Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши ўтган йил мобайнида салкам ярим миллионга яқин ёзма мурожаатни қабул қилди. Уларнинг салкам олтмиш фоизи касаба уюшмаларига аъзо бўлмаган фуқаролар ва ташкилотларда ишловчилар ҳиссасига тўғри келаётгани, айниқса, кишини ўйга толдиради.
– Энг кўп мурожаатлар Самарқанд шаҳри ва Пастдарғом туманида яшовчи фуқаролар томонидан йўлланган, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгашининг Мурожаатлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Санобар Жапарова. – Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида ишловчилар аризаси кўпроқ. Бу эса мазкур тизимларнинг қаеридадир бўшлиқ борлигидан далолат беради.
Касаба уюшмаларида бир анъана бор. Журналда қайд этилган мурожаатни дахлдорлик юзасидан у ёки бу ташкилотга ошириб юбориш одати йўқ. Ариза юзасидан кимгадир масъулият юклатилиб, масала охирига етгунча назоратда ушланади. Худди ана шу анъана нафақат жамоат ташкилотига бўлган ишончни мустаҳкамламоқда, балки мурожаатлар сонини ҳам оширмоқда. Бир қатор хат муаллифлари билан қилинган мулоқотларда аёнлашдики, улар касаба уюшмаларига аъзо эмас, ташкилот вазифаси, мақсад ваколатларидан ҳам деярли хабарсиз. Аммо зарурат туғилганда касаба уюшмалари эшигини қоқиб келишади.
Келинг, ушбу мурожаатларнинг баъзиларига кўз ташлайлик.
Пахтачи туманида яшовчи Г.Эшқобилованинг оиласи бузилган. У ўз мурожаатида турмуш ўртоғи билан расман ажрашганини баён этади. Лекин мол-мулкни тақсимлаш масаласи муаммога айланган. Аризачи кўп идораларга бош суққан бўлса-да, муаммога ечим топилмаган. Охир-оқибат касаба уюшмаларидан шу масалада амалий ёрдам сўраган. Жамоат ташкилоти аризачига йўл-йўриқ кўрсатиш билан кифояланиши мумкин эди. Аммо бундай бўлмади. Пахтачи туманидаги тармоқ касаба уюшмаларига шикоятчига ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси топширилди.
Самарқанд шаҳрида истиқомат қилаётган М.Ғуломова ҳам касаба уюшмаларига арз қилди. Етмиш ёшдан ошган онахоннинг асли касби ўқитувчи. Турли йилларда мактабни бошқарган. Кейинчалик маҳалла тизимида маслаҳатчи, жамғарманинг масъул лавозимларида фаолият юритган. Ёши бир жойга етганида ҳаж ибодатини кўнгилга тугади. «Имкон бўлса 1800 АҚШ доллари миқдорида ёрдам кўрсатишингизни сўрайман», дея ўз мактубини ниҳоялайди онахон. Касаба уюшмаларида бундай имконият йўқ. Аммо кекса аёлга кўмак кўрсатиши мумкин бўлган ташкилотлар бисёр.
– Онахоннинг аризасини беэътибор қолдирмадик, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ифтихор Раҳимов. – Касаба уюшмалари йўналишида ҳам кўмак кўрсатилади. Қолаверса, бу истакни бир қатор мутасаддиларга етказганмиз.
Мурожаат натижасини кимдир интиқ кутади. Ана шундай бир шароитда касаба уюшмаларига келган ҳеч бир нома эътибордан четда қолмаяпти. Гарчанд у адашган мактуб бўлса ҳам…
Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»
