Мумтоз адабиётимизнинг йирик вакиллари – Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган. Юртимизда бу улуғ аждодларимиз таваллудига бағишлаб турли тадбирлар – ижодий кеча ва давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда.
Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 243-мактабда ҳам икки буюк шоир таваллудига бағишлаб “Назм сарбони” номли катта тадбир бўлиб ўтди. Унда ўқувчилар томонидан аллома боболаримизнинг ғазаллари, рубоилари ўқилиб, саҳна кўринишлари ижро этилди. Адабиёт ўқитувчилари – Дилфуза Ширинова, Навбаҳор Сафарова, Умида Мирзаева ва Дилноза Қодировалар эса тадбир иштирокчилари ва ўқувчиларига “Хамса” ва “Бобурнома” асарларининг айрим қисмларини шарҳлаб беришди. Шу билан биргаликда тадбирда аждодларимизининг издоши сифатида истеъдодли ўқувчилар ўз ижод намуналаридан шеър ва тўртликлар ўқишди.
Шундан сўнг устоз-муаллимлар икки улуғ шоир асарларидаги инсоннинг аҳлоқий ва маънавий камолотига оид масалалар, яхши фазилатларни қандай ривожлантириш кераклиги борасидаги битикларининг моҳияти ҳақида атрофлича муҳокама қилишди.
Тадбирдан кўзланган мақсад ўқувчиларда ватанпарварлик, инсонпарварлик, юртга муҳаббат, аждодларга ҳурмат-эҳтиром туйғуларини юксалтириш ва шу аждодларга муносиб авлодни шакллантиршдир. Дарҳақиқат, бу улуғ алломаларимизнинг кўп қиррали фаолияти замонлар оша бугунги кунгача ёш авлод учун маданий-маърифий мактаб вазифасини ўтаб келмоқда. Неча даврлар ўтса-да аждодларимизнинг яхшилик ва инсонпарварлик ғоялари битилган асарлари ўз қадр-қиммати ва аҳамиятини йўқотмайди.
Яйра Абдуллаева,
Олмазор туманидаги 243-мактабнинг ижодий-маданий
масалалар бўича тарғиботчиси
