ҚАРШИНГИЗДА «МИНГ ТИЛЛА»ЛИК ИМКОНИЯТ

1263

ёхуд келажак касблари ҳақида мулоҳазалар

Комилжон Машрабов айни вақтда етмиш беш ёшда. У киши узоқ йиллар қурувчи-иқтисодчи сифатида фаолият юритган. Ўғли автоҳалокат туфайли бевақт вафот этди-ю, набиралари таълим-тарбияси унинг зиммасига тушди. Тўнғич набираси Нодирбек олий ўқув юртига киролмагач, ахборот технология­лари соҳасида ўқиди. Ҳозирда унга иш таклиф қилганларнинг саноғи йўқ.

– Олдиларида «минг тиллалик» касб-корлар турганда ёшларимиз четга бориб, қурилишларда кам маошли ишларда меҳнат қилаётганини сира тушунмайман, – дейди отахон.
Ҳа, замонавий мутахассисликларни мукаммал эгаллаган ҳар бир киши эртанги кунига мус­таҳкам замин ҳозирлаши мумкин.
– Ахборот технологиялари ривож­ланган бир пайтда ёшларимизнинг ўзга юртларда оғир жисмоний меҳнат билан пул топишаётгани ачинарли, – дейди Избос­кан тумани «Оқ олтин» маҳалласида ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият ­бошлаган Бахтиёр Турсунов. – Дунёни эса фақат илм кучи билан забт этиш мумкин.
Эътиборли жиҳати, бугунги кунда, «Бир миллион ўзбек дастурчилари» («Onem­illionuzbekcoders») лойиҳаси асосида ёшлар ахборот технология­лари мутахассисликларига ўқитилмоқда. Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникация­ларини ривожлантириш вазирликлари ва IT-Park томонидан «Dubai Future Foundation» билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур ­лойиҳага катта маблағ ажратилган. Мақсад – қисқа вақт ичида минглаб, миллионлаб ўзбек дастурчиларини етиштириш ва ёшларнинг ўзини ўзи банд қилиш­ларини таъминлаш, қолаверса, жамиятга юксак интеллектуал IT-мутахассисларини етказиб бериш.
Ушбу лойиҳага асосан, фаолият юрита бошлаганига кўп бўлмаган Андижон «Ёшлар технопарки»да вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари учун веб-­дастурлаш, график дизайн, 3D моделлаштириш, робототехника каби замонавий касбларни бепул ўрганиш имконияти яратилди.
Мазкур ўқув курслари вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчиларининг бандлигини таъминлаш ҳамда касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида «Замонавий касбларни бепул ўрганинг» лойиҳаси асосида амалга оширилмоқда.
Эътиборлиси, лойиҳа битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш билан бирга, мустақил даромад топиш ва IT касбларини ўрганишига ҳам бирдек ёрдам беради.
– Курсларимизга иккинчи марта ўқувчиларни қабул қиляпмиз, – дей­ди Андижон «Ёшлар технопарки» раҳбари, Турин политехника университетининг ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва компьютер муҳандислиги мутахассислиги бўйича битирувчиси Абдулазиз Ёқубов. – Ўқиш жараёнида уларнинг инглиз тили, математика ва информатика каби муҳим фанлардан билими саёзлиги сезилиб қоляпти. Бу муаммо, ўз навбатида, уларнинг ахборот технологиялари йўналишида таълим олишига тўсиқ бўлмоқда. Дастлабки битирувчиларимизга давлат ва хусусий корхона, ташкилотлардан дурустгина маош эвазига ишга таклиф тушяпти. Қолаверса, улар ишдан бўш вақтларида ҳам буюртма асосида яхши даромад топишлари мумкин. Масалан, график дизайнерликни яхши уддалай олган мутахассис ўртача 20 доллардан буюртма олади. Ва бундай буюртмаларнинг бемалол тўртта-бештасини дам олиш кунлари ёки бўш вақтларида тайёрлаб беради.
Технопарк битирувчиларига нафақат вилоят марказида, балки туманларда ҳам талаб кучли.
– Компьютер дастурчиларига туманимиздаги хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларимиздан таклифлар кўп. Айтайлик, ошхона ва кафеларда официант хизматини дастурлаш орқали иш унуми ва хизмат кўрсатиш сифати ортади, – дейди Избоскан тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Мақсудбек Кенжабоев. – Лекин, афсуски, бизга иш сўраб, мурожаат қилган дастурчилар йўқ. Чунки бу касб эгалари вилоят марказида корхона ва ташкилотлардан ортмайди. Талаб кучли бўлган яхши мутахассисга эса ҳар қандай иш берувчи катта маош беришга тайёр.
Германиядаги нуфузли «Anaconda» компанияси муҳандис дастурчиси Жаҳонгир Раҳмонов Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида грант асосида ўқиган.
– Икки йил олдин Германияга кўчиб келдим, – дейди у. – Тошкентда ишлаб юрган пайтларим менга «LinkedIn» платформаси орқали «Delivery Hero»да ишлаш таклифи келди. Ҳужжатларимни онлайн равишда тақдим этдим. Қатор синовлардан ўтганимдан кейин иш таклифини юборишди. 2019 йил охирида компания­нинг Бош штаб-квартирасида муҳандис дастурчи сифатида иш бошладим. Ҳозир «Anaconda» компаниясида ишлаяпман. Дастурчиларда, умуман IT оламида, бош­­қа соҳаларга нисбатан яхшироқ. Лекин ойликлар ягона даромад манбаи эмас. Бўш вақтларда ҳам яхшигина қўшимча маблағ ишлаб топса бўлади.
Ўз-ўзидан савол туғилади: фарзанд­ларимиз қачонгача бировларнинг қўлига қарам бўлиб яшайди? Уларнинг ўз бизнесларини ёки ишларини йўлга қўйишга иқтидори етмайдими?
Етади, албатта! Озгина туртки ва йўналиш берилса бас. Буни Комилжон Машрабовнинг невараси Нодирбек, талаба Абдулазиз Ёқубов ҳамда IT муҳандиси Жаҳонгир Раҳмоновга ўхшаган иқтидорли ёшларимиз исботлаб улгуришди.
Ана энди хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг…