Ҳисоб палатасига!
Мамлакатимизда коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Кунда-кунора қайсидир мансабдорнинг коррупцион ҳолатда қўлга тушаётгани ва бу оммага ошкор этилаётгани сўзимиз исботи.
Таассуфки, шунга қарамай, коррупцион ҳолатлар камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда.
Хусусан, Олий Мажлис Сенатининг ўтган йилги бюджет маблағлари масаласига бағишланган ҳисобот йиғилишида 2020 йилда 2,5 мингдан зиёд бюджет муассасасида 301 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилингани, нархларни сунъий ошириш орқали давлат харидларини амалга ошириш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Ҳисоб палатасининг 2021 йилдаги фаолиятига доир ҳисобот йиғилишида қайд этилишича, 2021 йилда зиммасига юклатилган вазифалар доирасида Ҳисоб палатаси томонидан 60 та назорат тадбири ва тематик таҳлилий ўрганишлар амалга оширилган. Натижада давлат бюджети ва мақсадли давлат жамғармалари бюджетлари ҳисобидан ажратилган маблағларнинг сарфланиши бўйича 2021 йилда 338 миллиард сўмлик камомад, ўзлаштиришлар ҳамда самарасиз харажатлар аниқланган.
Рақамлардан кўриниб турибдики, коррупцион ҳолатлар йил сайин ортиб бормоқда. Ваҳоланки, бизда бундай ҳолатларни бартараф этиш учун ташкил этилган ташкилотлар ҳам бор! Масалан, ғазначилик тузилмасини олинг.
Давлат бюджетининг ғазна ижросини татбиқ этиш ҳисобига бюджет тизимини янада ислоҳ қилиш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назоратни кучайтириш, барча даражалардаги бюджет даромадлари ва харажатларини бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида таркиб топган ғазначилик кўплаб вазифалар қаторида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва мақсадли давлат жамғармалари маблағлари ҳисобидан товар (иш, хизмат)лар етказиб берувчилар билан шартномалари харажатлар сметасида кўрсатилган суммалар ва мақсадларга мувофиқ равишда тузилиши устидан назорат ўрнатиш асосида мазкур шартномаларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш;
бюджет ташкилотларини, шу жумладан, мудофаа ва хавфсизлик тузилмаларини молиялашга йўналтириладиган бюджет маблағларидан фойдаланишни мақбуллаштириш устидан мониторингни амалга ошириш, бунда улар томонидан тузилаётган шартномаларнинг сифати таъминланишини, уларнинг мақсадга мувофиқлиги ва нарх-наво ечимини назарда тутиш ҳамда воситачилик хизматларидан воз кечиш кабиларга ҳам жавобгардир.
Бюджет маблағлари ҳисобига бунёд этиладиган ҳар бир қурилишнинг, шу жумладан, бошқа ҳар қандай харажатларнинг амалга оширилишида ғазначиликнинг «рухсати»ни олиш ўзига яраша «азоб» эканини кўп эшитганмиз. Аммо…
Юқоридаги коррупцион рақамларда ғазначиликдаги мутасаддиларнинг заррача айби йўқ деган гапга ишониш қийин.
Умуман, айни фаолиятнинг самарадорлиги қанчалик таҳлил қилинмоқда? Мазкур ҳолатларга жавобгарлик борасида ҳам уларнинг «бетараф» қолиши нечоғли тўғри?
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»
