Иллатнинг илдизин излаб…

1701

ёхуд чироқ ўчишига асосий айбдор кимлар?

Неча йилдирки, Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси унинг юкини елкасига оладиган, салоҳиятли ва ходимларга ғамхўрлик қиладиган раҳбарга ёлчимаяпти. Соҳада илдиз отаётган нохуш иллатлар эса бир олам. Масалан, яқинда корхонанинг бир неча ходими касаба уюшмаларига мурожаат қилди. Уларнинг айтишича, раҳбарият ташаббуси билан жамоанинг кўплаб ходимлари ноқонуний равишда ишдан бўшатилган, таъбир жоиз бўлса, бамисоли тутдек «каллак»лаб ташланган.

– Фуқаролик ишлари бўйича судлар орқали тизимда ишлаган 15 нафарга яқин ходимнинг ҳуқуқлари тикланди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқи инспектори Улуғбек Ғаниев. – Маъмуриятнинг барча ноқонуний буйруқлари бекор қилинди.
Дарвоқе, раҳбар ғўр бўлса, ходимга ҳам, тизимга ҳам ортиқча ғавғо келтиради. Энг ачинарлиси, ходимларнинг ишга иштиёқи сўнади, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати пасаяди. Мана, бир мисол. Қўшработ туманидаги «Қовунчи» ва «Қоратош» маҳаллаларида электр энергия­­си узилишлари тез-тез содир бўлаётгани узоқ вақтдан буён бот-бот айтиб келинади. Фуқаролар вилоят ҳокимлиги қошида ташкил этилган тезкор штаб телефони орқали бу ҳақда кўп бор хабар қилишгани ҳам кўпчиликка аён. Аммо амалда ҳеч қандай ижобий ўзгариш сезилмаяпти. Оқибатда эътирозлар борган сари кўпайиб, иккала маҳалла аҳлининг электр корхонасига нисбатан норозилиги кучаймоқда.
Шу боис, биз муаммонинг асл сабаб­ларини батафсил ўрганишга аҳд қилдик. Туман электр тармоқларининг навбатчилик қисми мутасаддилари энергия узатилишига ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаганини айтишди. Шундан сўнг юқорида тилга олинган маҳаллалар аҳолисига хизмат кўрсатаётган «Қўшработ-2» подстанцияси томон йўл олдик. У ерда эса ниҳоятда аянчли ҳолатга дуч келдик.
Аввало, батамом қаровсиз қолган подстанция эшигига қулф урилганди. Иккинчидан, электромонтёрларнинг алмисоқдан қолган хизмат биноси узоқ йиллардан буён таъмирланмагани яққол сезилиб турарди. Томидаги шиферларнинг бир қисмини шамол учириб кетган, қолганларининг устига оғир тошлар бостириб қўйилган. Зеро, ўта ночор аҳволдаги бинони ишхона дейишга ҳам тил бормайди.
Шу ўринда ўз-ўзидан «Қарийб 50 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган ходимлар фойдаланадиган бу иншоотни шу пайтгача бирор раҳбар кўрмаганми, кўрган бўлса, нега унга эътибор қаратмаганми?» деган саволлар туғилади.
Биз ҳаммасидан ҳам ҳудудга бириктирилган электромонтёрларга ачиндик. Негаки, улар ҳар куни бир нечта қишлоқни ­пиёда оралаб, 20-25 чақирим йўл босишади. Ўрнатилганига 48 йилдан ошган омонат ­симёғочларларни тузатишади. Сўнгра ўзларига ажратилган кулбаи вайронага қайтиб келиб, навбатчилик қилишади.
Уларнинг айтишича, бир замонлар ушбу подстанцияда ҳақ тўланадиган ­навбатчилик йўлга қўйилган. Кейинчалик Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан бу штатлар қисқартирилган ва участка электромонтёрлари текинга навбатчилик қиладиган бўлишган. Улар ноқулай об-ҳаво шароитида дарҳол осонгина усулни қўллашади. Бирор нохуш ҳодиса келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда кун бўйи ишлаганлари етмагандай, тунни ҳам хароба бинода ўтказмаслик ниятида олис маҳаллаларни тармоқдан узиб қўя қолишади.
Энг ачинарлиси, тумандаги саноқли подстанцияларнинг энг йириги бўлган бу муҳим объект тунда, аниқроғи, 15 соат мoбайнида қаровсиз қолдирилмоқда. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Хулоса­ ўрнида айтиш мумкинки, тизимда ходимларга қулай ва муносиб меҳнат шароити яратиб бериш иш берувчининг мажбурияти экани тамоман унутилган. Бундан нафақат соҳа ходимлари, балки минглаб истеъмолчилар ҳам азият чекишмоқда. Эҳтимол, бундайин сунъий муаммоларни кўпайтиришдан кимлардир манфаатдордир?

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»