Буюк қалб соҳибаси

1002

Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг бирга
кечган ҳаёти ва бир-бирига садоқати ёшларимиз учун ҳар жиҳатдан ибратлидир.
Шавкат Мирзиёев

Вужудидаги ғалаёнлар юзига урган алвон рангли атиргул боғнинг кўркига кўрк қўшиб турибди. Унинг анвойи ифори оламни ўрагудек боққа кирган инсонни маст айлайди.
Бир маҳал кутилмаганда тўфон бошланиб, осмонни қора булут қоплади. Ёмғирнинг шитир-шитир овози эса ён-атрофни тутиб кетди. Томирлари қалин, илдизлари бақувват дов-дарахтлар тебрана бошлади. Ёнида таянчи йўқ ягона атиргул эса шамолнинг инжиқларига базўр чидади. Недирки, бўрон тугагандан кейин бир-иккита япроқлари тўкилганини ҳисобга олмаганда, ўша хушсурат бўлиб турибди бу гул. Миттигина атиргулнинг сабр-матонати, шамолнинг шиддатларига чидаган иродасини садоқат ва матонатли аёлларга қиёсласак, не ажаб.
«Аёлларни майда деганлар сўзларини қайтиб олсинлар», деган таъкидида Турсуной Содиқова айнан унинг дунёга тенглашувчи матонатини назарда тутган бўлса, ажаб эмас.
Жамиятимизда меҳрибон рафиқа, самимий устоз, ҳақиқатгўй раҳбар ва асл инсон номига монанд аёллар жуда кўп. Бироқ вафо тимсолига айланган, қадам босишидан тортиб, бир имо-ишораси, атрофидагиларга муносабатида ҳам нафислик иси уфуриб турган Шарқ аёлининг тимсоли деганда кўз олдимизда Зулфияхоним гавдаланади.
Зулфияхоним минглаб ёшларни ортидан эргаштирган, уларни қўллаган, фаол аёлларни халққа танитган даврда Зулфия исмини қўйиш урф бўлди.
Таниқли қорақалпоқ шоири Ибройим Юсупов «…гўзаллик тимсоли бўлсин илоҳим, исми ҳам, ўзи ҳам Зулфия бўлсин!», деб ёзганида ҳақ эди.
Мушоира… Бу шундайин дилгир давраки, муҳташам залга ҳатто эҳтиёж йўқ. Қаерда бўлманг, сизни яқинларингиз янглиғ тушуна оладиган инсонлар даврасида бўлсангиз, бас, дилингиз яйрайди. Турли миллат вакилларининг ижроси шу қадар жозибадорки, таржимонга-да ҳожат йўқ.
Ҳинд тупроғи узра бошланган шеърият кечасида сўз олган шоирнинг куйлаган қўшиғи гўёки шоирага Нил дарёсининг қудратини эслатади. Яна бирининг эса Ганг мисоли замзама қилгани уни ҳайратлантиради. Бирин-кетин даврага чиқувчи шоирлар гўёки ўз ватанлари, ўз эли дарди ва ташвиши, халқининг қалб туғёнларини кўрсатувчи ойина каби гавдаланади.
Шоира борлиқдаги манзаралардан ҳам ўзгача ташбеҳ излайди. Худди барча нарса шеърга кўчгандек, унинг ажиб дунёсига йўғрилгандек. Ранг-баранг чироқлар осмон кўзларида мўлтираган бўлса, соҳил узра кезган шаббода гоҳи гуллар бўйини, гоҳи ҳинду қиз куйини олиб келгандай… Ва буларнинг барчасига илҳом ва жасур қалам ҳоким эди, дейди у.
Шоира эътиборидан пойгакда ечилган пойабзаллар ҳам четда қолмаган. Ҳиндис­тоннинг моҳир косиблари ишига қойил қолган шоира Хитойнинг бежирим, Эроннинг пухта, эгилиб турувчи пойабзалларини таъкидлаб, ўзимизнинг Аҳмад моҳир устанинг ишини ҳам алқаб ўтади. Оддийгина пойабзал детали орқали у ўзбек ҳунармандчилиги намуналари ва санъат асарлари дунё билан тенглаша олишига ишора қилади.
Билсангиз, Жиззах шевасида онага нисбатан «ая» сўзи ишлатилади. Зулфияхоним Жиззахга келин бўлгач, шу элнинг шевасига умрбод содиқ қолди. Ая сўзи унинг тилидан тушмади. Биргина шу ҳаракатнинг ўзи шоиранинг келин бўлиб тушган элига, ёри ва унинг оиласига эҳтиромини кўрсатади. Шунингдек, у Ҳамид Олимжон хонадонидаги ҳар қандай маърака ва маросимларда фаол қатнашар, соғлиғи тўғри келмаганда фарзандларини жўнатиш орқали турли анъаналарга содиқ қолган экан.
2021 йилнинг декабрь ойида Зулфияхоним шогирдлари, «Саодат» журналининг ҳозирги жонкуярлари билан ижод мактабида учрашув ўтказилди. Айниқса, Қутлибека Раҳимбоеванинг хатти-ҳаракатлари, сўзлаши, шеър ўқишларида мен шоиранинг суратларга муҳрланган характерини илғагандек бўлдим.
Шоиранинг замондошлари хотирасига назар ташласак, у ҳақда билдирилган турли эзгу фикр ва мулоҳазаларни ўқиб, гўёки бу самимий аёл билан диллашгандек бўласиз.
Зулфияхоним ҳамиша хотин-қизларни жамиятда фаол бўлишга чақирар, ярқ этган истеъдод учқунларини қўллашга ҳаракат қилар эди. Қутлибека Раҳимбоева бунга бир мисолни келтирди. Узоқ йиллар олдин водийдаги бир учрашувда Алишер деган йигит шоиранинг эътиборига тушади. У билан суҳбатлашиб, униб-ўсиши ва қобилиятини намоён этишига туртки бўлиш билан бирга, унга хат ёзиб, ҳолидан ҳамиша хабардор бўлиб турган экан. Зулфияхоним унга атаб ҳатто «Бир бола бор оти Алишер» деган туркум яратган экан. Ҳозир шоиранинг назарига тушган ўша кичик Алишер фан номзоди, жамиятда ўз ўрнини топган тажрибали педагогдир.
Ҳа, камалак етти рангда етмиш хил жилоланиб, барчани мафтун қилганидек, Зулфия тонгнинг ўзидай рост ва ёрқин ҳақиқатга йўғрилган поэзияси билан қалбларни маҳлиё этган санъаткордир.
«Саодат» журналининг ҳозирги бош муҳаррири, шоира Мунаввара Усмонова ҳам ижодий учрашувда чиқиш қилиб, шундай деди: «Зулфияхонимдек буюк инсон бўлиш учун одам боласи буюк ишларни қалби билан кўриши керак».
Шоира ёри вафотидан сўнг бирор марта ёрқин либос киймаган экан. Ёшгина шогирдларига мулойимлик билан танбеҳ берар, унинг бақириб, кимгадир овозини баландлатганини ҳеч ким кўрмаган экан. Бир сафар шогирд қизлар устозникига келиб, илиниши керак бўлган пардани дас­турхон деб ўйлаб, унинг устида дастурхон тузашибди. Буни кўрган Зулфияхоним жаҳли чиқиши ўрнига «майли, бир сафар парданинг устида овқатлана қолайлик», деб кулиб, қизларнинг кўнг­лини кўтарган экан.
Умр ўтаверади, инсондан фақатгина яхши ном ва эзгу амаллар қолади. Шоирадан бизга фақатгина гўзал адабий мерос, эзгулик қолди. Ана шу эзгуликни юракка муҳрлаш, уни авлодларга етказиш сизу бизга ҳавола.

Маъмура ЮСУПОВА,
Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги
ижод мактаби директорининг маънавий-
маърифий ишлар бўйича ўринбосари,
Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори