Қишлоқнинг ёши катта отахон ва онахонлари билан суҳбатимиздан шу нарса аён бўлдики, қишлоқда туман масъуллари, сектор раҳбарлари иштирокида аҳоли билан учрашув ўтказилмаган, муаммоларни ўрганиш учун бирон-бир раҳбар келмаган. Ваҳоланки, бугунги раҳбарлар гарданига фақат кабинетда ўтирмасдан, жойларга чиқиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимини топиш вазифаси юклатилган.
Айни пайтда ушбу кўчаларда бир ярим минг нафар аҳоли яшайди. Улар ўтган асрнинг 60-йилларида қазилган яккаю-ягона қудуққа навбатга туриб, сув ташиб ичишади. Қудуқ атрофидан кечаю кундуз одам аримайди. Аҳоли машина, эшак арава, замбил, велосипедда пақир, елим идиш, пластмасса ва темир флягаларда сув ташийди.
Қишлоқ нуронийлари қишлоққа камида яна битта сув қудуғи зарурлигини айтиб ва кўчаларга обиҳаёт тармоғи тортилишида кўмак сўраб, кўп жойларга мурожаат қилишган. Аммо арзлари эътиборсиз қолиб кетди. Бир сафар «2015 йилда дастурга тушгансизлар» деган жавобни олишганда, қишлоқ аҳли роса суюнганди… Аммо, мана, 2022 йил ҳам бошландики, қишлоққа сув тармоғини тортишдан дарак йўқ.
Капаянги – Бешариқ тумани марказидан 20 километр узоқликдаги қишлоқ. Қишлоқ аҳли асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек кўринган бу қишлоқда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ҳам бор. Узоқ йиллардан бери қишлоқнинг Устозлар ва Бойтўпи кўчасида яшовчилар учун тоза ичимлик сув ташиб келиш чинакам машаққатга айланган.
– Шу қишлоққа келин бўлиб тушганимга 37 йил бўлди. Ўшандан бери бир километрлик масофадан сув ташиб ичамиз, – дейди Зулайҳо Мақсудова. – Сувга борсангиз, 2-3 соатсиз уйга қайтмайсиз. Чунки қудуқ олдида доимий равишда узундан-узоқ навбат бўлади. Ўтган йили маҳалла аёллари билан кўчаларга тармоқ тортиб беришда кўмак сўраб, туман ҳокимиятига бордик. Овора бўлганимиз қолди. Тайинли жавоб йўқ.
– Қишлоғимиз аҳли ориятли, – дейди Озодахон Эрматова. – 1994 йилда табиий газдан узилдик, ҳеч қаерга «дод» деб бормадик. Йўлларимиз асфальт кўрмаган. Аммо бирор жойга бориб, шикоят қилмадик. Маҳалла-кўй пул тўплаб, ўзимиз шағал ётқиздик. Аммо сув ташиб ичишдан чарчадик…
Қишлоқдаги муаммолар бўйича «Капаянги» МФЙ идорасига бордик. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳомжон Жалолов идорада йўқлиги боис у билан телефон орқали боғландик. Раис айни пайтда олисда экани, Капаянги 2023 йил давлат дастурига киритилганини айтди.
Қишлоқнинг ёши катта отахон ва онахонлари билан суҳбатимиздан шу нарса аён бўлдики, қишлоқда туман масъуллари, сектор раҳбарлари иштирокида аҳоли билан учрашув ўтказилмаган, муаммоларни ўрганиш учун бирон-бир раҳбар келмаган. Ваҳоланки, бугунги раҳбарлар гарданига фақат кабинетда ўтирмасдан, жойларга чиқиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимини топиш вазифаси юклатилган.
– Айни пайтда Устозлар кўчасидаги 143 та хонадонда 867 нафар, Бойтўпи кўчасидаги 119 та хонадонда 648 нафар аҳоли яшайди, – дейди «Капаянги» МФЙ раиси котиби Толибжон Шодиев. – Уларни қийнаб келаётган сув муаммоси бўйича ҳар йили таклиф берамиз, мурожаат қиламиз. Лекин таклифимиз ўтмайди. Бу муаммо қачонки қишлоқ «Обод қишлоқ» давлат дастурига тушсагина, ўшанда ҳал бўлиши мумкин.
Жорий йил «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб номланди. Тумандаги мутасаддилар бу эзгу мақсаднинг моҳиятини нечоғли тушунишар экан, кўрамиз?
Умид қиламизки, «Капаянги»да ўзгаришлар бўлади.
Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»
