ёхуд елим халталардан қачон воз кечамиз?
Харид қилгани дўконга чиқсак, пул, пластик картани чўнтакка соламиз, ҳатто оладиган нарсаларимиз рўйхатини тузиб оламиз. Аммо ўзимиз билан сумка олиш кўп ҳолларда хаёлимиздан кўтарилади.
Енгил, пишиқ, бунинг устига, текин бериладиган «қора целлофан» бор деймиз-да! Бироқ ана шу бир марталик елим халта ерга кўмилганда ҳам нақ 300 йил чиримай, сайёрамизга зарар келтиришини ўйламаймиз ҳам. Бу ҳақда олимлар, экологлар жар солишни бошлаганига ўн йилдан ошди-ёв.
Президентнинг 2018 йил 30 майдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш ҳамда қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш тақиқланган.
Хўш, бир марталик елим халталарни бепул бериш тақиқига оид ҳужжат ижроси қай даражада?
Орадан шунча вақт ўтганига қарамай, кўплаб дўконларда вазият ўзгарган эмас. Тўғри, йирик савдо дўконларида пакетлар учун нарх белгиланган ва уларни пулга сотиб оляпмиз. Лекин озиқ-овқат дўконлари, деҳқон бозорларида бундай ҳолат учрамайди.
Эҳтимол, савдогар пакетнинг нархини маҳсулотга қўшиб қўя қолган, дерсиз. Яшанг, бироқ қарорга кўра, бу мумкин эмас.
Тақиқ бўлгач, унинг муқобил ечими ҳам бўлиши керак. Афсуски, савдо қилишимиз учун тутқичли биологик пакетни топа олмаймиз. Кўп марталик эко сумкалар баъзи жойларда бор, лекин биз кутганчалик оммалашмаган. Қоғоз пакетларнинг «қора»си ҳам кўринмайди!
Оғриқли масаланинг бошқа томони ҳам бор. Сайёрани асраш ва қарорларнинг амалга ошишини нега тарғиб қилмаймиз? Ахир бу энг осон ва самарали усул-ку! Катталар ва болалар учун интерфаол шаклда елим идишлардан воз кечиш ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрлаб, уларни тизимли равишда эфирга узатмаймиз. Инсоннинг маданияти унинг табиатга, атроф-муҳитга муносабатида билинади. Биз одамларни кўриниши, муомаласига эмас, экологияга муносабатига қараб ҳам баҳо беришни бошлашимиз керак.
Хуллас, бизга текин, аммо табиатга қиммат тушадиган елим халталардан воз кечайлик. Ўзимиз билан кўп марта ишлатса бўладиган экологик сумка олиб юришдан уялмайлик.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»
