Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларига тўланиши керак бўлган устама пуллари жорий йилнинг январь ойидан бошлаб берилмаяпти.
Хусусан, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар кенгашига Нукус шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 1-, 22-, 31-, 37-, 46-, 47-, 48-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабларидан шу мазмундаги шикоят аризалари келиб тушди.
Аслида, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги «Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорининг 8-бандига биноан ихтисослаштирилган мактабларда ўқув жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган директорлар, уларнинг ўринбосарлари ва психологларга устама берилиши керак. Аммо…
Халқ таълими вазири ўринбосари Т.Комиловнинг бир энлик хати ушбу қарорни йўққа чиқарди ҳисоби.
Ушбу хатда баён этилишича, Халқ таълими вазирининг 2021 йил 1 июлдаги 206-сонли буйруғига кўра, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг лавозим мажбуриятларига асосан тарбия жараёни билан боғлиқ вазифалар юклатилгани боис айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаблардаги маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарларга устама белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас деб топилган. Шу важ билан бугун мамлакатдаги барча ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларидаги маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларининг устама пуллари қирқиб ташланган.
Хўш, шунда Халқ таълими вазири ўринбосарининг хати бутун бошли ҳукумат қароридан устун келяптими? Ёки Вазирлар Маҳкамасининг 173-сонли қарорининг 8-банди бекор қилинган қандайдир бошқа ҳужжат ҳам қабул қилингану, биз бехабар қолдикми? Борди-ю юқоридаги вазият судга бориб тақалса, бу ҳолатни ким ўз бўйнига олади? Вазирлик «биз шунчаки кўрсатма берганмиз, аммо ҳеч кимни мажбурламаганмиз», дея ўз сўзидан тонмаслигига, охир-оқибат, калтак мактаб директори ва ҳисобчисининг бошида синмаслигига кафолат борми?
Мазкур масала юзасидан Халқ таълими вазирлигининг муносабатини кутамиз.
Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»
