Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлигига!
Қурилиш сифатига ким жавобгар?
Мамлакатимизда бунёдкорлик, қурилиш ишлари жадал олиб борилаяпти. Аммо барпо этилаётган иншоотларда сон кетидан қувилиб, сифат унутилмаяптими? Айниқса, қишлоқ ҳудудларида қурилган уй-жойлар сифати масаласи кишини ўйга толдиради. Янги уй эгалари ҳали унинг ҳавосига мослашмасданоқ муаммога дуч келмоқда. Оддий бир мисол. Қўшработ туманидаги «Намуна» маҳалласида ижтимоий ҳимояга муҳтожлар учун кўп қаватли уйлар қурилган эди. Янги хонадон соҳиблари кўчиб келганлари ҳамоно «тарвузлари қўлтиғи»дан тушди. Негаки, турар-жой мажмуасини барпо этган бунёдкорлар чиқинди сувларни чиқариш тизимини унутишган. Натижада ювинди ва маиший сувлар шундоқ ҳовлига оқиб ётибди.
Мана, бир йилдирки, аҳоли идорама-идора сарсон. Чала қурилишларга оид бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Савол туғилади: қурилиш сифати, лойиҳалар ижроси кимнинг назоратида? Камчиликларга йўл қўйган қурилиш ширкатларига қандай таъсир чоралари қўлланилади?
А.Болқиев
«Ўзбекистон почтаси»
АЖ Қашқадарё вилояти бошқармасига!
Бепарволик тоқайгача?
Муассасамиздаги ходимлар ва дам олувчилар ахборот олишлари учун кўплаб газета ва журналларга обуна бўлганмиз. Аммо, бир неча ойки, «Қашқадарё соҳили санаторийси» МЧЖга обуна нашрлари етказиб берилмаяпти. Сабабини суриштириб-суриштириб, бизнинг ҳудудимизга хизмат кўрсатадиган 9-алоқа бўлими почтальони ишдан бўшаб кетганини аниқладик. Агар почтальон қандайдир сабабларга кўра ишдан бўшаса, «Ўзбекистон почтаси» АЖ Қашқадарё вилояти бошқармаси зудлик билан шунга яраша чора-тадбир ишлаб чиқмайдими? Ёки янги ходим ишга олингунча обуначилар ойлаб ўз нашрларини олмаслиги, ўқимаслиги керакми?
Рости, почта хизматининг тезкорлиги, қулайлиги ҳақидаги эълонлар, афишаларга ҳам ишонмай қўйдик. Яъни, бизга газета-журналлар ўз вақтида келмас эди. Кечикиб-кечикиб келарди. Кейинги ойларда эса умуман келмай қўйди… Бу обуначиларга нисбатан бепарволикми ёки почта ташкилотининг иложсизлигими?
Нодир ШОДИЕВ,
«Қашқадарё соҳили санаторийси» МЧЖ
Маънавият бўлими бошлиғи
Тошкент шаҳри ҳокимлигига!
ТОШКЕНТДА ТРАМВАЙ ҚАТНОВИ ТИКЛАНАДИМИ?
Ижтимоий тармоқларда, шунингдек, «O’zbekiston 24» телеканалида эфирга узатилган «Менимча» телелойиҳасида Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти муаммоларини ҳал қилиш учун трамвай ҳаракатини тиклаш борасидаги таклифлар янграй бошлади. Умуман, Тошкент ҳокимлиги бу таклифга қандай муносабат билдиради?
Трамвай йўналишларини тиклаш пойтахт учун зарурми? Агар зарур бўлса, ҳокимлик бу ташаббусни қўллаб-қувватлашга қанчалик тайёр?
Акмал МИРЖАЛИЛОВ
Автомобиль йўллари қўмитасига!
ЙЎЛЛАР ҚАЧОН РАВОН БЎЛАДИ?
Сенатнинг XX ялпи мажлисида сенатор Қутбиддин Бурҳонов амалдаги қонун ҳужжатларида автомобиль йўлини жорий таъмирлаш ишлари бажарилгандан сўнг унинг хизмат қилиш муддатига нисбатан талаб белгиланмагани сабабли йўллар қисқа вақт ичида яна таъмирга муҳтож ҳолатга келиб қолаётганини танқид қилганди.
Бунга жавобан Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев жорий таъмирланган йўлларнинг хизмат қилиш муддатини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгилаш мумкин эмаслигини, дунёнинг ҳеч қаерида бундай қоида йўқлигини айтганди. Ўз навбатида, Қутбиддин Бурҳонов қўмита раисининг иддаоларини рад этиб, амалга оширилаётган йўл қурилиши сифатини танқид қилган ва ҳар бир ишнинг кафолати бўлиши кераклигини таъкидлаганди.
Дарҳақиқат, қатор Европа давлатлари ва АҚШда ётқизилаётган асфальт қопламалардан капитал таъмирсиз 20-30 йиллаб фойдаланиш мумкин экан (Интернетда бу ҳақда бир талай маълумотларни учратдик). Нега энди бизда янги ётқизилган асфальт йўлнинг баъзи қисмлари бир-икки ой ҳам ўтмай яроқсиз аҳволга келиб қолмоқда? Бу, авваламбор, халқимизнинг, солиқ тўловчиларнинг пули. Демак, сизга бу саволни беришга тўла ҳақимиз бор, деб ўйлаймиз.
Эркин ҒУЛОМОВ
Ўзбекистон Республикаси
соғлиқни сақлаш вазирлигига!
Шу ростми?..
Бир неча йилдан бери иккинчи гуруҳ ногирониман. Шу боис хусусий тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишга мажбурман. 2018 йил 19 ноябрда «Кун.уз» сайтида бундай муассасалар томонидан кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиш мумкинлиги ҳақидаги маълумотни ўқиб қолдим. Бироқ хусусий тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва ходимларининг деярли барчаси бу имтиёз мавжудлиги ҳақида билишмас экан. Шу боис ҳеч ким огоҳлантирмаган, деган баҳонада хизмат кўрсатишни рад этишмоқда.
Илтимос, шу ҳақда тўлиқ маълумот берсангиз.
Ҳамидулла АКРАМОВ
Навоий вилояти
НЕГА ШУНДАЙ?..
Мамлакатимизда даволаш имкони бўлмаган касалликларга чалинган беморлар кўпчиликни ташкил этади. Масалан, оёғи ёки қўли кесиб ташланган, ҳатто кўзи, бурни, тили, қулоғи, ўпкаси, буйраги йўқ, бутунлай кўрмайдиган, эшитмайдиган беморлар ҳам бор.
Аммо нима учун даволашнинг умуман иложи бўлмаган ушбу беморлар ҳам нафақа олиш учун вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтишга мажбур?
Нафиса Ҳабибуллаева
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига!
СПОРТ МУРАББИЙЛАРИГА МАЛАКА АТТЕСТАЦИЯСИ КЕРАК
Спорт таълимини берадиган хусусий муассаса мураббийларидан малака аттестацияси талаб қилинмайди. Шунданми, ҳар қандай тадбиркор ўз билганча спорт мактаби очиб, болаларни «тарбияламоқда». Оқибатда ёшлар спортчи кучини, қувватини яхшиликка ишлатиши, ўзидан кичик, ожизларга қўл кўтармаслиги кераклиги тўғрисидаги бирламчи қоидалардан ҳам бехабар қолмоқдалар. Шундай вазиятлар бўладики, икки спорт мактаби тарбияланувчилари ўртасига адоват, душманлик, жанжал оралайди.
Мураббий учун малака аттестацияси талаби қўйиладими? Мутасадди ва масъуллар ушбу оғриқли масала хусусида бош қотиришадими?
Лочин ҲУСАНОВ,
Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси раиси
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига!
ДАРСЛИКЛАР ҲАР ЙИЛИ ҚАЙТА ЧОП ЭТИЛИШИ ШАРТМИ?
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Молия, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамда Матбуот ва ахборот агентлигининг «Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 28 апрелда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 2577), умумтаълим мактабларининг биринчи синф ўқувчилари учун дарсликлар ҳар йили, 2-4-синфлар учун икки йилда бир марта ва 5-9-синфлар учун тўрт йилда бир марта янгиланиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 майдаги «Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қабул қилинган ушбу қарор замон талабига қанчалик жавоб беради? У давлатимиз бюджетига асоссиз равишда катта юк бўлиб тушмайдими? Халқ таълими ва матбаа тизимида коррупциявий ҳолатларга йўл очмайдими?
Ахир биринчи синф ўқувчилари учун дарсликларнинг турли муаллифлар иштирокида ҳар йили, 2–4-синфлар учун икки йилда бир марта чоп этилиши уларнинг мазмун-моҳиятига жиддий таъсир кўрсатмагани ҳолда, бюджет пулларининг беҳуда совурилишига сабаб бўлаётгани айни ҳақиқат-ку? Ваҳоланки, бошланғич синф ўқувчилари учун дарсликларнинг мазмун-мундарижасини пишиқ-пухта тайёрлаш ва уларни ҳам тўрт йилда бир марта янгилаб бориш энг оқилона йўл эмасми?
Назира ХУДОЙБЕРГАНОВА
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖга!
ЙЎНАЛИШ АВТОБУСЛАРИ КЎПАЯДИМИ?
Кўп қатори шаҳар транспортидан фойдаланаман. Фарҳод деҳқон бозори ёнидаги бекатдан 13-автобусга чиқиб, ишга бораман. Кўпчилик йўналишдаги автобуслар қатнови яхши. Ҳар бири бўйича 5-6 таси манзили томон йўл олгандан сўнг 13-автобус бекатга имиллаб кириб келади. Кутувчиларнинг сабр косаси тўлиб кетади. «Изза-МУМ» йўналишида қатновчи бу автобус сонини ошириш ҳақида матбуот анжуманларида ҳам, 12-11 рақамли колл-марказга ҳам мурожаат қилдик, ҳеч натижа бўлмаяпти. Кутавериб, ишга кечикишини ўйлаб тоқати тоқ бўлган йўловчилар ҳайдовчи ва кондукторга бақириб, арз-дод қилганининг кунда-кунора гувоҳи бўламиз. Шу йўналишдаги автобуслар сонини кўпайтиришнинг иложи йўқми?
Комила БОЙМУРОДОВА
