Официантни ким ҳимоя қилади?

981

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир сўз муҳокама марказида бўлди: официант… Мавзу ушбу сўзнинг ўзбекча муқобили ҳақида кетарди. Кимдир «хизматчи» деди, кимдир «югурдак», яна кимдир шундай қолиши керак, деган фикрни илгари сурди.
Аслида бу сўз немисча «offiziant»дан олинган. Ошхонада хизмат кўрсатувчи ходим маъносини билдиради. Аммо мени ўйлантиргани бу сўзнинг маъноси эмас, балки шу касб эгаларининг қадри эди.

Ҳаётий ҳақиқат шуки, бугун официантларнинг кўпчилиги қўнимсиз касб эгаларига айланган. Ошхона, қаҳвахоналарнинг аксариятида мижозларга асосан махсус маълумоти ва мутахассислиги бўлмаган ходимлар хизмат кўрсатади. Улар асосан тирикчилик важидан ишлаётган ёлланма ишчилардир. Мутахассислиги борлар эса нуфузли қаҳвахона ва ресторанларда ишлайди.
Яна бир жиҳати шундаки, кўпчиликда бу касб эгаларига салбий муносабат шаклланган. Бунинг асосий сабаби официант бўлиб ишлаётган аёлларнинг ярим тунгача қаҳвахона ҳамда барларда қолиб кетиши-ю, хўрандаларга қиладиган муомаласида, деган тушунча бор.
Аксарият официантлар ойлик маош эмас, балки кунлик топиш-тутиши ҳисобига, аниқроғи, норасмий даромад олиб ишлайди.
Энди савол туғилади. Нега шундай? Мақсад ортиқча «бошоғриқлар» – солиқ, ишчилар ҳуқуқи, меҳнат дафтарчаси кабилардан қочишми? Наҳотки, бу иш берувчи ва ишчи-ходимларга бирдек маъқул бўлса?
Биз шу каби саволларга аниқлик киритиш мақсадида пойтахтдаги бир қатор овқатланиш шохобчаларида бўлдик.
Олмазор туманининг Талабалар шаҳарчасидаги овқатланиш шохобчаси масъул мутасаддиси Эркин Абдуғаффоров 7 нафар ёлланма ишчига хизмат ҳақи тўлаб боради. Унинг фикрича, энг арзон ишчи – талаба. Чунки у «чўнтакка урмайди», расмийлаштириладиган ҳужжатлар, меҳнат дафтарчаси талаб қилмайди. Кунбай ёки соатбай хизмат ҳақи олади, холос.
«Қўйлиқ» деҳқон бозори ҳудудидаги овқатланиш шохобчасида ишлаётган Насиба Рўзимованинг фикрича эса, маошни қонуний олса, кам чиқади. Кунлик даромад яхши. У ишга киришдан олдин шу тарафларини ўйлаб, оила тебратишга аҳд қилган.
Умуман олганда, кўплаб овқатланиш шохобчаларида ­фаолият юритаётган ходимларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатлари, қонуний маош масаласидаги ҳуқуқий саводи етарли эмас. Хабардор бўлганлари ҳам кунлик даромад кўпроқ бўлар, деган умидда ўз ҳуқуқларини чеклаб қўймоқда.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, умумий овқатланиш шохобчаларидаги ёлланма ишчиларнинг норасмий ишга жойлашиши, яъни ишчи билан корхона раҳбари ўртасида шартнома тузмасдан оғзаки келишув тузилиши натижасида ишчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, меҳнат шартлари белгиланмайди. Шу сабаб агар иш берувчи ишчига келишилган иш ҳақини ўз вақтида ёки келишилган миқдорда тўламаса, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи давлат меҳнат инспекторлари ёки суд органлари ҳуқуқий асос мавжуд бўлмагани боис ижобий натижага умуман эриша олмайди. Шунинг­дек, ишчилар меҳнат қонунчилигида белгиланган имтиёз ва кафолатлардан фойдалана олишмайди. Ёлланма ишчиларнинг норасмий равишда ишлаши оқибатида уларга иш стажлари ҳисобланмайди. Бу эса уларнинг пенсия олиш ҳуқуқини чеклайди.
Шундай экан, нега айрим умумий овқатланиш ташкилотлари мутасаддилари бу жиҳатларга етарлича эътибор бермаяпти?
Бу масалада мутасадди идораларга мурожаат қилдик.
– Жорий йилнинг 8 ойи давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги 19 034 та ташкилотда қонун бузилиш ҳолатлари бартараф этилишига эришди, – дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи – бош давлат меҳнат ­инспектори Қудратулло Одинаев. – Ёлланма ишчилар меҳнатидан норасмий фойдаланган ҳолатлар таҳлил қилинганда, аксарият тадбиркорлар солиқ тўловидан қочиш мақсадида ушбу қонун бузилишига йўл қўйгани маълум бўлди. Шу сабаб вазирлик норасмий меҳнатга барҳам бериш бўйича солиқ идоралари билан ҳамкорликда доимий равишда мониторинг­ларни амалга ошириб келмоқда. Натижада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 49 788 та норасмий меҳнат ҳолати аниқланиб, легаллаштириш чоралари кўрилди.
Аслини олганда, норасмий меҳнатнинг олдини олиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорларга бир қанча имтиёзлар берилган. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги қарорига кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан жамоат ишларига жалб қилинган ишсиз ва банд бўлмаган шахс­ларнинг иш ҳақи 50 фоиз миқдорида Банд­лик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан тўланади.
Бу борада мутахассис сифатида таклифим шуки, тадбиркорларга янада кўпроқ имтиёзлар бериш ҳамда норасмий меҳнатга йўл қўймаган, янги иш ўрни яратган ишбилармонларни рағбатлантириш лозим.
Шунингдек, соҳа мутахассислари билан суҳбатлар давомида билдикки, соҳада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда махсус рейдлар ташкил қилиниши ҳам зарурга ўхшайди. Бу билан нафақат ноқонуний ҳолатларга чек қўйилишига, балки аҳоли ва касб эгаларининг ҳуқуқий саводи ошишига ҳам замин яратилади.
Мақолада сўз юртилаётган мавзу юзасидан мушоҳада қилиб юрган вақтимда бир фикр мени узоқ ўйлантириб қўйди. Гап­дан гап чиқиб, Миробод туманидаги Корея миллий маданияти марказида фаолият юритаётган Жанубий Корея фуқароси Ким Со Жунг шундай деб қолди:
– Сеул шаҳрида таълим олганман. Талабалик давримда ўқишдан кейин ­ресторанларда ишлаганман. Бизда кунлик даромад деган келишув ёки шартнома бўлмаган. Мен белгиланган маош ва иш жойимнинг маълум қонуний-ҳуқуқий шартномаларига имзо чекиб, ишга жойлашганман. Нега инсон фақат пулга қизиқиши керак? Қандайдир сабаб билан ходим ноҳақ ишдан кетадиган бўлса, бундай вазиятда уни ҳеч ким ҳимоя қила олмайди-ку! Инсон учун ҳаётда моддиятдан ҳам муҳимроқ нарсалар, масалан, саломатлиги, келажаги, эртанги куни деган муҳим жиҳатлар ҳам бор. Бунинг учун, аввало, ҳар бир шахсда ҳуқуқий билим ва маданият шаклланган бўлиши зарур.
Бу фикрларда жон бор эди. Қачонки, биз касбнинг қадрини ўзимиз кўтармас эканмиз ёки шунга ҳаракат қилмас эканмиз, мақсадга эришолмаймиз. Мутасаддилар эса бу йўлда бизга кўмакдош бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, соҳани бироз кузатиб, шундай хулосага келдик. Албатта, ­бошқаларнинг фикри бундан яхшироқ ва тўлиқроқ ­бўлиши мумкин. Уларни ҳам эшитиш, билиш зарур. Зеро, бу касб жамиятимизга бегона эмас.

Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
«Ishonch»