“Ўзбекистон ёшлари фан-техника тараққиёти асрида” кўрик танлови якунланди

867

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ўз фаолиятини бошлаганидан буён Ташкилотга аъзо давлатлар илмий-техник ижодиётини оммалаштириш ва фан-техника соҳасидаги таълим жараёнларини ривожлантириш борасида изчил ишлар олиб бормоқда.

Марказ фаолиятида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий илмий-тадқиқот ишларига, ижодга қизиқишини рағбатлантириш, шунингдек, инновацион илмий фаолиятга жалб этиш, фаоллигини янада ошириш масалаларига устувор эътибор қаратилган.

Ўтган давр мобайнида Марказ томонидан иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор лойиҳалар, жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар фан ва техникасининг инновацион ютуқлари кўргазмаси, “Техно-Арт-2019” халқаро ёшлар фестивал-танлови доирасида ташкил этилди. “ШҲТ мамлакатлари фан ва техника дунёси” халқаро болалар кўрик-танлови, “Халқ дипломатияси – сайёрада тинчлик сари йўл” мавзусида илмий мақолалар танловлари амалга оширилди.

2021 йилда ШҲТ ташкил этилганлигининг 20 йиллигини нишонлаш тадбирлари доирасида Марказ томонидан “Баҳорги тенгкунлик – дунё халқларининг ўзига хос байрами” мавзусида Ўзбекистон умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида иншолар танлови ўтказилди.

2022 йил Ўзбекистон Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги йилида Марказ “Ўзбекистон ёшлари фан-техника тараққиёти асрида” болалар кўрик-танлови ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент давлат техника университети ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу кўрик-танловнинг туман, шаҳар ва ҳудудий саралаш босқичлари якунланди. Унда “Баркамол авлод” болалар мактабларининг 9000 дан ортиқ ўқувчилари ўз ижодий ишлари, ишланмалари ва ихтиролари билан иштирок этдилар.

Жорий йилнинг 5 мартида мазкур кўрик-танловнинг финал босқичи бўлиб ўтди. Унда ҳудудий саралаш босқичлари ғолиблари ҳакамлар ҳайъатига ўз ишланмалари ва ихтироларини тақдим этдилар.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан танловнинг якуний республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ёшларни тақдирлаш маросими 25 март санасидаЎзбекистон Ёшлар ишлари агентлигида бўлиб ўтди.

Кўрик-танлов якунига кўра роботехника ва электроника йўналишида «Ижтимоий аҳамиятли инновация» ва «Энг иқтидорли ёш олим» номинацияларида ғолиблар аниқланди.

Кўрик-танловнинг Робототехника йўналиши бўйича 1-ўринни Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ тумани 25-мактабнинг 9-синф ўқувчиси, «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгараги аъзоси Абубакиров Суҳроб Суннатилла ўғли, 2-ўринни Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгараги аъзоси Аҳматов Дилшод Олим ўғли ва 3-ўринни Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгараги аъзоси Ҳусанов Нурмуҳаммад эгаллади.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Электроника йўналиши бўйича 1-ўринни Тошкент вилояти, Пискент туманидаги 5-мактаб ўқувчиси, Дилоромхон Абдурахимова, 2-ўринни Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани, 5- мактаб ўқувчиси Турсуналиев Ойбек Зохиджон ўғли, 3-ўринни Тошкент шаҳар, Сергели туманиги 94-мактаб ўқувчиси, «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгараги аъзоси  ДружининАртем эгалладилар.

Кўрик-танловнинг “Энг иқтидорли ёш олим” номинацияси Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги 2-мактабнинг 5- синф ўқувчиси Шоназаров Фозилжон Ғуломжон ўғлига топширилди.

“Ижтимоий аҳамиятли инновация” номинацияси ғолиби деб  Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги 5-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Маматхонов Нуриддин Зухриддин ўғли топилди.

Танлов совриндорлари махсус сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати