгилтакликка, кайфу сафоларга сотиб, алмаштириб юбордикми? Ҳаё, уят деган юксак инсоний фазилатлар биздан аразлаб, зино кўчаларига кириб кетдими? Эр-хотин ўртасидаги никоҳ шармандалик бекатидан жой олдими? Худо берган шириндан-ширин фарзандлар гуноҳсиз етимларга айланаётганидан виждонингиз заррача қийналмайдими?

Айрим иймонсиз аёллар эри ва фарзандларини ташлаб, оилали бегона эркак билан қочиб кетишаётганига нима дейсиз? Хотинларни йўлдан ураётган пасткаш эркаклар ҳақида эса ҳиндистонлик машҳур олим Муҳаммад Жавҳар Заминдор шундай деган эди: «Дили бузуқ, ўзгаларнинг покдомон ва иффатли қиз-жувонларига кўз олайтирувчи нопок кишилар ҳақиқий разил ва ифлос кишилардир».

Сизларга нималар бўляпти ўзи, қадрли ҳамқишлоқлар? Нега айрим кишилар бунчалар маънавий қашшоқлик, ахлоқсизлик, уятсизликка берилиб кетмоқда? Баъзи хотин-қизлар гендер тенгликни бирёқлама тушуняптилар, шекилли, бўлар-бўлмасга жанжал чиқариб, қайнота-қайнонаси ва эрини ҳақоратлаб, оиласини барбод қилаяптилар.

Рейтингбозлик касалига йўлиққан телеканаллар эса арзонгаров, сийқа, мазмунсиз сериаллар намойишига ружу қўйиб, хотин-қизларимиз тарбиясига, турмуш тарзига ўта салбий таъсир кўрсатишмоқда. Масалан, оила  аъзолари  заррача қадрланмайдиган, эр ёки куёвга тарсаки тортиб юбориладиган турк сериалларини кўриб, айрим аёлларимиз ва келинларимиз уларга тақлид қилишмоқда. Устига-устак,  бизда ҳам шундай сериаллар пайдо бўлмоқда. Бир томонда бачкана дастурлар ва сериаллар намо­йи­ши билан ўз рейтингини кўтармоқчи бўлган телеканаллар раҳбарлари, иккинчи томонда уларнинг кўрсатувлари туфайли айрим эр-хотинларнинг жанжаллашиши оддий ҳолга айланиб, ажралишлар рейтинги ошиб бормоқда. Аёллар, айниқса, қизлар тарбиясига ўта салбий таъсир кўрсатаётган бундай сийқа ва савияси паст, реал ҳаётдан мутлақо йироқ, ўта бачкана ва пажмурда сериаллардан қачон қутуламиз? Уларни тартибга соладиган кучли идора ёки мард инсон топилармикин?!.

Энг ачинарлиси, биз китобдан узоқлашиб, телефон касалига йўлиқдик. У эса бизни оммавий саводсизлик ва чумчуқ ақлга ўргатди. Оқибатда биз ҳангоматалаб, арзон олди-қочдиларга мубтало бўлиб қолдик. Баъзи аёллар ва эркаклар оиласи, фарзандлари бўла туриб, бир-бирига «СМС» ёзадиган телеошиқларга айландилар. Бундан хабар топган эрнинг хотини, бошқа хотиннинг эри оилада жанжал кўтариб, ажрашиб кетмоқда. Ўртада болалар етимга айланиб қолмоқда. Уларнинг тақдиридан кўра енгил-елпи ҳаёт кечиришни афзал билган уятсиз ота-оналар эса ҳеч нарса бўлмагандай бемалол яшаб юрибдилар.

Бизнинг қишлоғимизда ҳам хунук ва бемаъни ишлар билан шуғулланганлар ҳақида гап очилса, «Уни нима бало урибди?» дейишади. Аслида бу қандай бало? Унинг давоси борми?  Ишқилиб, ўша тузалмас бало вирусга ўхшаб бошқаларга  юқмасин! Биз ҳам уни юқтирмаслик учун ҳушёр бўлайлик, бир-биримизни асраб-авайлайлик. Дардимизга малҳам топайлик. Буюк аллома Абу Ҳамид Ғаззолий ёзганидек, «Балонинг йўқлиги неъматдур, неъматнинг йўқлиги балодур».

Ҳурматли ҳамқишлоқлар!

Ватанимиз тараққиётнинг янги йўлидан дадил одимламоқда. Юртимиздаги ўзгаришларни ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Президентимиз таъкидлаганидек,

«Биз энди кечаги одамлар эмасмиз. Халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.

Тарихдан маълум: вақтни – имкониятга, имкониятни – ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир. Бугун меҳнаткаш, мард ва олижаноб, меҳр-оқибатли элимиз айни шундай халқ бўлиб майдонга чиқмоқда».

Биз бу ҳаётий даъватдан илҳом олиб, олдинги сафларда бўлишимиз шарт.

Мен фурсатдан фойдаланиб, Жалойир қишлоғидаги бешта маҳалла фуқаролар йиғини раисларига, мутахассисларига, туман маънавият ва маърифат бўлими, маданият бўлими мутасаддиларига, мактаблар раҳбарлари ва ўқитувчиларига, қишлоқ оқсоқоллари ва зиёлиларига, масжидлар домлаларига дўстона мурожаат қилиб сўрамоқчиманки, қишлоқдошларимизнинг ахлоқий тарбияси, маънавияти ва маърифати билан жиддий шуғулланайлик. Тушунтириш ишларини ҳар томонлама чуқур олиб борайлик. Оила, тарбия, ахлоқ, маърифат каби долзарб мавзуларда олимлар, ижодкорлар иштирокида суҳбатлар уюштирайлик. Бизнинг лоқайдлигимиз, катта-кичик нохуш воқеалар ва жиноятларни кўриб томошабин бўлиб туришимиз оқибатида одамлардан иймон-эътиқод, меҳр-оқибат кўтарилмасин, етимлар кўпаймасин.

Мақоламиз бошида тилга олинган фожиани яна бир эслайлик. Қотил куёвнинг қўлида жон берган бечора ота-она айбсиз эди. Бироқ бири олтмишнинг остонасида, бири эллик уч ёшида фожиали ўлим топди. Эрига хиёнат қилиб, ота-онаси юзини ерга қаратган, икки фарзанди билан уйидан қувилган қиз эса тирик қолди. Энди у бир умр азобда, қалбидаги тузалмас дард билан яшайди… Эҳтимол биз томошабин бўлиб турмаганимизда бу оила бошига бундай кулфатлар  тушмаган бўлармиди?

Муҳтарам ҳамқишлоқлар! Энди ғафлат уйқусидан уйғонайлик, эътиборсизлик, беғамлик ва карахтлик ёстиғидан бош кўтарайлик. Мабодо, қўшнилардан бирортасининг уйидан йиғи ёки дод-фарёд эшитилса, асло бепарво бўлмайлик. Ахир турфа томошаларни кўравериб тўймадикми? Томоша халтамиз тўлмадими? Биз қачонгача томошабин бўлиб яшаймиз? Қачонгача?..

Ашурали ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Республикасида 
хизмат кўрсатган журналист