Масъулиятсиз масъуллар

677

«Ishonch» газетасининг 14 июлдаги сонида «Келаверади, кетаверади… Аммо ваъдалар қачон бажарилади?» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда Данғара туманидаги Хўжақишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган муаммолар — ичимлик суви, омонат симёғочлар, ички йўлларнинг абгорлиги ҳақида сўз юритилган эди.

Газетада чоп этилган мақола туман мутасаддиларини «уйғота» олмади, шекилли, хўжақишлоқлик­лар яна шу масалада таҳририятимизга такроран мурожаат қилишди.
Биз Хўжақишлоқда бўлиб, муаммоларни ўрганиб, аҳоли вакиллари билан суҳбатда бўлдик.
– Кўмак сўраб, бир неча бор туман ҳокимлигига мурожаат қилганмиз. Ҳатто 15 сентябрь куни ҳамқиш­лоқларим билан ҳоким қабулига кирдик, – дейди Рисолатхон Камолова. – Ҳокимга қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган муаммоларни айтдик. Туман ҳокими тегишли ташкилот вакилларига муаммони ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича топшириқ берди. «Электросет»даги масъулларга эса симёғоч ва электр симларини янгилаш бўйича алоҳида топшириқ бериб, муаммони ҳал қилишни ­айтди. Афсуски, ҳамон натижа йўқ…
– Бу ерга кўчиб чиққанимизга 35 йил бўлди, – дей­ди қишлоқнинг Бахт кўчасида яшовчи Сожидахон Маҳкамова. – Кўчадаги устунлар ва электр симлари ўша пайтда ўрнатилгани сабабли бугунги кун талабига жавоб бермайди. Янги кўчиб чиққан хонадонлар ҳолатидан келиб чиқиб, қўлбола ёғоч «столба»лар ўрнатиб, сим тортган. Ҳаттоки айрим «столба»лар салом бераётганга ўхшаб, энкайиб қолган. Кучли шамол бўлганда қўрқув ва ҳадик билан ўтирамиз «ишқилиб симлар узилиб, столбалар йиқилиб тушмасин-да», деб. Қишлоғимиз 2018 йилда дас­турга тушганда шу «столба»лар ҳам янгиланиб қолар дегандик, афсуски, ундай бўлмади.
– Ёз бўйи тоза ичимлик сувидан қийналдик. Қўшни қишлоқлардан сув ташиб ичдик, – дейди Дилором Муталиева. – Ҳозир кўчадаги «кочалка»дан сув ичамиз. Аммо унинг сифати яхши эмас. Нима қилайлик, ноиложликдан шу сувни ичяпмиз-да. Сув қувурлари эса аллақачон эскириб кетган. Бундан ташқари, совуқ кунлар яқинлашгани сари юрагимиз безиллайди. Ҳали қиш келмасдан электр токининг қуввати паст. Кир машина, мини печь кабиларни умуман ишлата олмаймиз.
Хўжақишлоқликларнинг куйинганича бор. Улар туман мутасаддиларининг «кўчаларингизни асфальт қилиб берамиз, сизлар аввал кўчага шағал ётқизинг­лар», деган гапига ишониб, баҳор ойларида ёнларидан пул сарфлаб, кўчаларига шағал тўктиришган. Бироқ ваъда қилинган асфальтдан ҳалигача дарак йўқ. Камига, Бахт кўчаси учун ажратилган 22 та «столба» ҳам бош­­қа қишлоқларга «равона» бўлибди.
Қишлоқ аҳли ана шундай муаммолар гирдобида. Ваҳоланки, бугунги кунда аҳоли муаммоларини ўрганишнинг янгича – «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш тизими амалиётга кенг жорий этилган. Ёки булар шунчаки қоғоздами? Ёки бундай тизим Данғара тумани масъуллари учун бегонами?

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»