Алькогол бозори тартибга солинмоқда

770

 

бу ўтказилган матбуот анжуманида маълум бўлди

      Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 23 июлдаги «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини тартибга солиш соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2020 йил 23 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган.

Агентлик алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи алоҳида давлат бошқарув органи мақомига эга бўлиб, соҳадаги барча корхона ва ташкилотлар ягона тармоққа бирлаштирилди. Бунинг натижасида маҳсулотнинг хомашёдан тортиб харидоргача бўлган барча жараёнларини доимий назорат ва таҳлил қилиш имконияти яратилди.

Бугунги кунда республикамизда узумчилик ва виночилик соҳасини ривожлантиришга давлатимиз томонидан берилаётган катта эътибор ва ёрдам, шунингдек, охирги йилларда соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинаётган қатор фармон ва қарорлар тармоқни янада ривожлантиришга катта туртки бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Ҳозирги кунда соҳада жами 218 та, шундан 55 та алкоголь, 4 та спирт, 16 та узумни қайта ишлаш, 2 та тамаки, 21 та пиво ишлаб чиқариш ҳамда 120 та улгуржи савдо корхоналари фаолият юритмоқда. Ушбу корхоналарда 12 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим ишлаб келмоқда. Соҳани ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, корхона ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга қулайликлар яратиш бундан ташқари, лицензия ҳужжатлари талаби кескин қулайлаштирилди.

Шу билан бирга лицензия комисияси томонидан ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо учун жами 190 та лицензиялар берилган бўлиб, шундан 66 та ишлаб чиқариш корхонасига 190 та алкоголь маҳсулотлари турини ишлаб чиқаришга ва 124 та улгуржи савдо фаолиятига лицензиялар берилди.

Соҳа бўйича амалга оширилган яна бир катта иш бу шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ҳамда 2020 йил 31 декабрдаги “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ маҳаллий алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун маҳсулотларни идентификация воситалари ёрдамида маркировкалаш ҳамда товар айланмаси ҳажмини кузатиш тартиби жорий этилишидир.

2021 йилнинг 1 январидан эътиборан республикамизда алкоголь маҳсулотларини маркировкасига старт берилди ва бугунги кунда алкоголь маҳсулотлари буйича “Asl belgisi” маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимида 5 606 та иштирокчи рўйхатдан ўтган. Шу кунга қадар умумий 212 553 432 дона Data Matrix кодлари чиқарилган.

Шунингдек, пиво маҳсулотлари МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб мамлакатимизда мажбурий рақамли маркировка қилина бошланди ҳамда тизимда рўйхатдан ўтган иштирокчилар сони – 4 262 та.  Шу кунга қадар чиқарилган Data Matrix кодларининг умумий сони – 151 356 353 донани ташкил қилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари бўлган 2-та йирик компания —  “UzBAT” ва  “Tashkent Tobacco” маркировка тизимининг жорий этилишини жуда мамнуният билан қарши олди. Пандемияга қарамасдан, улар чет элдан мутахассисларни таклиф қилиб, керакли ускуналарни ишлаб чиқариш линияларига ўрнатишди ва барча талабларни вақтида бажаришди. Бугунги кунда “Tashkent Tobacco” нафақат ички бозоримиз учун маркировкаланган маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда, балки қўшни мамлакатларга, жумладан, Қирғизистон Республикасига экспорт қиладиган товарларни ҳам маркировка кодлари билан етказиб бермоқда. Хулосалар шуни кўрсатадики, ушбу қарорлар ўз вақтида  қабул қилган ва бугун бизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз экспорт талабларига жавоб берадиган маркировкаланган маҳсулотларни ташқи бозорга етказиб беришда ҳеч қандай тўсиқ ёки муаммоларга дуч келмаган ҳолда фаолият олиб бормоқдалар.

Жорий йилнинг 2 ноябрида Вазирлар Маҳкамасининг “Алкоголь ва тамаки  маҳсулотларини акциз маркалари билан маркировкалаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги”  665-сонли Қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ,  2022-йилнинг 1 октябридан эътиборан истеъмол ва гуруҳланган қадоқларга рақамли идентификациялаш воситаларини туширишда, шунингдек, бошқа турдаги тамаки маҳсулотларини агрегациялашни таъминлайди ҳамда маркировкалаш ахборот тизимига маркировкаланганлиги ва агрегацияланганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади.

Юқорида амалга оширилаётган ишларнинг барчасидан бир нарсани кўриш мумкин, соҳада контрафакт маҳсулотлари айланмасининг олдини олиш, аҳолига сифатли маҳсулот етказиб бериш борасида сезиларли ўзгаришларга эришилмоқда.

Бир вақтнинг ўзида Агентлик ўз фаолияти давомида сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини назорат қилибгина қолмасдан, ноқонуний ишлаб чиқариш ҳамда айрбошлаш йўлга қўйилишининг олдини олиб келмоқда. Хусусан, республикада ноқонуний ва  контрафакт маҳсулотларнинг айланмасини аниқлаш ва чакана савдо дўконларини ўрганиш натижасида, Қарши  шаҳрида 11, Андижон вилоятида 10, Сурхондарё вилоятида  4, Самарқанд вилоятида 3, Хоразм вилоятида 2, Бухоро вилоятида 1 ва Тошкент шаҳрида 1, Сирдарё вилоятида ҳам 1 нафардан   тадбиркорларнинг  ноқонуний алкоголь маҳсулотлари айланмаси билан шуғулланиш ҳолатлари аниқланиб,  тегишли чора тадбирлар кўрилди.

Бибигул МУРТАЗАЕВА,

“Ishonch”