«Кичик дарё » қандай пайдо бўлган эди?

876

ёхуд Қилич Ниёзбойнинг исмини тарихга муҳрлаган обида

Қуйи Амударё бўйларидан Қилич Ниёзбой номи билан аталадиган канал оқиб ўтади.
1815 йили қазилган ушбу канал муҳим аҳамиятга эга бўлиб, узунлиги 120 километр, эни ўртача 80 метр, чуқурлиги турли жойларда 2, 3, 4 метр келади. Қилич Ниёзбой каналининг бош қисмида сув ўтказиш имконияти ­сониясига 110-120 куб/м.га тенг. Канал ҳозирги кунда 70 минг гектардан зиёд ер майдонини суғоришга хизмат қилмоқда. Шундан 20,7 минг гектари Хоразм вилоятининг Янгибозор, Гурлан туманларидаги, 16,7 минг гектари Қорақалпоғис­тоннинг Амударё туманидаги, 26,2 минг гектари эса Тошҳовуз вилоятининг Пўрси, Губатоғ туманидаги ерлардир.

Хўш, ана шундай оби ҳаёт манбаини бунёд этган Қилич Ниёзбой ким? Афсуски, бу саволга кўпчилик жавоб беролмайди.
Маълумки, XIX асрда Хива хони Муҳаммад Раҳимхон I қўриқ ерларни ўзлаштириш ва шу жойларга одамларни кўчириб келтириш сиёсатини юргизди. Табиийки, янги ерларда деҳқончилик қилиш учун сув олиб келиш керак эди. Гурлан, Қиёт-Қўнғирот, Манғит, Тошҳовуз беклик­лари ҳудудларига сув олиб бориш ҳақидаги Қилич Ниёзбойнинг ташаббуси хонга маъқул тушади. Канал қазиш ишларига айнан унинг ўзини раҳбар этиб тайинлайди.
Баъзи ривоятларга кўра, бугунги Қилич Ниёзбой канали оқиб ўтадиган жойлар илгари қумлоқ, қўриқ ерлар бўлган экан. Бир куни хон Муҳаммад Раҳимхон I Қўнғирот тарафга ўтаётганида шу жойда тўхтабди. Хон ва унинг ёнидаги амалдорларни кутиб олгани чиққан ўша ерлик эл оқсоқоли – Қилич Ниёзбой хонга шу ташландиқ ерларга сув келтириб, ўзлаштириш ҳақида гап очиб, «Сиз ҳам шунда чўлда эмас, боғ-роғларда ҳордиқ чиқариб кетасиз. Халқ ҳам сиздан миннатдор бўлади», деган экан.
Шундан сўнг ташаббускор ва тадбиркор Қилич Ниёзбой раҳбарлигида 1815 йили янги канал қазиш ишлари бошланади. Канал қазиш ташаббускори бўлгани учун янги канал унинг номи билан аталади.
Қилич Ниёзбой каналидан чап томонга Бешуйли, ўнг томонга эса Гурлан, Нукус, Уйғур, Полвонбек каналлари (ёплари) ажралиб чиққан. Бу каналлар орқали Амударёнинг жуда кўп сувлари ерларни суғориш учун етиб борадиган бўлади. Кейинчалик Хива хонлигига келган россиялик географ А.В.Каульбарс Қилич Ниёзбой каналини кўриб, ҳайратланган ва уни «кичик дарё» деб атаган.
Ушбу канал шарофати билан Хоразмда суғориладиган ерлар анча кенгая­­ди. Қумлоқ ва қўриқ ерлар ўзлаштирилиб, боғу бўстонга айлантирилади.
Тарихдан маълумки, XIX аср бошларида Россиянинг Хива хонлигига тажовузи ва таҳдиди кучая бошлайди. Бундай вазиятда Хива хонига чор империяси билан дипломатик алоқа олиб бора оладиган шахс керак бўлади. Ўша вақтда хонликда обрў-эътибор қозонган кишилардан бири Қилич Ниёзбой эди. 1846 йили савдогар Шукуриллобой Мис­кинов ­билан Қилич Ниёзбой Хива хонлиги элчилари сифатида Россияга йўл олишади. Уларни шахсан император Александр I ва давлат канц­лери Нессельроде қабул қилади. Иккала давлат ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйган ва Россиянинг хонликка тажовузи олдини олишга уринган элчилар, ҳарна бўлса-да, ўз халқининг осойишталигини таъминлашга ҳаракат қилишади.
Ўзининг тадбиркорлиги ва изланувчанлиги билан янги канал қаздирган Қилич Ниёзбой шимолий Хоразм заминида деҳқончилик маданияти ривожланишига катта ҳисса қўшади.
Канал қазилгач, ҳозирги Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидаги ҳудуд ўзлаштирилиб, у ерда машҳур мироб ва давлат арбоби номи билан аталадиган қишлоқ ҳам барпо этилади. Ўша ерда Қилич Ниёзбой ўзи учун махсус ҳовли ҳам қурдирган. Академик Яҳё Ғуломовнинг ёзишича, «Канал ирмоғидан 66 километр нарида эски анъанага асосан қалъа қурилган. Канал ҳам, қалъа ҳам Муҳаммад Раҳимхоннинг машҳур амалдорларидан бири Қилич Ниёзбой номи билан юритилади» («Хоразмнинг суғорилиш тарихи». Т. 1959. 227-бет).
Вақт ўтиб, мироб номи билан аталадиган 120 километрлик канал бўйлари хонликнинг энг серфайз жойларига, каналдан сув ичадиган ерлар эса ҳосилдор майдонларга айланади. Қилич Ниёзбой қишлоғига кўплаб аҳоли кўчиб келади.

Ушбу тарихий далилдан хулоса шуки, тадбиркор ва дипломат Қилич Ниёзбой келажак авлодларга муносиб ёдгорлик қолдирган. Бу ёдгорлик бугун Қилич Ниёзбой номи билан юритиладиган канал ва қишлоқдир. Ўз даврида эъзозга сазовор бўлган аждодимиз Қилич Ниёзбойнинг канали бугунги истиқлол даври одамлари учун ҳам наф келтирмоқда.

Умид БЕКМУҲАММАД,
тарихшунос