Мулла Паноҳ Воқиф – Озарбайжон адабиётининг ёрқин вакили

802

Воқиф  (1717-1797) — озарбайжон шоири ва давлат арбоби бўлиб, араб ва форс тилларини яхши билган. У Қорабоққа 1759 йилда келиб  Шуша шаҳрида мактабдорлик, сўнгра Қорабоғ ҳукмдори Иброҳимхон саройида 27 йил вазирлик қилади. Мамадбек Жавоншир 1797 йилда ҳокимиятни эгаллагач Воқиф ва унинг ўғли Алибекни қатл этади.
Воқифнинг илк шеърлар тўплами 1856 йилда нашр этилган. М. Ф. Охундов Воқиф шеърларини тўплаган ва буларни 1867 йили немис олими Адольф Берже Лейпцигда нашр этган. Нисбатан тўлиқ ҳисобланган сайланмаси 1945 йилда тайёрланган.
Воқифнинг «Бинафша», «Мен ҳақиқатни қидирдим», «Куйлайдирман икки гўзални» сингари шеърлари халқ ўртасида жуда машҳур бўлган.
Воқиф озарбайжон ёзма адабиётига ошиқ (бахши)ларнинг «қўшма» жанрини олиб кирди, ғазал ва мухаммасларнинг гўзал намуналарини яратди, бадиий ижодни халқ оммасига яқинлаштирди. Унинг ижоди чуқур лириклик, фалсафий мушоҳада, юртпарварлик ғоялари билан йўғрилган.
Воқиф асарлари оқин ва хонандалар репертуаридан кенг ўрин олган. «Танланган шеърлар»и 1969 йили ўзбек тилида нашр этилган. Самад Вурғун Воқиф ҳаётининг сўнгги даврини акс эттирувчи «Воқиф» драмасини ёзган.

* * *

Ҳар етук гўзални гўзал демасман,
Гўзалда бир ғайри аломат бўлар.
Сочлари бир ёнда, бели бир ёнда,
Ўзи билмас, ўзида бир одат бўлар.

Рақсга тушса парвоз этар нимтана,
Сочи қалқиб, учи учар ҳар ёна,
Пешанабоғ манглай қисиб ҳайрона,
Серкиллаган тўши қиёмат бўлар.

Мужгон ўқин отар, лаби дур тўкар,
Юрагим чокини бирма-бир сўкар.
Сўзи тузли бўлар, дудоғи шакар,
Ҳар суҳбати ажиб ҳикоят бўлар.

Бўйни узра садаф маржон тизилар,
Қиё боқса жон танимдан узилар,
Сурма тортган қора кўзлар сузилар,
Ўтириб турмоғи қиёмат бўлар.

Асли гўзал шундай хиромон кезар,
Ниқоб тутиб, зулфи паришон кезар,
Саҳар сайрга чиқса, гулистон кезар,
Севгисида ўтли ҳарорат бўлар.

Воқиф қурбон бўлсин қўша тоғига,
Тақимга чирмашган соч сўроғига,
Қошлари ўхшайди ой ўроғига,
Томоша айлаган бетоқат бўлар.

* * *

У гўзал жононлар ҳайдар кокили
Яна менда дину имон қўймади.
Мастона кўзлари, хумор боқиши
Ақлимни олди-ю, омон қўймади.

Мубтало бўлмасам ёноқда холга,
Албатта етардим ақлу камолга,
Қаддимни букмасди ўхшатиб долга,
Найлайин, бир қоши камон қўймади.

Йўлим тушди, эвоҳ, бир ағёр билан,
Кеча-кундуз ёндим оҳу зор билан,
Кунларим ўтарди севган ёр билан,
Тушди орамизга ёмон, қўймади.

Воқиф унга бошдан ёримсан, деди,
Ёримсан деди-ю, охир панд еди,
Бугун жонон бизга келмоқчи эди,
Уни яна рақиб, гумон қўймади.

* * *

Кўзларинг жаллоддир, боқишинг ханжар,
Қонли ғамзанг каби бўлмас бало, қиз!
Нозли-нозли сўзлар қотиб кулганда,
Ўхшарсан шакарга, қандга, ҳалво қиз!

Лабларинг ғунчадан, гулдан аълодир,
Сайр айла боғчада, гулдан аълодир.
Оқ танинг кечада гулдан аълодир,
Эй, қомати шамшод каби расо қиз!

Умрингга кўп дуо-сано деганман,
Ғурбату дардимни сана деганман,
Ширин жоним қурбон санга деганман
Бошлаганда эл аро можаро, қиз!

Қоматинг, бўйнингу бўйинг гўзалдир,
Мушкину райҳонинг, бўйинг гўзалдир,
Шайдойинг дейдики, куйинг гўзалдир,
Бу дунёда бўлмас бундай шаҳло қиз!

Воқифман, яқин кел, айилма мендан,
Ақлимни, ҳушимни айирма мендан,
Йиғлаяпман, эмиз мени сийнангдан,
Мени сийнанг бешигига бела, қиз!

 

Шуҳрат таржимаси

 

 Ziyouz.uz сайтидан олинди