ёхуд Булунғурда аслида бўлмаслиги керак бўлган иш бўлди
Кейинги пайтларда кўп қизиқ ишлар бўлаяпти. Навбатдаги ёқани ушлатадиган «янгилик» Булунғур туманида кузатилди.
Ёш болага, бирор нарсага тегма, десангиз ҳам тегинади. Буни ҳамма билади. Лекин баъзан кап-катта кишилар ҳам «ёшлик» қилиб, «тегилмасин» дейилган нарсага қўл «чўзишар» экан. Ишонаверинг…
Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида «Соҳибкор» номли болалар соғломлаштириш оромгоҳи бор эди… Энди эса йўқ! У сотилди. Агар сиртдан қаралса, оромгоҳнинг сотувга қўйилишида унча-бунча камчилик кўзга ташланмайди. Аммо масалага ичкаридан «мўраласангиз», инкор этилганини сезиб, беихтиёр «Йўғ-е, наҳотки?!.» деб юборасиз…
Шундай қилиб, сўлим ва баҳаво гўшада жойлашган оромгоҳ туманда ягона эди. У салкам 55 йил ёш авлодга беминнат хизмат қилди. Афсуски, масъулларнинг эътиборсизлиги туфайли йиллар ўтгани сайин тутдек тўкилиб бораверди. Ёзги таътиллар арафасида бино ва иншоотлари гўёки таъмирланиб турди. Жорий таъмир оҳаклаш, бўяш, синган ойнани янгилаш, кўчган шиферларни алмаштиришдан иборат бўлди холос.
Афсуски, ҳар йили тушадиган ямоқлар усули оромгоҳни янгилаш, яъни капитал таъмирлаш, қўшимча бинолар қуриш ва ободонлаштириш масалаларига алмашмади. Аксинча, йил сайин баттарлашиб бораверди.
Булунғурлик болалар бу масканда сўнгги бор 2017 йилги ёзги таътил вақтида дам олишган. Аслида оромгоҳ ҳалигача ва ҳамиша ўқувчиларга хизмат қилса қани эди. Негаки…
Маълумотларга кўра, туманда 69 та мактаб бўлиб, уларда 37 минг нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларнинг 30 мингга яқини ҳали 15 ёшга тўлмаган, ёзги таътилни оромгоҳларда ўтказиши мумкин бўлган болалар. Шу рақамларнинг ўзиёқ оромгоҳ нақадар муҳим объект эканлиги ва у ҳечам сотилмаслиги кераклигини «кўрга ҳасса» каби исботлаб тургандек.
Бир йили шарти кетиб, парти қолган оромгоҳни мавсумга тайёрлаш ишларига касаба уюшмадан ҳам вакил бириктирилди. Маълум вақтдан сўнг, комиссия хулосасига кўра, «Соҳибкор»даги шарт-шароитлар «қониқарсиз» деб топилди. Калтак эса, оромгоҳ эгалари, масъуллар қолиб, бечора вакилнинг бўйнида синди. У ишдан бўшатилди!
Қисқаси, ўшанда оромгоҳни мавсумга тайёрлашга оид чора-тадбирлар «эгалар»ига сўзи ўтмаган ходимга чора кўриш билан якунланди.
Йиллар давомидаги эътиборсизлик ва қаровсизлик, айбсиз айбдорларни жазолаш оқибатида оромгоҳ авария ҳолатига келди.
2018 йил апрель ойида вилоят давлат архитектура ва қурилиш бошқармаси болалар оромгоҳидан фойдаланишга тақиқ қўяди. Натижада бу масканнинг тақдири катта сўроқ остида қолади. Болалар ёзги таътил вақтида қаерда, қандай дам олиши ҳақида на туман ҳокимлиги, на туман халқ таълими бўлими бош қотиради.
Бу муаммо ва масалага бефарқ бўлмаган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши вилоят ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарига мурожаат қилади. 2018 йил 18 июнда йўлланган хатда «Соҳибкор»да дам олиши лозим бўлган 400 нафар ўқувчининг Жомбой, Тойлоқ ва Ургут туманларидаги оромгоҳларга кўчиришда кўмак сўрайди.
Ўша кезлар «Ishonch» газетасида аянчли аҳволдаги оромгоҳ ва унга лоқайд мутасаддилар ҳақида «Унутилаётган «Соҳибкор» сарлавҳали танқидий мақола чоп этилди. Аммо вилоят касаба уюшмалари ташкилоти мурожаатларига ҳам, газетадаги танқидий чиқишга ҳам муносабат билдирадиган мард топилмади. Кейин…
Оромгоҳ савдоси билан боғлиқ воқеалар ривожи янада ғалати тарзда давом этди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги 2020 йил 7 март куни Булунғур тумани ҳокимлигига 07-07\175-сонли хат йўллади. Унда туман ҳокимлиги «Соҳибкор» оромгоҳини қайта қуриш тўғрисида ҳам сўз юритилган. Бу хатдан кейин ҳокимиятдагилар ғимирлаб қолгандир, деб ўйларсиз. Ҳа, тўғри пайқадингиз, фақат сал «бошқачароқ»…
Қанча меҳнат ва маблағ эвазига яратилган маскан айрим масъулларга ортиқча даҳмаза бўлиб кўринди чоғи, ундан «қутулиш»га «қарор қилинди».
Халқ депутатлари вилоят кенгашининг 2020 йил 4 июндаги «Фойдаланилмасдан бўш турган давлат кўчмас мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш»га доир кўрсатмаси асос қилиб олингани ҳолда, халқ таълими бўлими тасарруфидаги оромгоҳ Булунғур тумани ҳокимининг 2020 йил 12 июндаги 409-сонли қарори билан ҳокимият балансига олинади. Шу қарорнинг 4-бандида туман ҳокими ўринбосари А.Холиқуловга ўн кун муддатда мазкур объект ва ер майдонидан самарали фойдаланиш юзасидан таклиф ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Аммо воқеалар ривожи, ёндашув умуман бошқа ўзанга бурилиб кетди.
Эътибор беринг, қарор қабул қилингач, роппа-роса 12 кундан сўнг ҳокимлик Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармасига 05\01-494-сонли мурожаат хати йўллайди. Буни қарангки, унда фойдаланилмасдан бўш турган давлат мулк объектидан самарали фойдаланиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида оромгоҳни хусусийлаштириш сўралади.
Шундан сўнг оромгоҳ бир неча марта аукцион савдога қўйилади. Ва «ниҳоят», 2021 йил 17 июн куни бўлиб ўтган савдода тадбиркор Ситора Султонова ғолиб чиқиб, оромгоҳни 308 773 000 сўмга (DА 032-053987 сонли ғолиблик баённомаси) сотиб олади.
Таажжуб, ҳокимлик ушбу бино ва ҳудуддан самарали фойдаланмоқчи эди, шекилли? Шу ўринда яна бир савол туғилади: сотиладиган объектнинг фаолият турини белгиламасдан, кўрсатмасдан аукцион савдога чиқаришдан мақсад нима эди? Мақсад – оромгоҳни мақсадсиз пуллаш бўлиб қолмаяптими? Нега Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази масаланинг ана шу жиҳатига эътибор қаратмаган?
Энди энг муҳим ва нозик масала ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Гап шундаки, 2021 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ мажлиси ўтказилган. Ўша мажлиснинг 1-сонли баённомасида ҳудудлардаги болаларни соғломлаштириш оромгоҳларини сотишга қатъий тақиқ қўйилган. Шунингдек, ушбу баённомада болалар оромгоҳларининг сотилиши ёки бошқа ташкилотлар балансига ўтказилишини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари розилигисиз амалга оширмаслик белгилаб қўйилган.
Не ажабки, мазкур оромгоҳ сотилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгашидан розилик олиб ўтирилмади.
Қолаверса, баённоманинг 39-бандида бир неча вилоятлар қаторида Самарқанд вилояти ҳокими зиммасига ҳам оромгоҳларни сотувга қўйиш ва сотиб юбориш ҳолатларига чек қўйиш вазифаси юклатилган эди.
Аммо…
Эътибор беринг: Вазирлар Маҳкамасидаги йиғилиш 2021 йил 19 май куни ўтказилган. Лекин орадан бир ой ҳам ўтмай, аниқроғи, 2021 йил 17 июнь куни оромгоҳ сотилган!
Энди ўзингиз айтинг, бу ҳукумат кўрсатмасига ўзига хос «ҳурмат белгиси» эдими? Ахир баёнда Самарқанд вилояти деган атама алоҳида келтириб ўтилган-а… Булунғур қайси ҳудудга қарайди ўзи?
Бу ёқда эса, аукцион савдода фаолият тури белгиланмаган объектни сотиб олган тадбиркор «фаолиятини» оромгоҳ ҳудудидаги 198 та дов-дарахтни кесишдан бошлаган.
Ҳа, энди, 1,45 гектар майдонни иншоот ва ускуналари билан сув текинга олган ишбилармон билганини қилади-да! Саволлар эса кўп. Улардан энг муҳими, булунғурлик минглаб болаларнинг ташвишини кимдир ўз зиммасига олармикан?
Бу саволни кимга берайлик?
Нурилла ШАМСИЕВ,
Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»
