Иш ҳақидан қарздорлик қачонгача давом этади?

1057

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгаши томонидан иш ҳақи ўз вақтида тўланиши устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Шу мақсадда иш берувчиларга, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, банкларга, ҳуқуқий инспекцияларга, прокуратура ва суд органларига мурожаатлар қилинмоқда.

Тегишли чоралар кўрилишига қарамай, 2022 йилнинг 1 март ҳолатига Сирдарё вилоятида иш ҳақидан қарздорлик 1 миллиард 293 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Ушбу қарздорлик Агросаноат маж­муи ходимлари касаба уюшмаси хизматида бўлган, банкротлик ёқасига келиб қолган «Гулистон экстракт ёғ» АЖнинг 301 нафар ходимига тўланмаган иш ҳақидир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоя­­ти кенгашининг мутахассислари амалий кўмаги билан тармоқ касаба уюшмаси Гулистон шаҳар кенгаши томонидан шаҳар прокуратурасига корхонада юзага келган қарздорликнинг ундирилишида амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисида хат ва акциядорлик жамияти раҳбариятига қарздорликни узиш чораларини кўриш юзасидан тақдимнома киритилди. Қарздорликни суд тартибида ундириш мақсадида қарздорлар рўйхати ва солиштирма далолатномалар тузилди.
Жорий йилнинг февраль ­ойида вилоят кенгаши мутахассислари кўмаги билан прокуратура орқали Фуқаролик ишлари бўйича Гулис­тон туманлараро судига 50 нафар ходимнинг 238 миллион 655 минг сўмлик, адлия органлари орқали Фуқаролик ишлар бўйича Гулис­тон туманлараро судига 25 нафар ходимнинг 154 миллион 870 минг сўмлик муддатида тўланмаган иш ҳақини ундириш юзасидан аризалар киритилиб, тегишли суд буйруқлари чиқарилди.
– Низоли ҳолатларда қарздорлик бошқача шаклда ҳам ундирилиши мумкин, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгаши бўлими бошлиғи Дилмурод Пирманов. – Шу мақсадда кенгаш ташаббуси билан корхонада Меҳнат низо комиссияси тузилиб, ушбу комиссия мажлисларида 50 нафар ходимнинг муддатида тўланмаган 487 миллион 317 минг сўмлик қарзини ундириш юзасидан қарорлар қабул қилинди. Ушбу комиссия қарори суд иши қарори билан тенг мақомда бўлиб, мажбурий ижро тартибида ундирувга юборилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»