«Қистир-қистир» кимники?

1267

Йилдан йилга тўйларни камхарж ва дабдабасиз ўтказишга ҳаракат қилиняпти. Аммо…
Илгарилари биз томонларда «наҳор ош» бўлмас эди. Бугунги кунда эса вилоятдагилар ҳам «наҳор ош» қилишяпти. Чиқим устига чиқим…

Тўйларда санъаткорлар ўзларининг фойдасига янгидан янги «янгилик»лар яратишяпти. Тўйнинг қоқ ўртасида хонанда ёки бошловчи (ўртакаш) даврага келин-куёвнинг оналарини таклиф қилиб, уларнинг номига ширин сўзлар айтишади, шеърлар ўқишади. Сўнгра онахонлар рақсга таклиф қилиниб, «Давраларда ўйнасин онам» ёки «Бу менинг онам» қўшиғи янграйди. Келин билан куёв оналарига гул беришади. Қариндош-уруғлар, тўйга келган меҳмонлар рақсга тушаётган онахонларга пул қистира бошлайди. Аммо пуллар…
Раққоса ёки тоғни урса талқон қилгудек йигит онахонларнинг қўлидаги пулларни уялмасдан олиб қўяверади. Яъни, қистир-қистирдан тушаётган пуллар онахонларнинг қўлларига тегиб-тегмайди. Даврада рақсга тушаётган бошқа инсонларнинг қўлларидаги пуллар ҳам бирпасда «учиб кетади».
Хўш, аслида «қистир-қистир» кимники?
Термиз шаҳрида яшайдиган Назокат исмли дугонам тўй қилди. У ўзига қистирилган пулларни жиянига узатиб турди. Тўйга келган санъаткорларнинг бирортаси қистир-қистирга кўз олайтиришмади.
Базм тугагач, дугонам уйига бориб, ўзига қистирилган пулларни санаса, 300 минг сўмдан ошиқ экан. Бу пуллар эртаси куниёқ тўйни видеога олган йигитга бериб келинди.
Аслида қистирилган пуллар ўша одамники эмасми? Нега хонандаларнинг югурдаги бу пулларга эгалик қилади?

Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист