Мутасаддиларнинг мужда беришича, яқин келажакда ҳозирги маиший техникалар ўз ўрнини электр токисиз ишлайдиганларига бўшатиб беради.
Гап шундаки, “Ishonch” газетасининг 2022 йил 1 мартдаги 26-сонида газетхонлар томонидан “Қувват оладиган телевизор ишлаб чиқарилса…” деган савол йўлланиб, мутасаддилар эътиборига ҳавола этилган эди.
Ушбу саволга Artel Elektronics компанияси муносабат билдирди. Хусусан, компаниянинг бошқарув раиси Э.Аҳадов имзоси билан келган жавоб хатида қуйидагилар баён этилган:
“Айни дамда Artel Elektronics компанияси таркибида янги ғояларни ҳаётга татбиқ этиш, янги технологиялар, дизайн ечимлари ва конструкцияларни яратиш ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни тадқиқ этиш ва амалий синовлардан ўтказиш мақсадида R&D (Research and Development – Тадқиқотлар ва Ривожланиш) маркази 2016 йилнинг март ойидан ўз фаолиятини бошлаши билан инновация ва модернизация сари биринчи қадам қўйилди.
Бугунги кунда ушбу марказ хорижлик мутахассислар билан биргаликда муқобил қувват манбалари асосида ишлайдиган ва катта автономияга (электр таъминотсиз ишлаш имконияти) эга бўлган инновацион маиший техника воситаларини яратиш устида фаол ишламоқда. Ҳозирда ушбу имкониятга эга совуткич прототипи яратилгани ва синов жараёнларидан ўтаётгани ҳамда кейинчалик жамоатчиликка ушбу ишланма тўғрисида батафсил маълумот берилиши ҳақида маълум қиламиз. Мазкур ишланманинг компаниямизда ишлаб чиқариладиган бошқа маҳсулотларга, жумладан, телевизорларга ҳам жорий этилиши режалаштирилган.”
Бундай қурилмаларнинг кундалик ҳаётга татбиқ этилиши қувонарли ҳол, албатта. Айниқса, юқоридаги режа амалга ошса, электр ва газ етиб бормаган олис қишлоқлар аҳолиси учун айни муддао бўлади. Хуллас, келинни келганда, сепини ёйганда кўр деганларидек, янги инновация ҳақида у амалга ошгач, батафсил гаплашамиз…
