Дуогўйингизни йўқлаб туринг

5274

Автобусда кетаётиб, ғалати суҳбатни эшитиб қолдим.
– Жонга тегди, шу кампир, ёлғондан касал бўлади, – дея ҳасрат қиларди эллик ёшлардаги аёл.

– Айтманг, одам ёши улғайса, ғалати бўлиб қоларкан, онамга телефон қилсам, йиғлагани йиғлаган, – дейди ёнидагиси.
Қулоқларимга ишонмадим. Наҳотки, киши ўз ота-онасидан нолиши мумкин? Жим туришга ­виждоним йўл қўймади.
– Кекса ота-онангиз борлигига шукур қилинг, – дедим секингина.
– Сизга ақл ўргатиш осон, бир кун касал боқиб кўрсангиз, билардингиз…
Уларга отам юз ёшда оламдан ўтганини, укаларим билан сўнгги йилларда кеча-ю кундуз бошида парвона бўлганимизни айтгим келмади. Бироқ отажоним ёдимга тушиб кўзим намланди.
Ота-онамиз бизни оқ ювиб, оқ таради, емай едирди, киймай кийдирди. Энг муҳими, яхши тарбия бериб, ўқитиб, элга қўшди.
Онам 80 ёшида оламдан ўтди. Ўшанда ҳаммамиздан кўп ғам чеккан отам бўлди. Йўқлаб борганимда, отамнинг хонасида ухлардим. Кечалари ёш боладек пиқиллаб йиғлаганини эшитардим. «Онангдай аёл дунёда йўқ, менга жуда меҳрибон, эътиборли эди. Чўпон бўлсам ҳам мени тўйларга министрдай кийинтириб юборарди. Онанг кетиб, ёлғизланиб қолдим», дерди.
Орадан йиллар ўтиб, отамнинг бироз мазаси қочди. Мен Урганчда, отам Қўшкўпирда турамиз. Турмуш ўртоғимнинг розилиги билан ҳафтада икки кун отамнинг ёнида қолардим. Укаларим, келинлар, сингилларим навбатма-навбат ёнида бўлдик. Бирон дақиқа ёлғиз қолдирмадик. Гоҳ оёқ-қўлини уқалаймиз гоҳ опичлаб кўчага – тоза ҳавога олиб чиқамиз. Отам кўзлари кўрмай қолгани учун ўзи мустақил ҳаракат қилолмасди. Лекин фикри теран эди. Турли ривоятлар, ҳикоялар сўзлаб берарди. Биз ҳам ҳар куни газета ва китоблар ўқиб берардик.
Отамга қараш ҳеч биримизга малол келмаган. У киши биздан миннатдор бўлиб, тўхтовсиз дуо қиларди.
Отам 99 ёшга тўлган кун туман мудофаа бўлимидан йўқлаб келишди. Табриклашди, тақдирлашди. Отам ёш боладек суюнди. Кечаси алламаҳалгача гурунглашдик. Отажонимнинг елкасига бош қўйиб ўтириб, кўзим илинибди. Шу ҳолатда уч соат ухлабман. Азон айтилишидан уйғониб кетдим. Отам хаёл суриб ўтирган экан.
– Сизни толиқтириб қўйдимми? Нега уйғотмадингиз? – дедим хижолат бўлиб.
– Куни бўйи тиним билмадинг, кўзим қиймади, – деб бошимни силади отам.
Ўша кеча бир умр хотирамга муҳрланиб қолди. Бу мен энг мириқиб ухлаган, ҳаловатли тун эди. Кексайган, хасталикдан қийналаётган отам мени уч соат суяб ўтириш учун ўзида куч топган. Меҳр деганлари бундан ортиқ бўлмаса керак!
«Юз йил умр кўрмоқ учун юз йил сабр қилмоқ керак», дейди шоир. Отам ҳам бир асрлик ҳаёти давомида не-не синовларни бошдан кечирмаган дейсиз. Уч тузумни кўрган инсоннинг ҳикоялари биз учун доим қизиқарли бўлган. Баъзида невара-чеваралари саволларга кўмиб ташларди. Отам уларга эринмасдан, батафсил жавоб берарди. Отам биздан ҳамиша яхшилик ва ҳалолликни талаб қиларди. Онам раҳматлик «Отангдек ҳалол инсонни кўрмаганман», дерди.
Отамдан айрилганимга олти ойдан ошди. Энди мени ҳар тонг ва ҳар кеч дуо қиладиган дуогўйим йўқ. Олтмиш ёшдан ошган қизининг сочини силаб, эркалайдиган меҳрибоним йўқ.
Менимча, кекса ота-онасининг касаллиги малол келадиганлар, ота-онасидан ойда-йилда хабар олмайдиганлар ота-она Аллоҳ ато этган энг катта бойлик эканини билишмайди. Волидаси ва падарини рози қилганлар энг бахтли инсонлардир.
Ота-онангиз ҳаёт экан, уларнинг хизматида бўлиб, кўпроқ дуоларини олиб қолишга ошиқинг!

Қурбонбика ЎРОЗМЕТОВА,
фахрий ўқитувчи