Маслаҳатли тўй тарқамас, деган гап бекорга айтилмаган. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Асака тумани кенгашининг фаолиятида бу ҳикмат ўз ижобатини топмоқда.
Гап шундаки, таълим тизимида узоқ йиллар ишлаб, ёшлар учун ҳаёти ибрат, сўзи ҳикмат даражасига айланган обрўли фахрий устозлар кўп. Хусусан, Абдураҳим Мирзааҳмедов, Ҳомиджон Охунов, Муҳаммадкозим Отахонов, Мақсудахон Насриддинова, Алишер Мадумаров, Муҳаббатхон Аҳмедова, Муҳаммадкарим Жўрақулов, Мансуржон Исоқов, Абдураҳмон Қодиров, Козимжон Мирзаев, Маҳмуджон Ҳайдаров, Абдурашид Эргашев каби фахрий ва фаол таълим фидойилари наинки маориф тақдирига дахлдор, балки касаба уюшмалари фаолиятига тааллуқли турли масалаларда ҳам кенгаш аъзоларига жўяли йўл-йўриқлари, ҳаётий ўгитлари билан яқиндан ёрдам бериб келишмоқда.
Туман кенгашига Шуҳрат Абдураҳмонов раислик қилади. Улуғлар тавсиясига кўра, раис бошчилигида фаоллар мунтазам равишда таълим муассасаларда бўлиб, касаба уюшма аъзоларининг аҳвол-руҳиятини ўрганади. Бунда, аввало, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатлар бирламчи мавзуга айланади. Кези келганда, меҳнаткашлар билан якка-якка учрашиб, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоя ҳамда маънавий муҳит билан боғлиқ масалаларда мулоқот қилиш анъанага айланган. Кўз-кўзга тушгач, ходим ҳам кўпчилик даврасида айтишга ийманган таклифларини, эътирозларини дадил билдириши мумкин. Мана шундай самарали иш тутуми боис раҳбарият ва ходим ўртасида учраб турадиган низоларнинг авж олиши ёинки муаммонинг ҳудуд доирасидан вилоят миқёсига чиқиш ҳоллари йўқ ҳисоби.
Таъкидлаш керакки, кенгаш ўз аъзоларини қуруқ қўл билан йўқламайди. Нишонлаш учун бирор-бир сана келдими, демак, тадбир уюштиришга «баҳона» бор – аввалига маърифий мулоқот, сўнгра бир пиёла чой устида ширин суҳбатлар, таълимга оид фойдали мунозаралар бўлади.
Кенгаш аъзоларининг аксарияти ўқитувчилар. Сир эмас, «касб касаллиги» деган тушунча аллақачон истеъмолга кирди. Жумладан, ўқитувчилар орасида асаб касаллигига чалиниш ҳоллари кўпроқ учраши таҳлилларда бот-бот кўзга ташланмоқда. Касалликнинг олдини олишда спорт машғулотларидан яхшироқ омил борми, ахир? Йўқ, албатта. Шундан келиб чиқиб, Асакада ҳам касаба уюшмаларининг ташаббуси асосида ишчи-ходимлар орасида спорт билан шуғулланишни кундалик машғулотга айлантириш, шуғулланганда ҳам, турли ҳисоботларни «безаш» учун эмас, аксинча, қалб амри билан бу юмушга вақт ажратиш одатий ҳолга айланди.
Албатта, ҳар қандай фаолиятнинг барча жабҳаси рақамларда ифода этилади. Кенгаш томонидан йилнинг шу даврига қадар аъзолар учун санаторийларга ижтимоий суғурта маблағларидан 65 та, касаба уюшма маблағларидан 85 та, шунингдек, бепул асосда 20 та йўлланма ажратилди. Ходимларнинг 80 нафари мукофотланди, 670 нафарига моддий ёрдамлар берилди. Умуман олганда, кенгашга мурожаат этиб, муроди ҳосил бўлмаганлар йўқ, бу эса барча устувор вазифалар олис ва равон йўлда бир маромда ҳаракат қилаётган карвон каби барқарор эканидан далолат.
Кенгаш раиси Шуҳрат Абдураҳмонов эса касаба уюшма хизматидан фойдаланувчилар сонини ошириш, шу йўл билан ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси кафолатланган меҳнаткашлар сафини кенгайтириш масаласига жиддий ёндашмоқда. Жорий йилда фаолият бошлаган оилавий мактабгача таълим ташкилотларининг 12 таси кенгаш аъзолигига қабул қилиниб, уюшма хизматидан фойдаланишни бошлагани ана шу саъй-ҳаракатлардан нишона.
Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch»
