Эл фарзанди

556

Неки бир сўз изладим – Навоийдан топдим.
Азим Суюн

Азим Суюн… Бу номни эшитган борки, қалби дарёдай тошқин, қадди тоғдек мағрур улуғ бир инсонни кўз ўнгига келтиради. Бу инсон, гарчи бугун орамизда йўқ эса-да, халқнинг дард-ташвишлари жо бўлган шеърлари билан хотирамизда яшаб келмоқда.

Азим Суюн, унинг болалиги ўтган гўша ва ижоди ҳақида талай ижодкорлар ёзишган. Улар орасида эл суйган шоирлару эндигина қўлига қалам олган ёшлар ҳам бисёр. Масалага шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, «Жаҳон адабиёти» журнали Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоевнинг яқиндагина «тандирдан узилган» «Шеърлари ўзига ўхшаган шоир» («Ijod Nashr» нашриёти, 2022 йил) китоби бу борадаги яна бир хайрли иш бўлди. Уни мутолаа қилиш жараёнида гоҳ ҳаяжонланасиз, гоҳ куласиз, баъзан юрагингиз ҳап­қириб кетади. Шоир ҳаётининг сўнгги дамлари акс этган сатрларни ўқиётганда эса кўзингиздан ёш сизганини сезмай қоласиз. Энг муҳими, бу ҳаётда шундай шоир яшаб, ўзидан бебаҳо мерос қолдириб кетганини, асарлари миллионлаб одамлар қалбидан жой олганини англаб етасиз. У ёққан шеърият машъаласи ўсиб келаётган ёш авлод қалбини ёритиб, нурга чулғашини ўйлаб, таскин топасиз.
Азим Суюн тоғ боласи эди, ўзи ҳам тоғ каби виқор тўкиб ва ҳар қандай синовларга дош бериб яшади. Китобда унинг болалиги тоғу тошларда ўтгани ҳақида шундай жумлаларни ўқийсиз:
«Азим чиндан ҳам тоғ боласи эди. Фақат Накурт тоғларини эмас, бошқа тоғларни, чўққи-ю дараларни, ғорларни, қисиқ сўқмоқларни, айиқ, бўри ёки тоғ эчкилари юрадиган сирпанчиқ йўлларни, қаерда қандай гиёҳ ўсишини, қачон гуллаши ёки мева тугишини, ёввойи ҳайвонлар қандай яшашини, какликлар, ёввойи каптарлар қаерда сув ичишини, суғур қачон болалашини, ов мавсумларини яхши биларди».
Шоир сўз масъулиятини теран ҳис этар, ижодида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратарди. Шунданми, унинг шеърлари адабиёт мухлислари дилидан ­мустаҳкам ўрин оларди. У Ҳақни, она Ватанни, халқни, унинг дилидагини ҳайқириб-тошиб куйларди. Битиклари ҳам халқона эди. Шоир сўз масъулияти ҳақида шундай қайирма битганди:
Эй дўст!
Бир назардан эр тузалар,
Шаррос тинар – сел тузалар.
Битта ҳикмат менга аён:
Сўз тузалса – эл тузалар.
Буюк қалб соҳиби бўлган шоир болалиги ўтган гўша ҳақида кўп ёзди, тўлқинланиб ёзди, ўйинқароқ болалиги ўтган жойга бир умр талпиниб яшади. Мунаққид бир сафар унга ҳамроҳ бўлганида рўй берган воқеани қуйидагича баён этади:
«Кўринглар, ҳавас қилинглар, – дея ҳайқирди у, – Мана шу тоғлар бағрида ўсганман. Шу тоғларда боболаримнинг изи бор, отамнинг нафаси, онамнинг аллалари қолган. Ҳў тепаликдаги булоқдан сув симириб катта бўлганман. Харсангтошларни қаранг, рангдор чўққиларни қаранг, осмонга қаранг – бунақасини бошқа ҳеч жойда топиб бўпсиз, кўриб бўпсиз. Яна озроқ юрсак, Накуртга етамиз. Жоним Накуртга. Тошкентда юриб ташна бўлиб кетаман-да. Сизлар билмайсизлар. Шу ерда одамлар яшайди, тош ўчоқда таом тайёрлайди, сув ташийди, деворга таппи ёпади. Ер кўп, сув танқис, жилғалар пастдан оқиб ўтади. «Эҳ» дейман-да…» Шу жойда Азимнинг кўзларида ёш кўрганман. Юраги ­титраб турган шоирнинг кўз ёшлари…».
Китобдан шоирнинг нозик ҳис-туйғулари, қалб изтироблари, орзу-умидлари, дард-армонлари мужассамлашган «Қирқ қайирма»си, шеърлари, ҳикматлари, қатралари, ҳазиллари, ижодкорларнинг у ҳақдаги ­эътирофлари ҳам ўрин олган. Мен уни ўқиб бўлгач, Азим Суюн вафотидан тўққиз ой муқаддам – ўн тўққизинчи июнда бўлган бир воқеани эсладим. Ўша куни шоир менга телефон қилиб, бир қайирма битганини маълум қилди. Сўнгра уни ёзиб олишимни сўради:
Эй дўст!
Шукур, нолимайман жон толеимдан,
Тақдир олиб келди бир муюлишга!
Кутилмаганда шоирнинг овози қалтираб кетди. Гўшакдан чуқур-чуқур нафас олаётгани эшитилди. Қисқа сукутдан сўнг навбатдаги сатрларни ўқиди:
Ва лекин ҳамон бир толиби илмман,
Умрим етармикин шоир бўлишга!
Бир оз жим тургач, «Нима дейсан?» деди. Шундай улуғ, шеърлари эл дилидан аллақачон ўрин олиб, тилдан-тилга кўчиб юрган шоирнинг бу сатрларни битганига қойил қолдим.
– Сиз, сиз… – Гапимнинг давомини айта олмадим.
– Шуни билиб қўйки, бу дунёда ҳаммамиз толиби илммиз, – деди у.
Эҳтимол, ўшанда таваллуд кунини нишонлашга саноқли кунлар қолган шоирнинг кўнглидан кўп ўйлар ўтгандир. У ўзини, ўзлигини тафтиш қилгандир, умри сув каби оққан эса-да, ҳамон ўрганишда бўлиб, ёзилажак асарларини режалаштиргандир.
Мен ҳар сафар шу ҳақда ўйласам, шоирнинг қувонч ва армонларини англаб етгандай бўламан…

Салим АБДУРАҲМОН