Мана, бизнинг қаҳрамонлар

1036

Ўн кун давомида сайёрамизнинг энг сара оғир атлетикачилари Тошкентда бўлиб ўтган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида беллашдилар.

Мусобақада ўн тўрт нафар (10 нафар эркак ва 4 нафар аёл) спортчи билан иштирок этган терма жамоамиз дунёнинг 70 га яқин давлати полвонлари олдида ўз сўзларини айта олишди. 67 кг. вазн тоифасида бир йўла икки полвонимиз Адҳамжон Эргашев ҳамда Достон Ёқубов ўз омадини синаб кўрди. Якунда Адҳамжон 174 кг. оғирликни ўзига бўйсундириб, силтаб кўтаришда бронза медалга эришган бўлса, Дос­тон 114 кг. (даст кўтариш) ва 180 кг. (силтаб) тош кўтариб, иккикураш бўйича жаҳон чемпиони бўлди.
Эндигина 22 ёшга кирган Сарварбек Зафаржонов 89 кг. вазн тоифасида даст кўтаришда 166 кг. ва силтаб кўтаришда 205 кг. оғирликни кўтариб, ­кореялик Ю Донгжу (167, 204) билан иккикурашда бир хил натижа қайд этди. Даст кўтаришдаги кичик устунлик ҳисобига иккикураш бўйи­­ча чемпионлик жанубий кореялик спортчига насиб қилди.
16 декабрь санаси ўзбекистонлик спортчилар учун жуда омадли келди. Шу куни 109 кг. вазн ­тоифасида икки полвонимиз, Олимпиада чемпионлари Руслан Нуриддинов ҳамда Акбар Жўраев супага чиқишди. Қувончлиси шуки, Токио Олимпиадаси чемпиони Акбар Жўраев даст кўтаришда 195 кг., силтаб кўтаришда эса 238 кг. оғирликни бўйсундириб, якунда 433 кг. натижа билан ҳар учала олтин медални ўзиники қилиб олди.
«Рио – 2016» Олимпиадаси чемпиони Руслан Нуриддинов эса 185 ва 236 кг. натижаларни қайд этиб, иккита кумуш ва битта бронза медални қўлга киритди.
Худди шу куни 87 кг. вазнли полвон қизлар орасида ҳам жаҳон чемпиони номи маълум бўлди. Унда ҳамюртимиз Турсуной Жабборова жаҳоннинг энг кучли атлетлари билан муносиб курашиб, даст кўтаришда 113 кг. натижа билан олтин медалга эришди. Силтаб кўтаришда эса 131 кг. оғирликни ўзига бўйсундирди. Турсуной иккикураш натижасига кўра, 244 кг. оғирлик билан жаҳон чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлди.
Иккикурашлар сарҳисоби бўйича терма жамоамиз аъзолари иккита олтин ва учта кумуш медални қўлга киритишди. Агар 2019 йилда Таиландда ўтказилган жаҳон чемпионатида икки бронза ва битта кумуш медаль қўлга киритилганини инобатга олсак, натижаларда сезиларли ўсиш бор.
Тошкентда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати Кумушхон Файзуллаева, Зуҳра Отажонова, Жамила Панфилова, Муҳаммадқодир Тош­темиров, Қурбонмурод Намозов, Мирҳосил Мирзабоев, Ҳожиакбар Олимов сингари ёш, умидли полвонларимиз учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтади.
Эътиборли томони, жаҳоннинг янги чемпионлари Акбар Жўраев, Дос­тон Ёқубов, кумуш медаль совриндори Турсуной Жаб­борова, бронза медаль соҳиби Адҳам Эргашев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари ­ҳисобланишади.

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»