Зулмат кўчасидагилар

959

 Жиноят содир этган, озодликдан маҳрум этилган аёллар ҳақида гапирганимизда, беихтиёр кўз олдимизга важоҳатли, ҳеч нарсадан қайтмайдиган, бераҳм инсонлар гавдаланади. Чунки улар ҳақида биз, қотилликка қўл урган, ўғри, фирибгар..хуллас, бир сўз билан айтганда, мунтазам  “ёмон аёл” тушунчасига эга бўлиб келганмиз. Аслида ҳам шундайми?

Қўлимга қалам олиб, мавзунинг моҳиятини тадқиқ этмоқ ниятида юрганимда, маҳалламиздагилардан бири Зангиота туманидаги тикувчилик цехларининг бирида шундай аёл ишлашишини айтиб қолди. Унинг айтишича, бу аёл жуда жаҳлдор, одамови, энг ёмони, ўз турмуш ўртоғининг қотили бўлган.

Жамиятнинг турли-туман касб эгалари билан суҳбатлашиш иш фаолиятимнинг бир қисмига айланиб улгурган бўлса-да, бу масалада, очиғи, бироз ҳадиксирадим. Аммо, у аёл билан учрашиш, аслида нима сабабдан озодликдан маҳрум қилинганлигини билиш истаги мени тинч қўймади.

Опани бир амаллаб топишга муваффақ бўлдим. Учрашувимиз мўлжаллаганимдек тикувчилик цехида эмас, унинг мўъжазгина бошпанасида ташкил этган миттигина тикув машинаси ишлаб турган уйида бўлди. Унинг илтимосига кўра, манзили ва исмини тўлиқ ошкор этмасликка қарор қилдик. Хонадонга кирар эканман, эътиборимни торган жиҳат, кичиккина ҳовлида очилиб турган кузги гуллару ва бу гул-чечакларни кишининг баҳри дилини очувчи ифорлари, атрофнинг озодалиги-ю, ўзига хос файзида эди.

Мунаввар опа билан кўришар эканман, унинг нигоҳларида, сўзларида жиноятчиларга хос бўлган бирор бир белгини кўрмадим. Опа чуқур “уҳ” тортгач, сўз бошлади:

  • Ҳеч бир аёл бу кўчага кириб қолишни истамаса керак. Бир оиланинг бахтли аёли бўлишни, фарзандларимни, оиламни бутун бўлишини хоҳлардим. Шу ниятда турмушга чиқдим. Қизим, кейинчалик ўғлим туғилди. Турмуш ўртоғим ички ишлар ходими эди. Нопок йўлларга юра бошлади. Сўнгра ароққа муккасидан кетди. Ичкиликка берилиб кетганидан ишдан ҳайдалди. Деярли ҳар куни ичиб келар, оилада тинчлик йўқ эди. Сўнгги пайтларда у фарзандларимни ўлдириш билан таҳдид қила бошлади. Кунларнинг бирида маст ҳолда келгач, жанжал кўтарди ва 4 ёшли қизимни бир оёғидан кўтариб, 8-қаватдан пастга ташламоқчи бўлди. Қизим қаттиқ қўрққанидан ҳушини йўқотди. Эримни оёқларига ёлвориб, бундай қилмасликни илтимос қилдим. Аммо, қизимнинг ўзига келиши қийин бўлди..у..қаттиқ қўрқув натижасида оғир дардга чалинди. Қон томирлари ўз-ўзидан шишиб, ёрилиб кетарди. Шифохоналарда даволандик. Орадан кўп ўтмай қизчам оламдан ўтди. Турмуш ўртоғимнинг шунда ҳам ақли кирмади. Кейинги гал ўғлим унинг қурбони бўлди. Мен зарурат билан дўконга чиқиб кетган эдим. Ақлини танимас даражада маст бўлгач, 2 ёшли ўйнаб ўтирган ўғлимни ёнига чақирган. Ўғлим бормагач, газ плитада қайнаб турган чойнакни боланинг бошига улоқтирган. Болам жойида жон таслим қилганди..(Аёл қолганини гапира олмай, узоқ йиғлади).

Уйга келдим, ўғлим ўйнаб турган ўйинчоқларини устида тескари бўлиб ётарди. Аввалига ухлаб қолган деб ўйладим. Аммо, ёнида ағдарилиб ётган чойнакни кўргач…руҳий ҳолатимни ёмонлитгидан қолгани нима бўлгани ёдимда йўқ. Ошхонага кириб, ошпичоқни олдим ва турмуш ўртоғимнинг дуч келган жойига санча бошладим. 12 йил беришди. Қамоқхонадан озодликка чиқиш у ёқда турсин, яшашни истамадим.Чунки, мақсад йўқ эди. Жон томирларим узилганди…лекин яхши ҳулқ-атворим учун олдинроқ амнистия беришди. Атрофимдаги яхши инсонларнинг кўмаги сабаб, тикувчилик цехига ишга кирдим. Ҳаётда инсон зотининг тоқати етмас синовлар кўп. Нима бўлгандаям инсон яхшиликлар билан яшаш керак.”

Инсоннинг ботинидаги дард юзага чиқмайди. Зоҳиран назар ташласангиз, атрофдаги одамлар барча бирдек, рисоладагидек. Аммо одамларнинг кўзлари..ана шу, ичкаридаги дардини ошкор этади. Мунаввар опанинг юзлари кулади, кўзлари эмас. Ўзи таъкидлаганидек, “жон томирлари узилган, бир пайтлар яшашдан умидини узган бўлса-да, бугун унинг дилида ҳар кунги чиқаётган қуёшни, тонги кўраётгани учун шукроналик ҳислари бор. Яхшиликлар билан яшаш, эзгуликлар улашиш унинг кўнглининг мадҳига айланиб улгурган. У ўзи тайёрлаган либосларидан топган даромадидан орттирганларини “Меҳрибонлик уйлари”га улашади. Қамоқхонадаги ўтказган кунлари ҳақида сўрашга ботина олмадим. Чунки, тўрт девор орасида 8 йил у ёқда турсин, бир дақиқанинг ҳам ўтиши оғир бўлса керак, албатта. Мунаввар опа билан хайрлашар эканман, қисмат битиги, синовлари баъзи тақдирларни не куйларга солишига амин бўлдим. Аслида, биз, барчаси инсоннинг ўзи билан боғлиқ деймиз, ўз тақдирига ҳар ким ўзи сабабчи деймиз. Аммо, ҳаёт деб аталмиш улкан синовот олдида одамзод шунчаки ожиз, холос.

Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили аёллар томонидан жуда кўп жиноятлар, жумладан ўғрилик, безорилик, одам ўлдириш, ўз фарзандини қотилига айланиш, фирибгарлик, қўшмачилик, фохишабозлик каби жиноятлар содир этилади.

Жиноят содир этилиши аёлларнинг ҳаётдаги ижтимоий ролининг ўзгариши, оиладаги муҳитнинг бузилиши ва  руҳан ҳаётга ишончсизлигидадир. Бунга мисол сифатида биз ижтимоий тармоқлар орқали деярли кўп кузатадиган “Икки боласи билан ўзини дарёга чўктирган аёл”, “5 ёшли қизалоғини ўлдириб, мурдасини ёққан она”, “эрини қотилига айланган хотин”, аёллар самосуди каби хабарларни айтишимиз мумкин. Бу хабарлар минг афсуски, ўзимизда, бизнинг мамлакатда, одамларимиз орасида содир бўлаяпти.  

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг муҳим топшириқлар бўйича инспектори Назокат  Таджиеванинг айтишича, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этаётган хотин-қизларни жазолаш билан кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Авваламбор, бу иллатларнинг зарарли моҳиятини улар англаб етишлари лозим. Аёлларга моддий, ижтимоий масалаларда, уларнинг ҳуқуқий онгини оширишда атрофидагиларнинг ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишлари орқали жиноят содир этишига йўл қўймаслик, ҳар жиҳатдан соғлом турмуш тарзида хаёт кечиришларини йўлга қўйилиши муҳимдир.

Жиноят кутилмаганда содир бўлади. Аммо уни олдини олиш мумкин. Бунга олиб келадиган сабаб ва омилларни тугатиш лозим. Айниқса, қизлар ва болалар тарбиясига алоҳида аҳамият қаратиш, мулойимлик, нафосат, иффат, яқинларига нисбатан меҳр-мурувват ва улар ҳақида қайғуриш, ватанпарварлик, оилавий қадриятлар, миллий тарбия каби фазилатларни фарзандларимиз онгу шуурига  сингдириб тарбиялаб боришдан амалий ишларимизни бошлашимиз  керак.

Баъзан, инсон руҳиятида оғир психологик ҳолатлар, зарбалар бўлиши кузатилади. Аммо, нима бўлганида ҳам кучли ирода, вазминликни сақлай билиш ва ақлан иш тутиш инсонни оғир фалокатлардан сақлаб қолади.  Жиноятчиликнинг қоронғу кўчаларига билиб-билмай кириб қолган аёллар ҳам кимнингдир фарзанди, қизи, синглиси, опаси ёки онаси…улар.. жамиятда яшаяпти. Бизнинг жамиятда.. биз билан бирга..

Чўкаётган одамни жим туриб четдан кузатиш эмас, унга ёрдам қўлларини узатмоқ жоиз. Шу..чин инсонийлик белгиси, чамамда.

Шаҳло НУР,

“ISHONCH”