Маҳкума аёлларга ибодат амаллари учун шароит борми?

1265

Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш департаменти матбуот котиби Зойиржон Йўлдошев ҳамроҳлигида 21-сон жазони ижро этиш колониясида бўлиб, у ердаги опа-сингилларимизнинг турмуш тарзи, ўй-хаёллари, орзулари, шунингдек, эътиқод эркинлиги учун қандай шароит ва имкониятлар яратилгани билан танишдик.

Атрофда қиш. Совуқ. Аллақачон барглари тўкилиб бўлган дарахтлар ҳам ўйга толган каби маҳзун. Биз —  журналистлар пойтахтдан унча олис бўлмаган Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясидамиз. Аламли тақдир соҳибига айланиб, пушаймонлик ҳиссини туяётган ҳар бир маҳкуманинг ўз ҳикояси бор бу ерда. Ҳикояки, ҳар биримизга ўрнак бўлгулик.

       43 ёшли Наманганлик Муяссар  опанинг пешонасида номини айтишга-да, сескангувчи бу даргоҳларда изтиробли кунларни кўриш  ёзилган экан. Мана, 3 йилдан ошиқки у қамоқхонада. Гулдек оиласи, беш нафар фарзанди, яна денг ҳавас қилгулик касби ҳам бор эди – доя, гинеколог ёрдамчиси.  Аввалига у тинч оиласи ва фарзандларининг ўй-ташвишларига ўралашиб, бинойидек ишлаб юрганди. Аммо фарзандлари улғайиб, муаммолари кўпайдими, ёки олдига келиб турувчи мижозлари таклиф қилган пулларга учдими, ишқилиб эгри йўлга осонгина кириб қолганини билмай қолди.

–Бир куни олдимга вояга етмаган қизни етаклаб нотаниш аёл келди, – дея хотирлайди Муяссар опа. – Унинг кўзлари тўла ёш, йиғламсираб дардини айтди. Қизи бир йигит билан севишиб юриб, ҳомиладор бўлиб қолибди. Аммо йигит аллақачон уни ташлаб кетган. Аёл фақат менгина уларга ёрдам беришим мумкинлигини айтиб, агар қизни ҳомиласидан халос этсам яхшигина пул таклиф қилди. Илгари бунақа ишга қўл урмаганим боис виждоним қийналди, аммо нафсим устунлик қилиб, аёлнинг таклифига кўндим. Қизнинг ташвишини аритдим. Аммо ўшанда адоқсиз ва охири пушаймон билан якун топувчи ушбу йўлга кириб қолганимни билмагандим.

Ўша воқеадан кейин Муяссар опа бунақа ишларни кўп такрорлади. Никоҳсиз, турмушга чиқмаган беномус ёки йўлдан адашган қизларнинг фарзандларини ҳам туғдирди, аборт қилди. Ҳатто,бу каби ишларнинг устаси бўлиб кетганидан, доимий мижозлар орттирди. Топиш-тутиши яхшиланди. Хўжайини иккаласи не-не орзу-ҳаваслар билан қурган янги уйларини шинамгина қилиб таъмирлади. Аммо кўза кунда эмас, кунида синади, деганлари рост экан. Сўнгги бор олдига илинж излаб келган никоҳсиз ҳомиладор бўлиб қолган қизни туғдирди. Аммо қиз туғриқхонадан чиққач болани сотаётганида қўлга тушиб қолди. Орган ходимларининг ишни чуқур ўрганишинатижасида эса Муяссар опанинг сирлари ҳам фош бўлиб, у 4 йилдан ошиқ вақтга озодликдан маҳрум этилди. Орадан уч йилдан ошиқ вақт ўтди.Ҳадемай у оиласи бағрига қайтади. Аммо унинг учун кўп нарса ўзгариб кетди… Турмуш ўртоғи бошқа аёлга уйланди. Аввалига бунинг учун ундан ҳафа бўлди, сиқилди. Аммо нима ҳам қиларди? Қолаверса, 5 нафар фарзандини боқиб, уларга қараб ўтиргани учун хўжайнини кечирди. Қамақхонадалигида тўнғич қизининг тўйи бўлди. Ўша куни муштипар она бошқа онаизорлар каби гулдек қизининг бошини силаб, унга бахт тилолмади, олисда, пушаймонлик гирдобида Худодан унга бахт сўради.

Муяссар опа қилган ишидан қаттиқ пушаймон ер экан, ҳар куни тонгда туриб намоз ўқишни канда қилмайди. Она экан-да, ўз дуоларида фарзандларига саломатлик, омонлик сўрайди. Эндигина бир ёш бўлган, ҳали мунис нигоҳини кўрмаган набираси Камронжоннинг соғлом улғайишини, унга Аллоҳдан хайрли тақдир беришини тилайди.

–Одатда колонияда эрталаб соат олтида турамиз, – дейди самарқандлик яна бир маҳкума Муножот Раҳимова. –Ҳозир қиш кунлари бўлгани учун 6:00 да туриб, бомдод намозини ўқишга улгураман. Ёзда эса эртароқ туришга тўғри келади. Бунинг учун, яъни, ибодатларимизни вақтида бажариш учун бизга ҳеч ким эътироз билдирмайди. Тахминан олтмиш нафар аёл ичида икки-уч киши намоз ўқиймиз. Кундузи белгиланган юмушлар билан шуғулланамиз, мен тикув цехида тикувчи бўлиб ишлайман. Ибодат вақти бўлганида махсус хонага кириб намоз ўқиб чиқаман.

41 ёшли Муножот опанинг икки нафар фарзанди бор. 14 ёшли ўғли Дониёр соғлом. 10 ёшли қизи Нозима эса туғма юрак пороги билан туғилган. У анча йиллардан буён шу фарзандини Ҳиндистонга олиб бориб даволатиш илинжида бўлганини айтади. Олти йил олдин турмуш ўртоғи қорадори савдоси билан қўлга тушиб, 13 йилга озодликдан маҳрум этилганди. 2021 йил, май ойида эса Муножот опанинг уйидан ҳам кўмилган ҳолатда 28 грамм қора дори топишди ва уни тақиқланган моддани уйида сақловчи сифатида айбдор деб, бу ерга олиб келишди. Айни пайтда унинг фарзандлари яқин қариндошлари қарамоғида.

– Доимий ишим йўқлиги учун, онда-сонда мардикорчиликка чиқардим. Қизим касал бўлгани боис уни даволатиш ниятида,уйимда сотиш мақсадида турмуш ўртоғимдан қолган қорадорини сақлаганман. Қилган ишимдан пушаймонман, – дейди маҳкума, – бу ерга илк бор келганимда 14 кун мослашув марказида касб-ҳунар ўргандик. Тикувчиликни танладим. Ўқитувчилар бизга икки ҳафта давомида тикув машинасида тўғри ишлашни, тикиш-бичишни ўргатишди. Ҳозирда ҳарбий кийимларни тикаяпман. Ишимизга қараб ойига 700-720 минг сўм миқдорида маош оламиз. Маошимнинг асосий қисмини фарзандларимга қараётган қариндошимга юбораман. Ҳар қанча оғир шароитда яшаса ҳам,  ноқонуний йўл билан пул топишга қизиқмасликни ёшларга тавсия қиламан. Бу ерда ҳамма шароит бор: иссиқ ётоқхона, иссиқ таомлар ва иш. Бирор тансиқ нарса егимиз келса, ёки магазиндан бирор нарса керак бўлиб қолса, бизга назоратчи қизларга айтамиз.Улар ички тартибга асосан буюртма қилиб беришади. Аммо яқинлар, фарзандларинг соғинчини қандай босасан? Бу ерда мен соғинч азобидан қийналаяпман. Келажакда озодликка чиқсам қотган нон билан сув ичиб ўтирсам ҳам, майли,  ноқонуний  ишларга қўл урмайман. Фарзандларимнинг ёнида бўлсам, улар билан бирга яшасам, бирор жойда ишласам дейман.

Кейинги суҳбатдошимиз Россиянинг Тюмень вилояти, Урал бўйи туманидан Ўзбекистонга келиб, мудҳиш жиноят соҳибига айланиб қолган 51 ёшли Марина Кисилёва. У Жиззах вилоятининг Янгиер шаҳрида туғилиб-ўсиб, шу ерда техникумда ўқиган ва 20 йил гидротехник бўлиб ишлаган.  Марина 2002 йилда Россия фуқароси билан турмуш қуриб, Тюмень вилоятига кўчиб кетади, Янгиерда эса ёлғиз онаси қолади.

2015 йилда Жиззахга онасини кўргани келган кунларнинг бирида Марина дўстлари билан улфатчилик қилади, маст бўлади. Меҳмонлар кетгач эса ўз онаизори, уни дунёга келтириб, улғайтирган меҳрибони билан қаттиқ жанжаллашиб қолиши оқибатида мудҳиш ишга қўл уради.

Марина кўз-ёшлар тўкиб, ўтган кунни хотирлар экан, батафсил гапиришни истамади. Аммо ўша куни маст бўлмаганида ҳеч қачон бу қабиҳ иш юз бермаслигини, содир бўлган ишдан минг чандон пушаймон эканлигини айтди.

– “Ўша мудҳиш кечада нафақат онамни, балки ҳаётимни, оилам ва фарзандларимни ҳам йўқотдим. Эндифақат ўзим ва Худо билан қолдим. Ёлғиз Яратган билан сўзлашаман” дейди у бўйнига доим тақиб юрувчи туморини қўлига оларкан. –Мен ундан ёрдам беришини, тавбаларимни Яратганга етказишини сўрайман, – дейдитумордаги тасвирга ишора қилиб Марина. Унинг сўзлари, ҳатто нигоҳлари ҳам умидсиз.

Марина турмуш ўртоғи ва икки нафар – 29 ҳамда 13 ёшли  фарзандлари ҳақида ҳам негадир яхши, умидли гап айта олмади. Яқинлари Тошкентга уни қидириб келишига ишонмайди. Аммо қалбининг тубида ёлғизгина Яратгандан умиди бор. Қачондир яна ёруғ оламга чиқадиган кунлари келишини,  эркинликда яхши ҳаёт кечиришни умид қилади. У колониядаги аёллар учун энг узоқ озодликдан маҳрум қилиш жазоси – 13 йилга қамалган маҳкумалардан бири. Тутқинликдаги 7 йил ўтмоқда. Олдинда яна 6 йил бор.

У колонияда  ўзининг диний эътиқоди учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини, мусулмонлардан фарқли равишда насроний ибодат амаллари маълум бир вақтларда амалга оширилмаслигини, у хоҳлаган пайтида Худо билан дардлашиши, унга мурожаат қилиши мумкинлигини, аммо бу бировга халақит қилмаган ҳолда бўлишини айтди.

 

Зебо НАМОЗОВА,

«Ishonch»