«Ishonch»нинг 2021 йил 25 ноябрдаги сонида «Кичик қишлоқдаги катта ҳасратлар» сарлавҳали мақола чоп этилганди. Унда Учкўприк туманидаги Қўрғонча қишлоғи аҳолисини электр симлари яроқсизлиги, симёғочлар омонатлиги ва ток қуввати ўта пастлиги анчадан буён қийнаб келаётгани ҳақида сўз юритилганди.
Шундан сўнг туман ҳокими, электр тармоқлари корхонаси раҳбари ва бошқа масъуллар Қўрғончага бориб, одамлар билан учрашган ҳамда мавжуд муаммолар тез орада бартараф этилишини айтишган. Жумладан, подстанция янгиланишини, эски симёғочлар ўрнига 26 та бетон столба ўрнатилиши ва 1200 метр янги симлар тортилишини маълум қилишган.
– Бу гапларни эшитгач, муаммоларимиз энди ростдан ҳам ҳал бўлади, деб қувонгандик, – дейди Умаржон Тўрақулов. – Афсус, чучварани хом санаган эканмиз. Амалда ҳаммаси яна қуруқ гап бўлиб чиқди. Раҳбарлар келган куни кўчаларимизга 12 та бетон устун ўрнатилди-ю, кетишлари биланоқ, бу борадаги ҳаракатлар тақа-тақ тўхтади. Сабаби бизга номаълум. Мана, бир ойдирки, «электросеть»дагилар йўлини пойлаб ва ўлда-жўлда қолган ишлар қачон давом этишини кутиб ўтирибмиз.
– Бизда электр токи тез-тез узилиб туришидан ташқари қуввати жуда паст, – дейди Дилором Азизова. – Устига-устак, қишлоғимизда газ йўқ. Оқибатда, на исиниб бўлади, на сув қайнатиб. Ҳайронман, токайгача қийналиб яшаш мумкин?
Дарвоқе, уч йилдан буён ёлғон ваъдаларни эшитавериб чарчаган қўрғончаликлар арзини чин дилдан тинглаб, талаб-эҳтиёжларини қондирадиган мард инсонлар топиладими ёки улар учун инсон қадри бир пулми?..
Бунисини билмадик, аммо қишлоқ аҳли билан суҳбатлашар эканмиз, улар шу ердаги 60-сонли оилавий поликлиникада ҳам шароит яхши эмаслигини куйиниб эслатиб ўтдилар. Бинобарин, бир қаватли бу шифо маскани 1997 йилда қурилган. Ҳозир 7500 нафардан ортиқ кишига хизмат кўрсатади. Лекин ҳар томонлама ғариб аҳволга тушиб қолган. Врачлар кабинети ҳам, муолажа олиш хонаси ҳам талаблар даражасида эмас. Поли бетонланган даҳлизда бир оз турсангиз, оёғингиз совқотади. Боз устига, бешта лампочкадан атиги биттаси аранг нур сочади. Иситиш батареялари ишламаслиги сабабли муассаса тиббиёт ходимларининг ўзлари олиб келган печкалар ёрдамида иситилар экан.
Биз кирган навбатдаги хонада учта лампочка бўлса-да, биттаси ҳам ёнмёатганди. Бемор Асалхон Ҳусаинова эса қалин кўрпага ўранган кўйи ётибди.
– Хона совуқлигидан уколни охиригача ололмадим, 45 минг сўмга харид қилган дори-дармоним увол бўлди, – деди онахон. – Аҳвол бунақалигини билганимда, ўзим билан ўтин келтирардим… Тўғри, 4-5 чақирим нарида шифохона бор. Лекин у бизга узоқлик қилади. Қанийди, шу ерда ҳам зарур шароитлар яратилса, иссиқлик тизими тикланса, даволанувчилар совуқда дийдираб, муолажа олмасдилар.
– Мен бу ерга эмлама олгани чиққандим, – дея суҳбатга қўшилади Санобар Тиллабоева. – Хона совуқлигидан соғлиғим ёмонлашди. Одамлар бу ерга дардларига шифо топиш учун чиқишади, наҳотки, мутасаддилар буни ўйлашмаса?..
Поликлиникадан қайтар чоғимиз бир қўлида ўтин, иккинчисида тугунча кўтариб олган аёл эътиборимизни тортди.
– Исмим Ҳидоятхон, фамилиям Эргашева, – деди у ўзини таништириб. – Бу ердаги вазиятни яхши билганим учун ўзим билан ўтин ва қалин ёпинчиқ олиб келдим. Ҳозир ўтинни печкага қалаб, хонани иситаман, кейин укол оламан…
Бинони иситиш учун ажратилган кўмирнинг сифати ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Чунки унинг кулдан деярли фарқи йўқ. Поликлиникада ишлайдиган ходимлар бу «ёқилғи»ни ёқиш учун бир неча «этап»дан ўтказишади. Аввало, кўмир кулига сув қуйиб, яхшилаб қориштиришади. Сўнгра думалоқ шаклга келтириб, елим халталарга солишади. Маълум вақт ўтгач, печкага солиб ёқишади.
Муассаса ходимларининг айтишларича, ёзда туман ҳокими келиб, бу ердаги аҳвол билан танишган. Иссиқлик тизимини тубдан янгилаш, хоналардаги шарт-шароитларни яхшилаш юзасидан масъулларга топшириқлар берган. Лекин, орадан ярим йил ўтса-да, ҳамон ўзгариш йўқ. Ана шунинг касофатига бугун беморлар совуқ хоналарда даволанишга ёки ўзлари ўтин олиб келишга мажбур бўлишмоқда.
Ҳолбуки, одамларнинг дард-ҳасратини тинглаш, халқ қалбига қулоқ тутиш, мавжуд муаммоларга тезкор ечим топиш бугунги ислоҳотларнинг туб моҳиятини ташкил этади. Фарғона вилояти ва Учкўприк тумани мутасаддилари шуни назарда тутган ҳолда иш тутишлари учун яна қанча кутиш керак?
Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»
