“АГАР ТИЛИМ ЭРТАГА ЙЎҚ БЎЛСА, МЕН БУГУН ЎЛАМАН”

38

Ўринли таъна

Аслида она тилига бундан ортиқ таърифу тасниф беришга эҳтиёж ҳам йўқ.

Ижтимоий тармоқларда тил масаласи яна кун мавзусига айланди.

21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган ва тил байрами деб эълон қилинган кун. Шу кун келса, ижтимоий тармоқларда тил масаласи яна кун мавзусига айланади. Бу борада ҳар ким ўз фикрини айтяпти. Кимдир тилимизни юксалтириш, равнақ топтириш учун энг аввало, тил тўғрисидаги қонунни қатъийлаштириш керак деса, яна бошқаси  сих ҳам кабоб ҳам куймайдиган фикрга мойил… хуллас, баҳс-мунозара авжида. Бу яхши албатта, аммо…

Ҳолва деган билан оғиз чучимайди… фақат байрам арафасида эслаб, бир-иккита шоирнинг шеърини мадҳ этиб, номигагина тадбир ўтказиш билан улуғланиб қолмайди, ахир. Аввало, тилни ўзимиз ҳурмат қилишимиз ва уни ўзимиздан ҳимоя қилишимиз жоиз. Нега дейсизми?

Ишонмасангиз, истаган хизмат кўрсатиш шохобчасига кирингга, нималарга кўзингиз тушмайди… Қаерга қарасангиз ажнабий сўзлар! Энг шармандалиси нима биласизми? Кўр-кўрона кимгадир тақлид қилиб, ҳамма ҳам тушунавермайдиган сўзларнинг осиб қўйилганига на кулишингни биласан, на йиғлашингни…

Биргина мисол: Пойтахтнинг марказий кўчаларидан бири – Навоий кўчасини олайлик. Ўзбек тилининг қадр топиши ва шу кунгача етиб келишига жуда катта ҳисса қўшган, улуғ шоир номи билан аталадиган кўчадаги пешлавҳалардан ўзбек тилидаги сўзларни топа олишингиз амри маҳол. Худди Европанинг қайсидир шаҳрида юргандек сезасиз ўзингизни…

Ўрни келганда бир танишим айтиб берган воқеани келтирсам.

“Ишга келаётсам, икки нафар аёл қўл кўтарди. Тўхтадим. Рус миллатига мансуб экан. Ўз тилида борар манзилини тушунтирди. Йўлим шу томонга, келишдик.

Йўл-йўлакай ўзаро суҳбатлашиб келдик. Улар ўз тилида мурожаат қилади, камина ўз она тилида. Ўзбек тилини бинойидек тушуняпти. Хуллас, биттасининг ортиқ бардоши етмади шекилли, менга қарата тош отиб қолди:

– Сеники рус тиилиини биилади?

– Ҳа, билади, – деб жавоб қайтардим.

– Нега бўлмаса, сеникиии русча гапирмайдии, ахиир бииз аёл кишимииз, сеникки биизга ҳурмат курсатииш керак, – деди.

– Кечирасизу, мен ўз юртимда, ўз она тилимда гапиряпман. Бошқа тилда гапиришга мажбур эмасман. Қолаверса, биз ресторан ёки бирон бир маиший жойда эмасмиз, мени машинамда кетяпмиз, шу боис мулозамат кўрсатишга асло ҳожат йўқ, – дея қатъий жавоб бердим.

Шундан сўнг то манзилга етгунча ўртада гап-сўз бўлмади.

Манзилга етиб, машинадан тушаркан, мен билан тортишган аёл шундай деди:

– Агар ҳамма узбеклар сенга ухшаб кайсар бўлганда эди, бииз аллакачон сенинг тилингда бемалол сузлашган булардик…”

Бу билан ўша танишимни мақташ фикридан йироқман. Шунчаки мулоҳаза юритишга даъват сифатида айтдим-қўйдим.

Менга қолса, йўловчи аёлларнинг таънасига қўшилмасликнинг сира иложи йўқ. Чунки ўзимиз ўз тилимизга беписандмиз. Қаерга қарасак, “рус тилини ўргатамиз”, “инглиз тилини ўргатамиз”, деган эълонларга кўзимиз тушади-ю, аммо-лекин “ўзбек тилини ўргатамиз”, деган эълонни кундузи чироқ ёқиб тополмаймиз. Ёки адашдимми…

Шундай экан, айбни бошқалардан эмас, ўзимиздан ахтаришимиз, ўзбек тилини энг аввало ўзимиздан ҳимоя қилишимиз жоиз.

Зиёда АКБАРҚУЛОВА,

Республика маънавият ва маърифат маркази

етакчи мутахассиси