Ижтимоий ҳимоя — бош омил

4454

Қайсики ташкилотда жамоа шартномасига таяниб иш тутилса, ходимлар манфаатини кафолатлаш осон кечади. Буни ўтган йили Хоразм вилоятида ўрта ҳисобда бир ходимга сарфланган маблағ қарийб 2 ярим миллион сўмни ташкил қилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Асосий эътибор эҳтиёжманд қатлам – кексалар, ёшлар ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётгани айни муддао бўлаётир. Давлат дастурлари асосида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг ҳам кўлами тобора кенгаймоқда. Хусусан, 441 та корхонада 636 нафар пенсия ёшидаги шахсга пенсияга чиқишидан олдин бирйўла моддий ёрдам беришга ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлашга 260 миллион 500 минг сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бу эса жамоанинг фидойи инсонга ҳурмат ва эҳтиромини яна бир бор намоён этди. Бундан ташқари, 406 та корхонада 568 нафар ходимга юбилей саналари муносабати билан жами қиймати 279 миллион сўмга яқин қимматбаҳо совғалар топширилди.
Албатта, корхона ёки ташкилот ривожига муносиб ҳисса қўшган, эндиликда кексалик гаштини сураётган нуронийлар ҳам эътибордан четда эмас. 758 та корхонада 1568 нафар ишламайдиган пенсионерга салкам 276 миллион сўмлик моддий кўмак берилди.
Сафимизда ёлғиз ўзи фарзандини тарбия қилаётганлар, ногирон ҳолига қарамай, рўзғор тебратаётганлар, ногирон фарзандни вояга етказаётганлар ҳам бор. Касаба уюшмалари иш берувчилар олдига бундай сабр-қаноатли инсонларни алоҳида қўллаб-қувватлаш вазифасини қўйган. Айниқса, тақдир тақозосига кўра, бир умр хаста бўлиб қолган кишиларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Байрамлар арафасида 250 та корхонада 233 нафар ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож собиқ ходимлар ҳолидан хабар олиниб, 78 миллион сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилди.
1220 та корхонада 4551 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига ўқув қуроллари, дарслик­лар харид қилиш харажатларини қоплаш учун 526 миллион сўмга яқин маблағ сарфланиши келажак авлоднинг муносиб таълим-тарбия олишига қўшилган муносиб ҳисса деб бемалол айтиш мумкин.
2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 445 нафар ёш онага 135 миллион сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилди. Қолаверса, нодавлат мулк шаклидаги 215 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 402 нафар болали аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланган. Аёлларимизга ҳам ходим, ҳам она, ҳам уй бекаси сифатида ўзини намоён қилиш имконини берувчи бу каби қулайлик­лар уларнинг ўз хизмат вазифаларини сид­қидилдан бажаришларига замин яратмоқда.
Бугина эмас. 1213 та корхонада кам таъминланган 2940 нафар ёш оила вакилларига 809 миллион 924 минг сўм, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 259 нафар талабанинг контракт пулларининг бир қисмини қоплашга корхоналар ҳисобидан 656 миллион 491 минг сўм, сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 51 нафарига 120 миллион 533 минг сўмлик фоизсиз ссуда ажратилган. Бу эса ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали улар жамиятда ўз ўрнини топишларида рағбат вазифасини ўтамоқда.
Шунингдек, уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 75 нафар оилага 275 миллион сўмдан зиёд фоизсиз ссудалар берилиши натижасида ишловчиларнинг иқтисодий шарт-шароитлари сезиларли равишда яхшиланди.
Табиийки, ҳар бир ишловчи жамоада ўрни ва қадри бўлишини истайди. Айнан шунинг учун ҳам касаба уюшмалари ҳар бир аъзо эътибор ва эъзозда бўлиши тарафдори. Шу мақсадда жорий йилда бу борада янада тизимли ишлар олиб борилади.

Худойберган ОТАЖОНОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши Ижтимоий ҳимоя бўлими мудири