Кредитлар тадбиркорга мададкор…(ми?)

852

«Ishonch» газетасининг 2022 йил 27 январдаги 12-сонида «Кредит фоизлари қачон камаяди?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унга Марказий банк томонидан муносабат билдирилди. Жавоб хатида шундай дейилади:

«Марказий банк асосий ставкаси бўйи­­ча қарорлар қабул қилишда иқтисодиётда шаклланган инфляцион жараёнлар ва инфляциянинг келгуси давр учун прогнозлари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари, ички ва ташқи макроиқтисодий шароитлар асос бўлади.
Бугунги кунда иқтисодиётимизда йиллик инфляция даражаси 10 фоиз атрофида, иқтисодиëт субъектларининг инфляцион кутилмалари эса 15-16 фоиз атрофида шаклланаётган бўлиб, асосий ставканинг йиллик 14 фоиз даражасида ўзгартиришсиз сақланиб қолиши иқтисодиётда депозитлар бўйи­­ча 3-4 фоизлик реал ижобий фоиз ставкаларининг шаклланишига хизмат қилмоқда.
Хусусан, 2022 йил январь ойида миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача йиллик фоиз ставкаси 16,9 фоизни, миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси эса 20,8 фоизни ташкил этган. Бунда кредитлар ва депозитлар ўртасидаги 4-5 фоизлик тафовут тижорат банкларининг хатарлар ва операцион харажатлар бўйича «устама»сини ўзида ифода этади.
Пандемиядан кейинги даврда ялпи талабнинг таклифга нисбатан тезроқ тикланиши, асосий озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархларининг ошиши фонида инфляцион хатарлар сақланиб қолмоқда. Бундай ҳолатда асосий ставканинг кескин пасайтирилиши иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг янада тезлашиши ва реал манфий фоиз ставкаларининг шаклланиши орқали ҳам макроиқтисодий барқарорликка, ҳам молиявий тизим барқарорлигига путур етказади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 ноябрдаги ПФ-5877-сонли «Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ иқтисодиётда нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, жумладан, 2021 йилда инфляциянинг йиллик 10 фоиздан паст бўлишини таъминлаш ва 2023 йилдан унинг 5 фоизлик даражасига эришиш вазифаси белгиланган.
Бу, ўз навбатида, келгусида иқтисодиётда фоиз ставкаларининг пасайишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига йиллик 14 фоиз ставкадан ошмаган миқдорда кредитлар ажратиб келинмоқда.
Хусусан, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан сўнг­­ги 4 йил давомида жами 24,3 трлн. сўмдан кўп кредитлар ажратилди ва бу орқали 983 мингдан зиёд оила тадбиркорликни йўлга қўйиб, даромад топишга қаратилган фаолият билан шуғулланишига замин яратилди. Бошқача қилиб айтганда, республика бўйича ўрта ҳисобда ҳар минг хонадоннинг 110 таси ушбу дастурлар доирасида ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.
Бугунги кунда аҳолига уй-жой сотиб олиш учун янги тартиб асосида ва «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ маб­лағлари ҳисобидан ипотека кредитлари йиллик 17-18 фоиз ставкасида ажратилмоқда. Мазкур тартибга асосан 2020-2021 йиллар давомида аҳолига 8,6 трлн. сўм ипотека кредитлари ажратилган. Ўтган 2021 йилда 6,8 трлн. сўм ажратилган бўлиб, 2020 йилга нисбатан 5 трлн. сўмга ошган.
Шунингдек, айрим тоифадаги фуқароларга янги тартиб доирасида уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредити бўйи­­ча дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 миллион сўм миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун биринчи беш йил давомида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига Ўзбекистон Респуб­ликаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия тўлаш механизми жорий қилинган.
Шу билан бирга, бугунги кунда банк тизимида халқаро молия институтлари хорижий экспертлар иштирокида олиб борилаётган трансформация жараёнларида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этган ҳолда банк бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва хизматларнинг рақамли каналлар орқали кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур жараёнлар келгусида банклар ўртасида рақобат муҳитини ривож­лантириш билан бир қаторда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига инсон омилисиз кредитлар ажратиш имкониятини кенгайтиришга олиб келади.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Рес­публикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунининг 8-моддасига кўра, банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда мус­тақилдир. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига банклар фаолиятига, шу жумладан, банкларнинг кредит портфелини ва активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқаришга аралашиш тақиқланади. Мазкур қонуннинг 65-моддасига мувофиқ банк хизматларининг истеъмолчилари банкни ва банк хизматларини танлашда эркиндир».

Марказий банк ­раиси
ўринбосари Б.Ҳамроев

Таҳририятдан: Хулоса шуки, мутасаддилар мазкур жавоб хатида ҳаммаси рисоладагидек, кредит ставкалари ҳам у қадар юқори эмас, деган фикрни сингдирмоқчи бўлишяпти.
Ҳа, масъуллар масалага хавотир билан тахмин қилганимиздек, муносабат билдиришибди. Зотан, «Кредит фоизлари қачон камаяди?» сарлавҳали мақолада айтилганидек, «…банк ходимлари инфляция даражасини, иқтисодий шарт-­шароитларни ва яна бир нималарни баҳона қилишлари…» исботланди.
Марказий банкка сўровимиз шундай: Айтингчи, банклар қўяётган фоизлар асосида тадбиркорлик қилиб, даромади ошиши мумкин бўлган бизнес лойиҳангиз борми? «Хоҳласанг – шу», дейиш билан аслида банк ҳам кредит тизимида монопол мақомига эгалик қилиб қолмаяптими? Ўз ишини энди бошлаётган тадбиркор қандай қилиб банкни ҳам, солиқни ҳам чалғитмаслиги ва шунинг баробарида ҳалол даромад қилиши мумкин? Шу жойига ақли етмаётганларга сизлар бир ақл бўлингизлар, азизлар!
Шу ўринда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш сиёсатида асосий муаммолардан бирини банклардан излаш керакмасмикан, деган савол ҳам туғиляпти.
Биз бу мавзуда мустақил экспертлар, иқтисодчиларнинг таҳлилларига қулоқ тутамиз.