уларнинг хато йўлга кириб қолишларига
ким айбдор?
Ўсмирлик ёки ўспиринлик инсон ҳаётининг энг мураккаб паллаларидан бири ҳисобланади. Бу даврда яхши тарбия кўрмаган бола боши берк кўчага кириб қолиши ва кейинги тақдири аянчли кечиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис балоғатга етаётган ҳар бир ўғил-қиз доимо катталар диққат-эътиборида бўлиши шарт. Чунки ўсмирларнинг яхши ё ёмон, уқувли ё уқувсиз, билимли ё билимсиз инсонлар бўлиб улғайиши, энг аввало, ота-оналари ва яқинларининг бу борадаги оқилона саъй-ҳаракатларига, қолаверса, «Бир болага етти маҳалла ота-она» деганларидек, ён-атрофидагиларнинг унга нисбатан муносабатига ҳам боғлиқ. Аммо бугунги кунда баъзан болага маҳалла тугул, ҳатто ўз ота-онаси ҳам бегона назар билан қараётган ҳолатларга дуч келаяпмиз. Унинг салбий оқибатларидан фақат баъзи оилалар эмас, кўпчилик зарар кўраяпти. Энг ачинарлиси, тарбияси чатоқ болаларнинг айримлари муштдай боши билан жиноятга қўл уриб, ҳам ўз келажакларини барбод қилишмоқда, ҳам жамият тараққиётига зимдан жиддий путур етказишмоқда.
Маълумотларга қараганда, ўтган йили Хоразм вилоятида вояга етмаган 50 нафардан зиёд болалар 40 дан ортиқ жиноят содир этишган. Улар асосан оғир ва енгил тан жароҳати етказиш, ўғрилик, безорилик каби жиноятларга қўл уришган. Бунга айрим ота-оналарнинг ўзларининг ахлоқсизлиги, оилавий муҳитнинг носоғломлиги, иқтисодий-ижтимоий муаммолар, ажримлар, ёмон хулқли шахслар билан алоқада бўлиш, тайинли фойдали иш билан шуғулланмаслик, катта ёшли жиноятчиларнинг даъвати, турли фильмлардан таъсирланиш, ҳаётдаги омадсизлик, руҳиятдаги ўзгаришлар сабаб бўлган.
Энг ёмони, ушбу омиллар болаларни нафақат жиноятга, балки ўз жонига суиқасд қилишга ҳам ундамоқда. Суиқасд эса ўсмирнинг атрофдагилардан норозилигини намойиш этишга, яқинлари эътиборини ўзига жалб этиб, уларнинг меҳрини қозонишга уриниши демакдир. Бироқ, минг афсуски, бундай қалтис усулни қўллаш билан у ҳар доим ҳам ниятига эриша олмаслигини билмайди. Кутилмаган исён натижасида ҳаётдан эрта кўз юмиши ёки умрбод майиб-мажруҳ бўлиб қолиши мумкинлигини тушунмайди.
Бола чорасиз вазиятга тушиб қолмаслиги учун доимий равишда катталарнинг диққат марказида бўлиши лозим. Албатта, уни назорат қилиш деганда, фақат қаттиққўлликни тушунилмаслик зарур. Асосийси, ёшларни ҳаётга тўғри йўналтириш, уларга меҳр кўрсатиш, хато-камчиликларини ўз вақтида ва дилига озор бермасдан бартараф қилиш лозим.
Маълум бўлишича, бултур Хоразм вилояти ички ишлар органлари таянч пунктларига 4200 нафардан зиёд ўсмир олиб келинган. Бу далил шунча бола ё кимлардандир азият чекканини, ёки кимларгадир зарар етказганини англатади.
Шунингдек, 540 нафардан зиёд бола вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилиб, барчасининг тарбияси ва саломатлиги назоратга олинган. Улардан бири бўлмиш Аброр (исми ўзгартирилган) ҳозир ихтисослаштирилган мактаб-интернатда таълим-тарбия олмоқда. Бизга айтишича, онаси эри билан ажрашгандан сўнг уни 8 ёшида бефарзанд оилага бериб, ўзи ишлаш учун хорижга кетган. Аброр шундан кейин рўй берган воқеаларни йиғлаб сўзлаб берди:
– Ўгайлар (у васийларини шундай атади) мени бола ўрнида кўрмас, аксинча, хизматкор деб билишарди. Уй ишларининг ҳаммасини бажарардим. Эвазига деярли ҳар куни калтак ер эдим. Гоҳида мени мактабга юборишмас, тенгқурларим билан ўйнашимга рухсат ҳам беришмасди. Шу боис дўстларим йўқ ҳисоби эди. Оқибатда ҳайвонларга меҳр қўйдим. Кўчадан дайди ит-мушукларни олиб келардим. Ўгайлар эса уларни ташқарига қувиб, мени калтаклашарди. Оила бошлиғи пияниста эди. Мен сал катта бўлгач, ҳар куни унинг ароғидан ўғирлаб ичадиган бўлдим. Охири хўрлашларга чидай олмай, ўтган йили уйдан қочиб кетдим. Кўча-кўйда санғиб юрган кунларимнинг бирида ички ишлар ходимлари мени ушлаб олиб, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштиришди. Икки-уч кундан сўнг ўгайларникига олиб боришди. Яна қочдим. Тағин топиб, марказга келтиришди. Агар бу сафар ҳам уларникига олиб боришса, ўзимни ўлдиришимни айтдим. Шундан кейин 40 дан зиёд тенгдошларим қатори мени мана шу мактаб-интернатга олиб келишди. Бу ерда билим олиш имконига эга бўлдим ҳамда талай дўстлар орттирдим.
Аброр гапини тугатиб, чуқур ўйга толди. Қайтаётганимда эса мендан «Эртага ҳам келасизми?», деб сўради.
Бу каби мисоллар муаммо болаларда эмас, катталарда эканлигини англатади.
– Бола энг яхши кўрадиган инсон бу унинг онаси, – дейди Урганчдаги 6-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат директори ўринбосари, психолог Сарвар Пиржонов. – Отаси, бобо-ю бувиси ёки бошқа биров томонидан онасига зўравонлик қилинса ва тазйиқ ўтказилса, боланинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, атрофидагиларга нисбатан агрессив кайфият пайдо қилади. Масалага шу жиҳатдан ёндашганда, бизда болага салбий таъсир кўрсатадиган одатлар бисёр. «Отангнинг уруғи», « Онангнинг уруғи», деб қариндошларини ёмонлаш, эр-хотиннинг ўзаро жанжаллари…
Бундай муҳитда ўсган бола бошқалар эътиборини ўзига жалб қилиш, истаган нарсасига эришиш, норозилигини билдириш учун кимнидир калтаклайди, кимнингдир бирор нарсасини ўғирлайди, кимнидир алдайди. Ўзига кўрсатилаётган меҳрни қалбан ҳис этган бола эса ҳеч қачон ёмон ишга қўл урмайди, жиноят қилмайди.
Дарҳақиқат, боланинг ҳаётга қарашлари оилада шаклланади. Узлуксиз давом этадиган жанжаллар эса унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Бора-бора у атрофдагиларга, жумладан, ота-онасига нисбатан ҳам бемеҳр бўлиб қолади. Орадан йиллар ўтиб, ўзи ота-она бўлганида фарзандига қандай тарбия беришни билолмай, боши қотади, охири эски хатоларни такрорлайди.
Бугун кўпчиликда эгоизим кучайган. Дунё менинг атрофимда айланиши керак деган қараш оқибатида яқинларига озор етказиб, ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳаётини издан чиқараётганлар оз эмас. Уч-тўрт фарзанди бўла туриб, турмуш ўртоғи билан ажрашаётган эркакни ёки аёлни боласини яхши кўради, унга ғамхўр-меҳрибон деб айта оласизми? Арзимаган сабаблар билан келинини уйдан ҳайдаб чиқараётган қайнота-ю қайноналар ўз қилмишлари туфайли невараларини тирик етим қилиб қўяётганини, уларнинг қалбида ўзларига нисбатан нафрат уйғотаётганини ўйлашадими? Рўзғор кемтигини баҳона қилиб (худди ажрим уларни бадавлат қилиб қўядигандек), оиласидан воз кечаётган аёллар-чи? Алимент пулларини фарзандлари қолиб, ўз нафсини қондириш йўлида сарфлаётган айрим оналар-чи? Ўртасарсон болалар бундай кишилардан қандай тарбия ва қандай ибрат олади?
Хуллас, сабаблар ҳам, саволлар ҳам кўп. Фарзанди ўқийдиган мактаб остонасидан бирон марта ҳатламаган ота-оналар ҳам бор. Улар боласи ножўя иш қилса, «Ўқитувчиларга давлат нега ойлик тўлаяпти?» деб аюҳаннос солишади. Ҳаётдан аламзада ота-оналарнинг айримлари эса ўғил-қизларини калтаклаб, хумордан чиқишади. Буларнинг ҳаммаси ўсмир-ёшлар тақдирида турли-туман муаммолар пайдо бўлишига олиб келади.
Инсон жамиятнинг бир бўлаги саналади. Шу боис унинг тақдирини фақат оила билан боғлаш ножоиз. Айниқса, тарбия масаласига умумжамият иши, миллатнинг бурчи сифатида қараш шарт. Биз эса кўпинча буни унутиб қўямиз. Масалан, йўл бўйида сигарета чекиб турган ўспириннинг ёнидан индамай ўтиб кетамиз. Нари борса, хаёлимиздан «У кашандага айланганини ота-онаси билармикин?» деган фикрни ўтказамиз. Лекин юришдан тўхтаб, унга бирров танбеҳ беришни, насиҳат қилишни ўзимизга эп кўрмаймиз.
Болалар танқидий таҳлил қилишни билмайди, кўрган-эшитган нарсасини тўғри деб қабул қилади. Ёшларнинг тамаки чекишга, спиртли ичимликлар истеъмол қилишга қизиқиши катталигининг сабаби ҳам шунда. Улар алдашни, фириб беришни, зуғум қилишни ҳам катталардан ўрганишади.
Албатта, ҳеч ким фарзанди жиноятчи бўлишини истамайди. Шундай экан, унинг учун сабаб ва шарт-шароит яратиб бермаслик керак. Бунда вояга етмаганларнинг қизиқишларини сўраш ва ривожлантиришга кўмаклашиш муҳим. Руҳшунослар болаларга тақиқ қўймаслик кераклигини, улар айнан тақиқланган ҳаракатни содир қилишга ўч бўлишини уқтиришади. Ўз навбатида, назоратни ҳам сусайтирмаслик зарур. Айниқса, фарзанднинг дўстлари кимлигига ҳам қизиқиш, уларни уйга таклиф қилиб, суҳбатлашиш яхши самара беради.
Табиийки, болалар тарбиясида ота-оналар уларнинг олдида ўзларини муносиб тутишлари ҳам катта аҳамиятга эга. Қолаверса, ёшларга вақтни қадрлашни, унинг ҳар дақиқасидан унумли фойдаланишни ўргатиш даркор. Таассуфки, охирги пайтларда бизда болалар билан гаплашиш кўникмаси йўқолиб бораяпти. Бировимиз ишимиз кўплигини баҳона қиламиз. Бошқа биримиз телевизорда бемаза сериални томоша қилишимизга халақит бермаслиги учун боламизни кўчага чиқариб юборамиз. Савол берса, аниқ-лўнда жавоб қайтаришдан кўра, жеркиб ташлашни афзал кўрамиз. Дилбандларимизнинг келгуси тақдирини ҳал қилишда ҳам ўз қизиқишларимизга устунлик берамиз. Адабиётни яхши кўрадиган боладан математикани ўқишни талаб қиламиз. Ҳунарманд бўлишни истаганини шифокор бўлишга мажбурлаймиз.
Булар ҳам аслида навқирон авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи иллатлардир. Агар биз улардан воз кечсак, болаларимизга аждодларимизни ва эришган ютуқларини эъзозлашни, ҳалол, тўғрисўз ва ўзаро меҳр-оқибатли бўлишни ўргатсак, одамларга яхшилик қилишнинг аҳамиятини, билим олиш ва касб-ҳунар ўрганишнинг фойдасини бафуржа тушунтирсак, одоб-ахлоқига ижобий таъсир ўтказган бўлардик. Лекин ҳозир мактабларда ва маҳаллаларда кўпинча номигагина ўтказилаётган тадбирлар, уларда билдирилаётган баландпарвоз фикрлар билан баркамол авлодни тарбиялай олмаймиз. Бундай давра суҳбатлари, учрашувлар ва мажлисларни кўпроқ ота-оналар учун ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Эҳтимол, шунда айрим лоқайд ота-оналар фарзандлари олдидаги бурчи ва масъулиятини теран тушуниб, тарбия усуллари ҳақида муҳим тушунчаларга эга бўлишар.
Ҳозир олий ўқув юртларида тютерлик фаолияти йўлга қўйилган, мактаб-интернатларда тарбиячи лавозимлари жорий этилган. Бу яхши самара бераяпти. Шундай экан, мактабларда ҳам тарбиячи лавозимларини жорий этиш фойдадан холи бўлмайди. Улар ўқувчиларни дарсдан кейин турли тўгараклар ва машғулотларга йўналтирсалар, концертларга ва театрларга олиб борсалар, келажак авлоднинг дунёқарашини шакллантиришга салмоқли ҳисса қўшишлари тайин. Зеро, фақат «Тарбия» фанини ўқитиш билан бола одоб-ахлоқли бўлиб қолмайди. Қолаверса, кўпчилик ота-оналар иш билан банд, ишсизларининг айримлари эса фарзандларини тарбиялаш тажрибасига эга эмас.
Сирасини айтганда, келажагимиз ворислари тақдирига зинҳор-базинҳор бепарво бўлмаслигимиз керак. Билъакс, мудом уларнинг соғлиғи, овқатланиши, кийиниши, юриш-туриши, муомаласи, орзу-ўйлари билан қизиқиб, жамиятнинг бир бўлаги эканлигини чин дилдан ҳис этишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб берсак, адашганларини тўғри йўлга солиш чораларини кўрсак, улар биз истаган ва кутган инсонлар бўлиб вояга етадилар.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»
