Тирикчилик баҳонасидаги тирриқчилик

2236

Дам олиш кунлари илмий ишим юзасидан Бухоро шаҳрига бориб келишга қарор қилдим. Бошқа транспорт воситаларига чипталар сотилиб бўлингани ва бўш ўринлар қолмагани сабабли йўл-йўлакай Бухоро шаҳрида тўхтаб ўтадиган «Тошкент – Урганч» йўналишидаги поездда кетишга қарор қилдим.

Йўлга чиқишимиз олдидан уч-тўрт марта чипталаримизни кўздан кечирган темирйўл ходимлари ими-жимида бизга шароитлари яхши «пол-купе»ларни таклиф қилишди. Мен ҳайрон бўлиб, «Ахир, ҳозиргина бошқа ўринлар бандлиги туфайли шу чиптани сотишди-ку», дедим. Улар ­эътирозимни эшитмагандек, киши бошига 100 минг сўмдан тўласак, бошқа вагондан яхши жой топиб беришлари мумкинлигини таъкидлашди. Ортидан «тирикчилик-да, опа!», дея кулиб ­қўйишди ҳам. Ичкарига киргач, айрим йўловчиларнинг чиптаси йўқлиги, улар ҳам «оғзаки шартнома» асосида сафарга отланишганининг гувоҳи бўлдим.
Ажабо, давлатга тегишли жамоат транспортини ўз даромад манбаига айлантириб олиш баъзи бировлар учун шунчалар осонми? Бу саволимга жавоб излаш жараёнида қуйидаги хулосага келдим: бу тизимда хизмат қилаётган «проводник»ларнинг маоши оз бўлса керак, шунингдек, «ҳожатбарорлик» йўли билан топилган даромаддан уларнинг бошқа ҳамкасблари ҳам манфаатдор бўлишлари мумкин. Аслида эса йўловчиларга ноқонуний хизматлар кўрсатиб, чўнтакни қаппайтириш ҳам коррупциянинг бир кўриниши ҳисобланади.
Қани кутайлик-чи, бу нохуш ҳолатни «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва Тошкент шимолий вокзали мутасаддилари қандай изоҳлашар экан?

Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
«ISHONCH»