нега тумангаз бўлими хизмати аҳолини қийнаяпти?
Бугун аксарият одамларда коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаш маданияти шаклланган. Шу боис, ҳамма ҳам қарзларни ўз вақтида тўлаб қўйиш пайида бўлади. Хусусан, «Ҳудудгаз пойтахт»нинг «Яшнободтумангаз» бўлимида бўлган киши шу ҳолатни яққол сезиши мумкин.
Биз борган куни шанба бўлгани учунми, ҳар қалай, касса олдида одам кўп эди. Улардан барча тўловларни фақатгина бир нафар ходим қабул қилаётганди. Навбатда турганлар эса ҳозир пандемия даври эканини гўёки унутиб юборишган. Уларнинг орасида қариялар, ҳомиладор ёки ёш болали аёллар, ҳатто беморлар ҳам бор.
Соат 12:00 га яқин бўлим ходимларидан бири чиқиб, касса ярим соатдан кейин ёпилишини эълон қилди. Ҳолбуки, катта ҳарфларда ёзиб, деворга осиб қўйилган эслатмада касса соат 13:00 га қадар ишлаши қайд этилган. Шу сабаб сабр косаси тўлган одамлар бақиришга тушишди:
– Касса соат кундузги биргача ишлаши шарт-ку, нега эрта ёпилади?
– Қайта-қайта келиш учун бизнинг ортиқча вақтимиз йўқ!
– Кассани жуфт қилиб қўйсаларинг бўлмайдими? Тирбандликдан одамлар бир-бирининг устига чиқиб кетай деяпти-ку?
– «Ҳақи тўланмаса, газни узиб қўямиз, ҳеч ким бориб улаб бермайди», деб эълон бердингиз-ку!.. Мана, пулни тўлагани келдик, нега энди уни қабул қилишни пайсалга соляпсизлар?
Бўлимдагилар кассада ишлайдиган ходимлар штати қисқарганини айтишди, фойдаси тегмагач, тўловларни соат 13:00 гача қабул қилишга мажбур бўлишди.
Тўғри, шанба ярим иш куни ҳисобланади. Аммо турли корхона-ташкилотларда меҳнат қиладиган кишиларнинг кўпчилиги айнан шу куни тўловларни тўлашга ҳаракат қилади. Шунингдек, улар нариги бўлимдан қоғоз олиб келиб, бу ерга тўлайди. Бу ҳам қатор ноқулайликларни келтириб чиқаради. Қолаверса, тўловларни қабул қилиш тўғри йўлга қўйилиб, кассалар ва кассирлар сони ҳеч бўлмаганда иккита бўлиши керак.
Яна бир гап. Ҳозир пандемия давом этмоқда. Шундай экан, одамлар гавжум ва узоқ навбат кутишга тўғри келадиган ташкилотларнинг кираверишида қўлга сепиладиган антисептик воситалар бўлиши керак.
Зеро, муаммо устига муаммо туғилмаслиги учун бундай ноқулайликлар бартараф этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
«ISHONCH»
