Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ихтисослаштирилган даволаш профилактика муассасаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан 2003 йилда бунёд этилган. У 2016 йилда капитал таъмирланиб, яна 36 ўринли янги ётоқ бўлими қурилди ва хоналари замонавий мебеллар билан жиҳозланди.
Марказда лаборатория ва диагностика, ультратовуш, рангли рақамли рентген хонаси, маммография, неврология, отоларинголог, офтальмолог, стоматология, гинекология, аллергология хоналари мавжуд.
– Сўнгги беш йил давомида 82 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатдик, – дейди Даволаш-профилактика маркази бош шифокори Ирода Набиева. – Хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида шу давр оралиғида диагностика ва лаборатория бўлимлари дунёнинг энг етук давлатларида ишлаб чиқарилган тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Айни пайтда марказда 21 нафар олий тоифали, 4 нафар биринчи тоифали шифокор, 31 нафар олий тоифали ўрта тиббиёт ходими ва 6 нафар биринчи тоифали ўрта тиббиёт ходими ишламоқда.
Даволаш-профилактика марказида физиотерапия кенг қўлланилади. Фитобарда тоғ гиёҳларидан турли дамламалар тайёрланади.
Айниқса, бош мия касалликларига тўғри ташхис қўйишда ЭЭГ (электроэнцефалография) аппаратидан фойдаланилаётгани даволаш самарадорлигини кескин ошираётир. Марказда бел-умуртқа диски чуррасини компьютерли чўзиб даволаш усули кенг қўлланилмоқда.
Даволаш-профилактика марказининг янги биносида 54 та люкс ўринли хона, 140 ўринга мўлжалланган шинам ва кўркам ошхона мавжуд. Физиотерапия бўлими эса энг сўнгги русумдаги турли-туман тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»
