Дунёда мудом тинчлик бўлсин!

5610

…Мана беш-олти  кундирки ҳаловат кўтарилган: инсоният яна Уруш билан юзма-юз бўлиб турибди! Афсуски, қанчалик ёмон кўрмайлик бугун шу совуқ сўзни ёзишга мажбурмиз. Дунё 1941 йилдагидек яна таҳликали  тус оляпти. Буни кимдир теран даражада англаяпти, кимдир эса йўқ…

 Бугун икки давлат ўртасида кечаётган зиддият туфайли инсонлар қурбон бўлмоқда. Мол-мулкидан, бошпанасидан айрилиб, қишнинг аёзли кунларида кўча-кўйда сарсон-саргардон қолаётир. Энди уларнинг уруш ҳақида ўз ҳикояси бор. Аслида ҳеч биримиз бу ҳикоядан ташқарида эмасмиз. 

Демак, бугун дунёда кечаётган воқеаларга лоқайд боқишга, тинчликнинг қадрини англамасликка, уни кўз қорачиқларимиздек асраш инсоний бурчимиз эканлигини тушуниб олмасликка асло ҳаққимиз йўқ. Зотан, тинчлигу урушнинг, тўқчилигу йўқчиликнинг қадри унинг зиддида теранроқ намоён бўлади.

Тошкент халқаро аэропортида “Uzbekistan Airways” АЖнинг Boeing 767 ҳаво кемасида амалга оширилаётган эвакуация жараёнини кузатарканман  хаёлдан шу ўйлар ўтди.

Бугун нотинч бўлиб турган Украинадаги фуқароларимизни эсон-омон юртга қайтариш учун ҳукумат зарур чораларни кўриб, музокаралар олиб борди. Ниҳоят, ҳамюртларимиз Польшадан махсус авиақатновлар орқали Ўзбекистонга олиб келина бошланди. Энг муҳими бу жараёнда улардан ҳеч қандай тўлов ундирилмаяпти. Кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа зарур анжомлар… ҳаммаси давлат ҳисобидан.

Ташқи ишлар вазирлигининг хабарига кўра, 2 март ҳолатига умумий ҳисобда Украинадан Польша ҳудуди орқали бешта авиарейс билан 1186 нафар ватандошларимиз олиб келинди. Бугун яна иккита эвакуация қатновини ташкил этиш режалаштирилган.

Олиб келинганлар орасида олти ёшли Абубакр ҳам бор. У бир неча йилдан буён оиласи билан Украинада яшаётган эди. Киевдаги охирги кунини шундай эслайди:

– У ерда бир дўстим қолди. У билан боғчага борардим, бирга ўйнардим. Ундан ҳозир хавотирдаман. Ойим айтди, мен уни қайтиб кўрмасмишман, чунки энди биз у ерга ҳеч қачон қайтиб бормас эканмиз. Лекин уни кўришимга ишонаман, мен унинг тирик қолишини, Ўзбекистонга келишини жуда истайман.

Фарғоналик Нодирбек Одилов ҳам икки йил олдин насиба излаб, оиласи билан Украинага кетган эди.

– Ҳеч бир эркак чорасиз қолмасин экан, – дея гап бошлади Нодирбек. – Уруш алангасида қўрқувдан жовдираб турган фарзандларимнинг кўзига тик қарай олмадим, ҳатто. Мана шу паллада ҳис қилган туйғуларимни сўз билан ифодалаб беролмайман…

Икки нафар вояга етмаган қизим ва аёлимни эргаштириб, не-не орзулар билан юртимдан чиқиб кетгандим. У ерда учинчи фарзандимиз дунёга келди. Фарзанд жонингдан азиз бўлади, деган гапга бошимиздан кечирган ташвишлар мисолида яна бир карра амин бўлдим. Очиғи, фарзандларимнинг тақдирини ўйлаб юрак-бағрим эзилиб кетди. Агар давлатимиз ёрдам бермаганда билмадим ҳолимиз не кечарди… тўғриси, буларни эслашни хоҳламайман. Ўзимдан ўтгани ўзимга аён. Вақти келса, кўп нолиган, норози бўлган жойларим бўлган. Шу ўй-ҳаёллар туфайли бошқа юртга кетган эдим. Бир-бурда нон топсам ҳам, энди оиламни сарсон-саргардон қилиб, бошқа эллардан “жаннат” изламайман. Ўз юртимдан қўймасин. Оиламни, фарзандларимни қайтариб берган, ўз ватанимга, тупроғимга беминнат келтириб қўйган мутасаддиларга, айниқса, давлатимиз раҳбарига мингдан-минг раҳмат айтаман. Бу сўзларимни кимлардир баландпарвоз гап сифатида қабул қилиши мумкин. Аммо менга ундай эмас. Негаки, мен арзимас дақиқалар ичида одамнинг ҳаёти фожеага дўнишини юрагимдан ҳис қилдим. Мен оғир синов билан рўбарў келдим…

– Тинчлик бўлиб турганида шу йил Украинадаги экономика университетини тамомлаган бўлардим, дейди Шерзод Раҳимхўжаев. – Афсус, ниятим амалга ошмай қолди. Энди буёғига нима қилишни ҳам билмайман. Лекин, эсон-омон юртимизга қайтиб келдим. Шунисига шукр.

– Биз яшаётган жой урушга яқин эди. Оиламиз билан етти йилдан буён шу ерда эдик. Турмуш ўртоғим ошпазлик қиларди. Тўсатдан ёнимизда портлаш содир бўлди. Карахт аҳволга тушиб қолдим. Болаларим қўрқиб кетганидан бир-бирига биқиниб олишган. Умр йўлдошим билан ярим кечаси қўлимизга илинган нарсани кўтариб, кўчага югурдик. Шошганимиздан на ўзимизнинг, на болаларнинг устига тузукроқ кийим-бош кийгиздик. Ўзим шиппакда, фарзандларим юпун уст-бош билан Польша чегарасига аранг етиб келдик. Бу ерда бизни яхши кутиб олишди. Иссиқ кийим ва овқат беришди. Ҳатто фарзандларимизга ўйинчоқлар улашди. Очиғи, ўт-оловнинг ичидан чиқиб бундай самимиятга рўбарў келсанг кўнглинг юмшаб кетаркан. Ҳукуматимизга раҳмат, – дейди яна бир ватандошимиз Шаҳноза Турғунова.

…бугун ҳар биримиз ён-атрофимизда бўлаётган ҳодисалардан тўғри хулоса чиқаришимиз, ҳеч қачон урушни ёқламаслигимиз ва энг муҳими, бебаҳо неъмат – тинчликнинг қадрига етмоғимиз жоиз. Бинобарин, чин инсонийлик шундай паллада билинади.

Туғруқ азобидан эмас, аксинча урушдан, келгуси тақдиридан кўпроқ қўрқиб бақираётган ва шу таҳликалар билан  туғилаётган чақалоқлар –  инсониятнинг давомчиларидир. Биз каби инсонларнинг болалари. Улар улғайганда ўзларининг даҳшатли кунларда дунёга келганини уруш кўрмаган болаларга эртак қилиб сўйлайдилар.

Илоҳим, эртага туғиладиган гўдакларнинг уруш ҳақида ҳикояси бўлмасин!.. Дунёда мудом тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурсин!

Ғуломжон Мираҳмедов,

ishonch.uz