Чеккадагининг чекига ҳеч нарса тушмайди?

1818

ёхуд Чекжалаерда қачон ободлик эпкини эсади?

Чекжалаер қишлоғи Риштон туманининг энг чекка, Бағдод тумани билан чегарадош ҳудудида жойлашган. Маҳаллий аҳолининг аксарияти ишсиз.

Қишлоқ айланиб, муаммоларга кўмилиб яшаётган одамларни кўриб, бу ерларга ҳалигача ислоҳотлар эпкини етиб келмаганига амин бўлдик. Меҳнаткаш ва самимий чекжалаерликлар ҳам одамлардек яшашни, қишлоқлари обод бўлишини жуда-жуда исташади.
Қишлоқнинг Гулистон-2, Толзор-2 кўчасига ёғингарчилик пайтида кирмаган маъқул. Акс ҳолда, лойга ботиб қолиш ҳеч гап эмас.
Гулистон-2, Толзор-2 кўчасидаги симёғочлар аҳволи ҳаммасидан ўтиб тушади. ­Симёғочларнинг аксарияти қўлбола. Кетмон сопидан салгина йўғонроқ ёғочлардан ясалган. Айрим қўлбола симёғочлар худди «қишлоғимизга хуш келибсизлар,» дегандай эгилиб «салом» бераётганга ўхшайди. Яна бир ёқа ушлайдиган ҳолат – ўсиб турган тераклар ҳам симёғоч вазифасини ўтамоқда.
Қишлоқни айланиб, одамлар билан суҳбатлашар эканмиз, улар тузалмас дардга айланиб кетган ичимлик суви, электр симёғочларни ўрнатиш ва йўлларнинг бугунги аҳволи ҳақида гапириб беришди.
– Қишлоғимиздаги энг оғриқли муаммо ичимлик суви, – дейди Гулистон-1 кўчасида яшовчи Мўътабархон Холиқова. – Қарийб 20-25 йилдан буён сувни ташиб ичамиз. Ҳар куни қиладиган биринчи ишимиз – сув ташиш. Ҳозир-ку, ҳаво салқин, сув унчалик «очеред» эмас. Аммо ёзнинг кунида талаш бўлади.
Аҳолининг таъкидлашича, 2019 йилда сув, йўл, электр устунлари, электр тармоқларини янгилаш, подстанция қуввати аҳоли сонига қараганда пастлиги каби муаммоларни ҳал этишда кўмак сўраб «10-00» қисқа рақамига қўнғироқ қилишган. Мурожаатга жавобан мутасаддилар келиб, қишлоқ аҳолиси билан учрашиб, шикоятларни ўрганишган. Қишлоқ 2021 йилда «Обод қишлоқ» дастурига киритилишини ва мазкур муаммолар 2021 йилнинг биринчи ярмида ҳал бўлишини айтишган. Аммо орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, қишлоқ на дастурга тушди, на бирор бир ўзгариш бўлди.
– 2020 йилнинг бошида кўчаларга ичимлик сув тармоғи тортилди. Лекин ундан ҳанузгача сув тушган эмас, – дейди Тўтихон Сиддиқова. – Узоқ масофадан сув ташиб ичиш жудаям қийин. Айниқса, ёғин-сочин кунлари сув ташиш янада қийинлашади.
– Йўл, сув, электр энергияси масаласида мурожаат қилавериб, Риштон тумани ҳокимияти «иккинчи уйимиз» бўлиб кетган, – ­дейди Гулистон-2 кўчасида яшовчи Умида Эргашева. – Муаммоларимизни айтсак, ёзиб олишади. Аммо ёрдамга келганда, ҳеч қандай натижа йўқ. Кўчамиздаги деярли барча ­симёғочлар «қўлбола». Ҳеч бири талабга жавоб бермайди. Ким нима топса, ўшани «столба» қилиб ўрнатган.
– 2007 йилда янги хўжалик бўлиб кўчиб чиққанмиз, – дейди Гулистон-2 кўчасида яшовчи Фотимахон Йўлдошева. – Ўша пайтда теракларни кесиб, столба ўрнатиб, сим тортганмиз. Қўшниларим ҳам бундай устунларни теракдан ясаб ўрнатган. Шамол келса юрак ҳовучлаб ўтирамиз, ишқилиб, симлар узилиб кетмасин, деб. Ёмғир ёққан кунлари кўчамиздан юришнинг иложи бўлмайди. Яқинда суюлтирилган газ баллонларини тарқатиш учун келган машина бир фалокатдан қолди. Йўлнинг ҳолати ёмонлигидан ботиб қолиб, газ баллонлар ағдарилиб кетди. Яхшиям бирор кор-ҳол бўлмади. Ҳайдовчи «энди кўчаларингга бошқа кирмайман», деб аранг кўчамиздан чиқиб кетди.
– Ток пастлигидан кир машина, соч қуритадиган фен, дазмол, пишириқ пиширадиган печлар умуман ишламайди, – дейди Зумрадхон Мадумарова. – Қайта ва қайта мурожаатимиздан кейин «электросеть»дан келган мутахассислар қишлоқ аҳлидан 100 минг сўмдан пул йиғиб, 4 дона эски симёғоч ва бир фаза сим тортиб беришди. Лекин бу билан аҳвол ўзгаргани йўқ.
– 2016 йилдан буён қишлоқдаги муаммолар бўйича югурамиз, – дейди қишлоқ фаолларидан бири Жаҳонгир Олимов. – Ён-атрофимиздаги ҳудудларда ўзгаришлар бўляпти. Лекин бизнинг қишлоқ чеккада бўлгани учун ҳеч ким эътибор бермаяпти. Раҳбарларнинг эътиборсизлиги сабаб қишлоқ аҳли қийинчиликда яшамоқда. Кўп марта катталарга мурожаат қилдик. Лекин амалий ёрдамдан дарак йўқ. Тўғри, улар ҳар гал муаммоларимизни ён дафтарларига ёзиб олиб, «албатта ёрдам кўрсатамиз», дейишади. Лекин буларнинг барчаси оғизда. Туман ҳокимлиги мавжуд муаммолардан яхши хабардор бўлса-да, ёрдам беришни истамаяпти.
Яна бир гап. Аҳоли вакилларининг таъкидлашича, 2021 йилнинг сентябрь ойида «Чекжалаер» маҳалла идораси янги бинода иш бошлаши керак эди. Лекин негадир бу иш ҳам амалга ошмай қолди. Ҳозирда маҳалла идораси эски масжид ўрнида ишламоқда. Янги маҳалла биносини эса маҳалла-кўй пул тўплаб қурмоқда.

Ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан жойлардаги раҳбарларга, маҳаллий масъулларга боғлиқ. Уларнинг биргина ташаббуси билан қишлоқнинг кўп йиллик муаммолари ҳал бўлиши ҳеч гап эмас. Хуллас, чекжалаерликлар муаммолар билан ўзлари курашиб чарчаган. Аммо уларнинг «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»дан умидлари катта.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»