Унга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қуйидагича муносабат билдирилди:
Айни кунларда қонунчилигимизда меҳнат муносабатларини тартибга солиш борасидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланди.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 34-боби «Меҳнат низоларини кўриб чиқиш»га бағишланган бўлиб, боб 40 та моддадан иборат. Ушбу бобда меҳнат низоларининг турлари, уларни кўриб чиқиш тартиби, меҳнат низолари бўйича комиссияни тузиш, унинг ваколатлари, якка тартибдаги ва жамоавий меҳнат низоларини кўриб чиқиш тартиблари, яраштирув тартиб тамойиллари бўйича алоҳида қоидалар белгиланган.
Бундан ташқари, меҳнат низоларини ҳал этишда медиация институти киритилган бўлиб, яъни ҳар қандай якка тартибдаги меҳнат низоси меҳнат низолари бўйича комиссияда ёки судда кўриб чиқишнинг исталган босқичида, суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун киришидан олдин «Медиация тўғрисида»ги қонунга мувофиқ кўриб чиқиш учун медиаторга ўтказилиши мумкин. Алоҳида модда билан Жамоавий меҳнат низосини медиатор иштирокида ҳал этиш (тартибга солиш) механизми ҳам белгилаб берилмоқда. Шунингдек, меҳнат низоларини ҳал этишда меҳнат арбитражи институтларини жорий қилиш ҳолатлари ҳам қонунда кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Касаба уюшмаларининг меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш чоғидаги ҳуқуқлари ҳам алоҳида модда билан белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, қонунда илк бор ходим томонидан содир этилган ножўя жамоатчилик интизомий хатти-ҳаракати юзасидан ҳақиқатни аниқлашга қаратилган хизмат текшируви институти, унинг тушунчаси, ўтказиш тартиби, натижаларини расмийлаштириш тартиблари ҳам акс этмоқда.
Қонун расман кучга кирганидан сўнг меҳнат низоларини ҳал этишдаги амалиётда юзага келган бўшлиқлар тўлдирилади ва меҳнат низолари адолатли кўриб чиқилишига эришилади.
Яна шуни таъкидлаш жоизки, Конституциянинг 106-моддасига кўра Суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади, деб белгилаб қўйилган. У бирон ташкилот ҳузурида ташкил этилиши мумкин эмас. Конституциянинг 107-моддасида эса Суд тизими қандай судлардан иборат экани мустаҳкамлаб қўйилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Меҳнат ва ижтимоий масалалар
қўмитаси раиси М.Ходжаева
