Тошкент вилоятида ЮНЕСКО рўйхатига олинган 2 минг йиллик ёдгорлик йўқ қилиняпти

265

Сунъий йўлдош орқали ёдгорликни излаб, Ўзбекистонга келган 20 нафардан зиёд халқаро мутахассис ҳолатдан ҳайратда

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида эрамиздан аввалги IV-III асрга оид қадимий «Қанқа» археология объекти маҳаллий аҳоли томонидан эгаллаб олиниб, йўқ қилинмоқда.

Маълумот учун, мазкур объект ЮНЕСКО ташкилотининг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилиши режалаштирилган ёдгорликлар қаторидан ўрин олган. Шу давргача ҳудудда бир неча йиллардан буён археологик изланишлар олиб борилаётган эди.

Аммо айни пайтда мазкур ёдгорлик йўқ қилинмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон фанлар академиясининг Миллий археология маркази катта илмий ходими Суръат Кубаев Ishonch.uz сайтига маълум қилди.
Хусусан, Суръат Кубаев ёдгорликнинг аҳамияти ҳақида шундай деди:

– «Қанқа» ёдгорлиги Тошкент шаҳрининг энг қадимги пойтахт шаҳри бўлиб, юнон-рим, хитой манбаларида тилга олинган жойдир. Шу билан бирга, шаҳар дунёга машҳур «эллин маданияти» намуналари учраган энг чекка ҳудуд ҳисобланади.
Мазкур объектдаги изланишлардан мақсад – қадим шаҳарнинг тарихини янада кенгроқ ёритишдир. Ёдгорлик туризмни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шуни ҳисобга олган ҳолда, уни «Очиқ осмон остидаги музей»га айлантириш бўйича режалар тузилаётган эди.
Бироқ бугун ёдгорлик ҳудудига ҳар томондан жиддий зарар етказилмоқда. 2023 йилда қазув ишлари арафасида ёдгорлик кўздан кечирилганда унинг ҳудуди ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Бу ҳолат хорижлик мутахассисларни ҳайрон қолдирмоқда.
8 сентябрда Жанубий Африка Археологлар жамиятининг 20 нафардан ортиқ мутахассиси ёдгорликка ташриф буюрган эди. Улар мажмуага келишдан аввал сунъий йўлдош орқали уни кўрган, шу сабаб уни излаб келган экан. Аммо музей дея тахмин қилинаётган жойга маҳаллий фуқаро уй қуриб олган. Табиийки, бундан хорижлик мутахассислар ҳафа бўлишган.
Бу бўйича Маданий мерос агентлигига, Тошкент вилояти ва Оққўрғон туман ҳокимлигига мурожаат қилдим. Афсус, мутасаддилардан жўяли жавоб ололмадим, – дейди олим.

Қайд этилишича, «Қанқа»да олиб борилган изланишларда у ерда энг қадимги ибодатхона – «Апполон» ҳам бўлиши мумкин. Маълумотларга кўра, у Тошкент вилоятидаги энг қадимий масжид ҳисобланади.

Араб босқинчиларининг Ўрта Осиё шаҳарларини босиб олган вақтида энг аввал маҳаллий аҳолининг ибодатхоналарини бузиб, ўрнига масжидлар барпо этгани ҳақида маълумотлар бор. Бу ислом динини тарқатишда асосий воситалардан саналган.
Суръат Кубаев «Қанқа»нинг нечоғлик муҳим обида экани ҳақида гапириб, қуйидаги маълумотларни ҳам қўшимча қилди:

«Ёдгорликда 2021 йилдан бошлаб олиб борилаётган археологик изланишлар давомида бир қанча ютуқлар қўлга киритилган. Жумладан, изланишларда деворларининг қалинлиги 1-1,5 метр, узунлиги 14 метр, кенглиги 6,5 метр бўлган зал очилган.

Ушбу иншоот жуда маҳобатли бўлгани боис, «масжид» деб тахмин қилиняпти. Шу йилги тадқиқотларда эса илк ўрта аср қатламларидан деворий суръат парчалари очилди.

«Қанқа» ёдгорлигидаги археологик тадқиқотларнинг яна бир қисми Яксарт орти Антиохия шаҳрига боғлиқ. Эрамиздан аввалги 293 йилда ўзини Александр Македонский империясининг давомчиси ҳисоблаган Антиох I Сотер империянинг шимолий-шарқий ўлкаларини мустаҳкамлаш мақсадида катта қўшин юборади. Қўшинга стратег Диодем бошчилик қилган.

Сирдарёдан ўтган Диодем кўчманчи скиф-саклар билан келишув тузади ва янги шаҳар барпо этади. Шаҳарга «Антиох» номи берилади. Диодем шаҳарда «Апполон» ибодатхонасини барпо эттирган.

Афсуски, ибодатхонанинг айнан қаерда жойлашгани келтирилмаган. Бироқ Яксарт орти Антиохия шаҳри билан қиёсланувчи «Қанқа» ёдгорлиги аркидаги қазув ишлари давомида илк ўрта асрларга оид ибодатхона топилди. Ҳозирча ёнма-ён қурилган V-VI ва VII асрга оид ибодатхона қолдиқлари ўрганилди. Келажакда «Апполон ибодатхонаси» шу ердан топилса, ажаб эмас.
Қадимда деярли барча халқларда ибодатхона жойлашган жой муқаддас ҳисобланган. Ибодатхоналар кўриниши ўзгарган ҳолда бир жойда қайта-қайта бунёд эттирилган. Араблар босқинидан кейин ибодатхоналар ўрнида масжидлар барпо этилиши ҳам бежиз эмас.

2021-2022 йилларда қайта бошланган тадқиқотлар давомида очилган юқоридаги иншоот сўзимизнинг дастлабки исботи бўлиши мумкин.

ЮНЕСКОнинг сайтида «Қанқа» ёдгорлиги умумжаҳон мероси рўйхатига киритилиши режалаштирилган ёдгорликлар сафида қайд этилган. Уни асраб қолишимиз, масъуллар масалага зудлик билан эътибор қаратиши керак. Чунки эътиборсизлик оқибатида ёдгорликнинг катта қисми вайрон этилмоқда».

Айни вақтда ҳудуд атрофи чиқинди билан тўлиб-тошган. Чиқиндилар масаласи бўйича Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигидан, ерлар ноқонуний ўзлаштирилиши бўйича, Маданий мерос агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва тегишли давлат муассасаларидан ҳолатга муносабат кутиб қоламиз.

Мафтуна КАРИМОВА,
журналист