КЎЗ-КЎЗ ҚИЛСАНГ АРЗИЙДИ

914

Жиззахда марказий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар, блогерлар ва ташкилотларнинг Ахборот хизмати раҳбарлари учун пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб халқ депутатлари Жиззах вилояти  Кенгаши котибиятига бўлиб, у ерда котибият ходимлари, Олий Мажлис сенаторлари, депутатлар ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларига яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Жиззах шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш ва касбга йўналтириш мақсадида ташкил этилган “Мономарказ” ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бир вақтнинг ўзида 490 ўринга мўлжалланган “Ишга мархамат” мономаркази собиқ Жиззах иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўрнида ташкил этилган бўлиб, марказ биносини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 14 миллиард 400 миллион сўм ва Жаҳон банкининг 1 миллиард 145 миллион сўмдан ортиқ маблағи сарфланди.

Ҳозирги кунда мономарказда 5 та хизмат тури, 22 йўналишдаги касбга ўқитиш ва 5 та тил ўргатиш курслари фаолият юритмоқда. Мономарказда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган жиззахлик йигит-қизлар учун сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича 8 та, техник соҳа бўйича 7 та, қурилиш соҳаси бўйича 5 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2 та касб турлари ташкил этилган.

Айни пайтда мономарказда касб-ҳунар ва тил ўргатиш ўқув курсларида 317 нафар ёш йигит-қизлар малакали мутахассислар томонидан ўқитилиб, касб-ҳунарга ўргатилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Талабалар сони 8 мингдан ортади

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 июндаги қарорига асосан вилоят марказида “Sambhram” университети ташкил этилди. Таълим инглиз тилида ҳамда тўлов-контракт асосида амалга ошириладиган университетда 2021-2022 ўқув йили учун 2 мингга яқин талаба қабул қилинди. Таълим муддати 4 йил бўлган (кундузги) 3 та бакалавр йўналиш ва таълим муддати 2 йил бўлган 2 та магистратура мутахасссисликлари бўйича ҳужжатлар қабул қилинганди.

Дарс жараёнлари 2 сменада ташкил этилган. Университетга Ҳиндистондан 16 нафар профессор-ўқитувчи, Ўзбекистондан эса 30 нафар профессор-ўқитувчи жалб этилган. Яқин келажакда мазкур университетда 8 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олиши кўзда тутилган.

Таълим зўр, шароит зўр

Тадбир иштирокчиларининг навбатдаги манзили жорий йилда Жиззах шаҳарида фаолиятини бошлаган Президент мактаби бўлди. У ерда вилоятнинг кўплаб иқтидорли ёшлари орасидан бир неча босқичлардан иборат тест-имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган 144 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Қисқа фурсат ичида 70 миллиард 700 миллион сўм бюджет маблағлари эвазига бунёд этилган мазкур муассасада ўқувчилар учун барча шароитлар яратилган. Мактаб кутубхонасида 9 минг 500 дан зиёд энг сара китоб ва қўлланмалардан иборат фонд мавжуд.

Президент мактабида энг малакали маҳаллий ўқитувчилар билан биргаликда Филлипиндан 3 нафар, Ҳиндистондан 2 нафар, Хорватия, Покистон ва Буюк Британиядан 1 нафардан хорижлик малакали мутахассислар ёшларга таълим-тарбия  бериб келмоқда.

16 қаватли уйлар қурилади.

Жиззах шаҳрида қурилаётган 1 минг 120 хонадонли 32 та кўп қаватли уй-жойларнинг катта қисми хусусий секторлар ҳиссасига тўғри келади. 860 та хонадон эгаларига субсидия ажратиш орқали кўплаб оилаларнинг уй-жой муаммосини ҳал этишга кўмаклашилди.

Дарҳақиқат, шаҳарнинг “Олмазор” маҳалласида кейинги йилларда кўп қаватли уйлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Дастлаб 15 та 7 қаватли уй фойдаланишга топширилган бўлса, Жиззахда биринчи маротаба ҳар бири 80 хонадонга мўлжалланган 6 та 16 қаватли ва 4 та 9 қаватли уйлар қурилиши босқичма-босқич давом эттирилмоқда.

Марказий Осиёда ягона

 Марказий Осиёда ягона ҳисобланган спортнинг велоспорт турига ихтисослашган майдон «Сангзоркўл»нинг 4 гектарли ҳудудини ўз ичига олади.

– Умумий лойиҳа қиймати 500 минг АҚШ доллари бўлган ушбу мажмуа жорий йилда фойдаланишга топширилди, – дейди Ўзбекистон велоспорт федерацияси Жиззах вилоят бўлими ижрочи директори Хуршид Атакулов. – Асосан 3,2 гектар майдонда 2 минг 500 томошабинга мўлжалланган “Велотрек” мажмуаси велоспортнинг 4 йўналиши бўйича мусобақалар ўтказишга мўлжаллаб бунёд этилган.

Мажмуа Сочи шаҳридаги “Велотрек” мажмуаси лойиҳаси асосида қурилган бўлиб, қурилиш Украина, Бельгия ва Франциядан келган мутахассислар кўмаги билан амалга оширилган. Жаҳон андозаларига тўла-тўкис жавоб берадиган спорт мажмуасида нафақат республика, балки халқаро миқёсидаги мусобақаларни ҳам бемалол ўтказиш мумкин.

Бундан ташқари, мажмуада 4 та теннис корти, 4 та мини футбол майдони мавжуд. Шунингдек, ушбу спорт шаҳарчасида болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 3 юлдузли меҳмонхона ҳам барпо этилмоқда.

Кластердан улкан таасуротлар билан

Шароф Рашидов тумани ҳудудидаги янги иновацион технологиялар асосида барпо этилган “Голд Фиш агро” масъулияти чекланган жамиятига уюштирилган ташриф иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

–  Жорий йил сентябрь ойидан ўз фаолиятимизни бошладик, – дейди МЧЖ раҳбари ўринбосари Нурмуҳаммад Қурбонов. – Кластеримизнинг умумий майдони 43 гектар. Қиймати 30 миллиард сўмлик лойиҳа увилдириқларни тайёрлашдан тортиб, балиқ етиштириш, қайта ишлаш, ем ишлаб чиқаришни ҳам қамраб олган. 4 гектар майдонда интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилган. Сунъий ҳовузларда Хитой технологияси ўрнатилган. Бу доимий сув талаб қилмайди, балки ўзидаги сувни қайта айлантириб ишлайди.

Умуман, кластер йилига 500 тонна балиқ етиштириш қувватига эга. Шу ернинг ўзида балиқни қайта ишлаш цехи, сиғими 800 тонналик замонавий музлатгичлар ҳам бор экан.

Эътиборли томони, бу ерда қисқа муддатли ўқув курслар ҳам ташкил этилган бўлиб, унда балиқчиликнинг барча сир-асрорлари ўргатилар экан. Бундан ташқари, 20 гетар майдонга винобоп узум навлари экилибди. Кластер ҳудудида экспортбоп вино тайёрлаш ва балиқдан эспорт учун консерва маҳсулотлари тайёрлаш ҳам режалаштирилибди.

Жиззах тарихи кўзгуси

Жиззах вилоятида уюштирилган пресс-тур иштирокчиларининг сўнгги  манзили вилоят марказидаги Шароф Рашидов музейи бўлди.

Музейда Шароф Рашидовнинг болалик чоғидан тортиб, бутун ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи экспонатлар жой олган экан. Шароф Рашидовнинг хизмат вагони ҳам музей ҳовлисига экспонат сифатида қўйилган.

Ушбу музейдан ташқари, Шароф Рашидов туғилиб ўсган ҳовли ҳам қайта таъмирланиб, Шароф Рашидов уй музейига айлантирилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, пойтахтдан келган меҳмонларда пресс-тур  катта таассурот қолдирди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ