Бу дунёда одам умид билан яшайди. Умид сўнган жойда одам ўлади. Бизга умр бўйи ҳамроҳ бўладиган умид ўлим тўшагида ҳам бизни тарк этмайди. Немис адиби Гётенинг фикрича, ҳатто қабр ёқасида ҳам умид яшайди. Агар оғриқли дарддан азоб чекаётган бўлсангиз ва шифокорлар тузалмас дард дея ташхис қўйса, нима бўлади? Ишонинг, бундай пайтда сизни фақат умид билан яшашга ундайди. Ҳеч қайси табиб толиққан вужуд, азоб чеккан қалбга умидчалик малҳам бўла олмайди.
Соғайиб кетиш учун ё «зўр» ё «зар» бўлиши керак. Агар иккаласи ҳам бўлмаса, яна ўша умид билан ёлғиз қоласиз. Ҳозирги кунда шифокор топиш қийин эмас. Биргина азим Тошкентда ҳар бешта бинонинг биттаси – клиника. Улар шунчалик ҳашаматлики, беихтиёр, жойига келдим, деб ўйлайсиз. Навбатга туриб, шифокор қабулига кирасиз ва унга дардингизни айтасиз. У тиббий текширувлардан ўтиш учун узун рўйхатни қўлингизга тутқазади. Унда оддий қон таҳлилидан тортиб, замонавий тиббий ускуналар – УЗИ, ЭЭГ, ЭКГ, МРТ, МСКТгача бор. Рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Асосийси бу эмас, ҳамма гап «анализлар»га кетадиган сарф- харажатда. Сизга текшир-текширлар учун отнинг калласидек чек чиқариб беришади. Ана шу жойда узун чўзилиб, ингичка узилади. Оддий кун кўрадиган кичикроқ оиланинг чекда кўрсатилган суммага камида 6 ой қозони қайнайди.
Ҳа, майли, пул топилар, энг муҳими, соғлик тикланса, бас. Аммо…
Афсуски, шу «аммо» азоб беради… Бир дунё текширув натижаларини олиб, шифокор қабулига яна кирасиз. Алам қиладигани шуки, кун давомида ҳам вақтинг, ҳам нақдинг кетган ўша ўлгур хулосаларга у тайинли қарамайди ҳам, қўлингизга дорилар рўйхатини тутқазади, холос. Яна, фалон жойда арзон, дея дорихона манзилини ҳам айтади.
Шаҳарнинг ҳар қадамида дорихона. Ё тавба, бу дунёда ҳамма касалми?
Дориларни қабул қилгач, ҳафта-ўн кундан сўнг оғриқлар қолади. Анча соғайдим, деб хаёлдан ўтказасиз. Дориларни истеъмол қилиб бўлгандан сўнг биласизки, дўхтир жаноблари фақат оғриқ қолдирувчи дориларни ёзган бўлади… Тушкунликка тушасиз, лекин яна умид туйғуси баланд келади.
Афсуски, кейинги вақтда инсон саломатлиги бизнесга айланиб кетди. Мен ҳамма шифокорларни қораламоқчи эмасман. Юртимизда касбига содиқ, ўз ишининг устаси бўлган шифокорлар кўп. Уларнинг борига шукр. Пандемия даврида жонбозлик кўрсатган шифокорлар олдида бош эгамиз. Мен билган Шукрулло Жалилов ҳам ҳар қанча эъзозга арзирлик шифокорлардан бири.
Француз ёзувчиси Ромен Ролланнинг зўр гапи бор: «Тирик одам ҳали ҳеч нарсани йўқотмадим, деса бўлади». Шукрулло Жалиловнинг қабулига кирган киши ҳам ана шу ҳикматни ҳис қилади. Унда умид уйғонади, ҳаётга ишончи ортади.
Тиббиёт фанлари номзоди, невропатолог Шукрулло Жалилов шифокорлар оиласида улғайди. Бобоси, онаси, опа-сингиллари, ака-укалари-ю, турмуш ўртоғи, фарзандлари ҳам шифокорлик касбини танлашган. Ҳамкасблари орасида ҳурмат қозонган, қўли енгил, билимли ҳамда тажрибали шифокорнинг таъкидлашича, саломатлик бу – бахт! Дардга даво топишнинг энг асосий омили тўғри ташхис қўя олиш экан. Масалан, биргина эпилепсияни олайлик, халқ орасида тутқаноқ дея аталадиган ушбу касалликнинг 100 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, дорилар аниқ танланган тақдирдагина даволаш ўз натижасини беради. Шу сабабми, айрим беморлар даволанишдан умидини узиб бўлган. Бироқ Шукрулло Жалиловга мурожаат қилган бемор дардига даво топади. Бу – муболаға эмас. Шу кунгача Туркия, Польша, Чехия, Финляндия, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон каби давлатлардан 2500 нафардан ортиқ бемор Шукрулло акага мурожаат қилиб, ўз дардига даво топди. Бу фақат хориждан ташриф буюрган беморлар статистикаси, холос. Мамлакатимиз фуқаролари сони ҳам бундан кам эмас. Энди тасаввур қилинг, шу инсон туфайли қанчадан-қанча хонадонга шодлик инмоқда.
Мен бу мақола билан кимнидир «реклама» қилмоқчи эмасман. Фақат ўз раҳматимни етказишга уриндим, холос. Аслида, Шукрулло ака рекламага муҳтож эмас. Ундан-бундан эшитиб келувчилар жуда кўп. Чунки Шукрулло ака шифокорлик бурчидан ташқари инсонийликка ҳам катта эътибор қаратади. Иқтисодий аҳволи ночорларни текинга ҳам даволаши мумкин. Тўшакка михланиб қолган беморларни узоқ йўл босиб, кўриб келади десам, балки ишонмассиз. Бу одам бунча кучни қаердан олар экан-а?
Ўзининг айтишича, ногиронлик аравачасида келиб, муолажалардан сўнг ўз оёғи билан юриб кетаётган беморини кўрганида, ғайратига ғайрат, кучига куч қўшилар экан. Тўғри-да, йиллар давомида дардига даво топа олмай, шифтга термулиб ётган хаста киши якунда юриб кетса, ким ҳам хурсанд бўлмайди? Балки қилинган дуолар у кишига куч бағишлар? Лекин бир нарса маълумки, Шукрулло Жалилов каби жонкуярлар бор экан, умид туйғуси ўлмайди.
Зеро, Леонардо да Винчи айтганидек, «Умид тугаган жой ҳувиллаб қолади». Тилагимиз шуки, ҳеч кимнинг умиди ҳеч қачон сўнмасин!
Ўткир ЭШОВ
