Тарбияни занжирга қиёсласак, бошланғич таълим асосий бўғинни эгаллайди. Бошланғич таълим гўёки уйнинг пойдеворидир. Пойдевор мукаммал бўлмаса, бинога ҳар қанча безак берманг, фойдаси йўқ, у мустаҳкам бўлолмайди.
Ҳар гал дарсга тайёргарлик кўрар эканман, хаёлимга шу каби фикрлар келади. Бу мени ўз устимда кўпроқ ишлашга ундаб, ажратилган дақиқанинг бирон сониясини исроф қилмасдан, ўқувчиларга муносиб билим беришга ҳаракат қиламан.
Боланинг дунёга, атрофга, яқинларига муносабатини шакллантириш бошланғич синф ўқитувчисидан жуда катта масъулият талаб этади. Биз белгиланган дарс билангина кифояланиб қолмай, ҳар бир болага меҳр беришимиз зарур. Жадвалдаги фанлар ёки тўгарак машғулотларини ўтиб, «бўлди, мен ўз бурчимни бажардим» дейишимиз тўғри эмас.
Фарзанди биринчи синфга чиқадиган ота-оналар яхши ўқитувчи излаб қолади. Қайси мактабда яхши бошланғич синф ўқитувчиси бор деб эшитса, уйига яқин ё узоқлигидан қатъи назар, шу мактабга олиб боришга ҳаракат қилади. Яхши ўқитувчини деб бир йил олдин ё кейин мактабга бериш ҳолатлари ҳам учрайди. Мана шу ҳаракатларнинг ўзиёқ бошланғич таълимнинг аҳамиятини англашимиз учун кифоя.
Бу ҳолатлар биз, бошланғич синф ўқитувчиларини жиддий ўйлантириши керак. Ота-оналар мени яхши муаллим деб ҳисоблайдими, кейинги фарзандларини ҳам мен ўқитишимни хоҳлайдими каби саволларни ўзимизга албатта бериб кўришимиз лозим.
Донишмандлардан бири «Яхши устоз бошқаларга ҳатто ўзининг қўлидан келмайдиган нарсаларни ҳам ўргатиши мумкин», деган экан. Болаларга замонамизнинг яхши тарафлари ва яхши хислатларини сингдиришимиз, ёмон тарафларидан ҳимоя қилишимиз муҳим деб ўйлайман. Уларнинг бефарқ, лоқайд кимсаларга айланишига асло йўл қўйиб бўлмайди.
Демак, бошланғич синф ўқитувчиси болаларга билим берибгина қолмасдан, уларнинг дунёқарашини шакллантиришга ҳам алоҳида ёндашиши лозим. Бунинг учун ҳар биримиздан фидойилик талаб қилинади. Белгиланган дарсни талаб даражасида ўтиш билан бир қаторда ёш авлод тарбиясига ҳар лаҳза масъулият билан ёндашсак, нур устига нур бўлади.
Зебинисо ҚАЛАНДАРОВА,
Урганч шаҳридаги 93-сонли
мактаб-интернат ўқитувчиси
