замонавий қиморбозлик таҳдидидан огоҳ бўлинг!
Ҳамкасбим – футбол жинниси. Деярли ҳар куни қўшни хонадаги дўсти билан кечаги ўйинни муҳокама қилмаса, хумори босилмайди. Айтишича, у энди фақат футбол томоша қилмай, шунинг орқасидан яхшигина даромад қилиш йўлини ҳам топибди.
– Футбол ўйинларига онлайн пул тикасиз. Масалан, сиз белгилаган футболчи биринчи бўлиб дарвозани ишғол қилса, бир зумда пул ёмғири остида қоласиз, – деди у гўё боши узра пул булутлари сузиб юргандек тамшаниб. – Бу ўйинда ҳеч қанақа ғирром йўқ, ҳаммаси омадга боғлиқ, ҳалол ўйин!
Суҳбатдошим бутун дунёда миллионлаб одамлар ўйинларга пул тикаётгани, кўпчилик дўстлари унча-мунча жамғарма йиққани ҳақида оғиз кўпиртириб гапирди. Ўзи эса оғайниларидан бири яқинда минг доллар ютқазиб қўйганидан кейин таваккал қилолмаётганини айтди.
Мени бу қинғир ўйинни ҳалол деб билгувчи ҳамкасбимнинг фикр-муносабати ўйлантириб қўйди.
Шу мунозара сабаб ижтимоий тармоқларда онлайн қиморбозликка муносабатларни ўрганишга киришдим. Уларнинг аксариятида қиморнинг ҳар қандай тури динимизда қораланиши ва ҳаромлиги ҳақида кўплаб мисоллар келтирилган.
Тўғри, шундай. Лекин бу панду насиҳатлар ёшларга зиғирча таъсир қилмаяпти, онлайн қимор ишқибозлари кўпайгандан кўпайиб боряпти. Унинг олдини олиш ва тўхтатиш ҳақида жиддий ўйлаб кўриш керак.
Қиморбозлик оқибатида баъзилар ўз жонига қасд қилаётган, бу «ҳалол» ўйин глобал аҳамиятга эгалиги боис уни жиловлашнинг имкони бўлмаётган, муқаддас китоблардаги битиклар ҳам қиморбозларга кор қилмаётган экан, унда муаммога қандай ечим топиш мумкин?
Назаримда, онлайн қимор ишқибозларига диний таълимот билан ваъз-насиҳат қилгандан наф йўқ. Динимизда нафақат қимор, балки спиртли ичимлик ҳам ҳаром қилинган. Лекин оила даврасида, тўй-ҳашамларда ароқхўрлик қилган яқинлари, қариндош-уруғларини кўриб, улғайган ўсмирга қиморнинг ҳаромлиги тўғрисидаги насиҳатлар кор қилиши даргумон.
Нуриддинжон Раҳматов, Бухоро давлат тиббиёт институти доценти:
– Аввало, онлайн қимор ўйинларига муккасидан кетаётган ёшларга текин пишлоқ фақат қопқонда бўлишини уқтирадиган тарғибот материалларини кўпайтириш зарур. Муаммога доир ижтимоий роликларни нафақат телевидение, балки ёшлар энг кўп фойдаланаётган «Facebook», тик-ток, инстаграм, телеграм каби ижтимоий тармоқларга ҳам жойлаштириш лозим. Зеро, минг марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал.
Ҳайит Ширинов, «Бобойи Самосий» жомеъ масжиди имом хатиби:
– Асосий кучни ҳам диний, ҳам дунёвий тарғиботни кучайтиришга қаратиш керак. Бу ўйинлар асосан ёшларимизни ўз домига тортаётган экан, уларнинг ота-оналари, таълим муассасалари ва психологлар ҳамжиҳатликда ишлаши талаб этилади. Албатта, биз ҳам ўз насиҳат ва тавсияларимиз билан йўл-йўриқ кўрсатишга доим тайёрмиз. Агар бу масала ечими учун қонуний чоралар кўрилса, натижа самаралироқ бўлар эди.
Акмал Назаров, Бухоро давлат университети доценти, психолог:
– Онлайн қиморбозлик, умуман, электрон ўйинлардан бошини кўтара олмаётган бир авлод шаклланаётгани бор гап.
Онлайн ўйинлар ёки электрон қиморбозлик билан шуғулланадиган шахсларда психологик механизмлар деярли ишламайди. Улар осон пул топишга, енгилнинг остидан, оғирнинг устидан юришга мойил кишилардир. Уларда ижтимоий муносабатларни тўғри шакллантиришда энг катта кўмакчи ўзларининг яқинлари, оиласи саналади. Интернет ботқоғига ботиб кетмаслик учун инсонда ватанга ва оиласига нисбатан кучли туйғулар шаклланган бўлиши керак. Шундай экан, инсоний туйғуларни фарзандларимиз қалбига болалигиданоқ сингдириш лозим.
Умр инсонга берилган бебаҳо неъмат. Вақт фақат эзгу мақсадлар ва ишлар учун сарфланиши керак. Фурсати келиб, ортга боққанимизда ёрқин хотираларни эслаб, қалбимиз қувончга тўлсин. Ҳеч қачон қимор ёки бемаъни, фойдасиз ишларга қимматли вақтимизни бой бермайлик. Ҳеч қачон ўкинмайлик, ачинмайлик!
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
журналист
