ёхуд ҳазилдаги ҳақиқат
Бошловчи: – Ассалому алайкум, барча-барчага! Ассалому алайкум, азиз мухлислар! «Серсаломлар» радиостудияси ўз эшиттиришларини давом эттиради.
Диққат қилинг, эфирда – «Ўҳ-ҳў» эшиттириши. Бугунги меҳмонимиз эстрадамиз осмонида порлаётган юлдузлардан бири, хонанда Водариғ Ҳайҳот. Бизнинг эшиттиришни нарх-наводан ҳам, об-ҳаводан ҳам қизиқарли деб биладиган, азиз мухлислар, бизда ҳозир реклама вақти. Тил қоидаларига умуман амал қилинмайдиган, асабга ўзи тегмаса ҳам, шамоли тегиб ўтадиган антиқа реклама ва эълонлардан сўнг эшиттиришимиз давом этади. Яхши кайфият соғлиққа, яхши реклама чўнтакка фойда. Биз билан қолинг.
Бошловчи: – Ассалому алайкум, яна бир бор барча-барчага. Қисқа рекламадан сўнг биз яна эфирдамиз. Бизнинг радиотўлқинларга эндигина уланган мухлислар учун эслатиб ўтамиз, сиз «Ўҳ-ҳў» эшиттиришини тинглаяпсиз. Ўзингизга маълумки, биз студиямиз меҳмонига қатор саволлар билан мурожаат қиламиз. Агар берилган жавоблардан камида бештасига махсус дастурланган компьютер «ўҳ-ҳў» деб юборса, эшиттириш якунида суҳбатдошимиз антиқа совғага эга бўлади. Демак, бизнинг бугунги меҳмонимиз – одамни хит қиладиган хит қўшиқлар ижрочиси Водариғ Ҳайҳот.
Ассалому алайкум, студиямизга хуш келибсиз!
В.Ҳ.: – Валейкум салом.
Бошловчи: – Демак, биринчи савол ва ўйлайманки, бу саволнинг жавоби кўпчиликка жуда қизиқ. Нега шу… тахаллусингиз Водариғ Ҳайҳот? Нима, бошқа ном қуриб кетганмиди?
В.Ҳ.: – Биласми, тахаллус проста так қўйилмаган-де. Кўп ўйлаганмиза, маслаҳатлашганмиза и охирида шу номни қўйганмиза. Бунга сабаб шуки, ман эстрадада ҳали енгиман, жа унчали популярниймасман. Шунчун манга тўйларда кечро новбат беришади. Тоист, манга очеред кеганда кўпчили «ўчиб қоган» бўлади. Бунақа вохтлада одамлани эътиборини тортиш кереми, кере. Энди ўзиз тасаввур қилинг, шундай вохтда ўртакаш ўртага чиқиб, микрофонда баланд товушда эълон қилади: Водариғ Ҳайҳот!
Звучитми, звучит. («Ўҳ-ҳў»)
Бошловчи: – Тушунарли. Демак, ном одамларнинг эътиборини тортиш учун ўйлаб топилган экан-да. Мана, биринчи «Ўҳ-ҳў» ҳам янгради. Кейинги савол: санъат оламига қандай кириб келгансиз?
В.Ҳ.: – Тўғри кириб кеганман. Адам «Қўлингдан бир иш кемиди» деб нуқул замечания берарди. Ўйлаб кўриб, охири қўшиқчи бўлишга қарор қилдим. Шу…
Бошловчи: – Оилангизда санъаткорлар борми?
В.Ҳ.: – Да, бор. Адамла бир қанча кино ва сериалларда роль ўйнаганла.
Бошловчи: – Масалан, қайси фильмларда?..
В.Ҳ.: – Масалан, анув «Темир хотин» деган кино бору, ўшанда Бозорвой ролини ўйнаганла (компьютердан «ўҳ-ҳў» садоси эшитилади).
Бошловчи: – И-е, қизиқ-ку, дадангиз ўша фильмда экранда умуман кўринмайдиган, бозорга кетган Бозорвой ролини ижро этган экан-да? Э, қойил! Хўп, майли, яна қандай образларни жонлантирганлар?
В.Ҳ.: – Хоп, яна исторический сериаллада жангда ўлган навкар, дарвоза олдидаги соқчи, современний сериалларда эса, кўчада тўхтатилган ёкида юриб кетган мошиндаги шопир ролларини ўйнаганла. Тўлка шу ўйнаган роллари крупний планда олинмаган-де, шунчун ҳич қайсинисида юзлари кўринмаган. («Ўҳ-ҳў»)
Бошловчи: – Ижодда қандай янгиликлар бор?
В.Ҳ.: – Биза шу пайтгача ҳеч ким қимаган енгили қилду.
Бошловчи: – Зўр-ку, қанақа янгилик, қани, эшитайлик-чи?
В.Ҳ.: – Биза ҳозир состав билан хизматлага терминал билан чиқвоммиза. Энди мухлислар ўзлари ёқтирган қўшуни нақд пулдамас, пластик карточка билан ҳам заказ қилишлари мумкин. («Ўҳ-ҳў»)
Бошловчи: – Терминал ишлатиш зўр янгилик бўлибди, яхши. Лекин сиз саволимни сал бошқача тушундингиз, айнан ижодда қандай янгиликлар бор?
В.Ҳ.: – Творческий демоқчисиз-де, енгилила кўп. Яқинда енги қўшу қилду, энди унга клип омоқчимиза.
Бошловчи: – Мана, бор экан-ку янгилик. Шу қўшиқдан бир шингил эшитайлик унда.
В.Ҳ.:
– Севган ёрим гўзалларнинг додаси,
Оқ фотиҳа берармикан адаси?
Гар кўнмаса адаси, кўндирсин-да
холаси, опаси, аммаси – ҳаммаси.
(«Ўҳ-ҳў»)
Бошловчи: – Даҳшат! Ҳойнаҳой, клип ҳам қўшиққа яраша бўлса керак.
В.Ҳ.: – Да, ҳозир шуни устида ишлавоммиза. Клип учун битта конкрет ҳовли, уч-тўртта «иномарка» и беш-ўнта енги чеҳралар, яъни қизлар қидирвоммиза.
Бошловчи: – Тушунарли. Мухлисларимиздан бири сизга савол йўллабди. Савол қуйидагича: «Сиз Водариғ Ҳайҳот бўлмасингиздан илгари «Войдод» гуруҳи солисти эдингиз. Одамларнинг эътиборини тортишга «Войдод» деган ном камлик қилдими? Жавоб учун олдиндан раҳмат».
В.Ҳ.: – Савол учун раҳмат. Бу мухлисимиза мани ижодим билан яқиндан таниш эканла. Да, ман илгари «Войдод»да эдим. Биза анча популярний бўвотувдик, кегин бир музикалний сайт бизадан номимизани сўрашди. Кегин гаплашду, келишду и берворду. Ҳозир ула вобшем кучайиб кетган.
Бошловчи: – Хўп, яхши. Адашмасам, сиз пойтахтга келиб, ижод қилаётганингизга кўп вақт бўлмади. Кўпчиликка теккан касал сизни ҳам четлаб ўтмабди. Яъни, Тошкент шевасида гапириш сизга ҳам юқибди. Хўп, майли. Энди яна бир тингловчимиздан келган саволни ўқиб эшиттираман. Савол: «Айтишларича, сизга маҳалладошларингиз «Томда хизмат кўрсатган тўйтарқатар» деган «унвон» беришган экан. Шу унвонингиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз, раҳмат».
В.Ҳ.: – Билмадим, ниме манга бунақа унвон беришган? Проста, ман болалигимда томга чиқволиб, қўшу этардим. Кейинчали вохти-соати билан тўйлага чиқадиган бўлдим. Билмиман, шу нагадир ман қўшу этвотганимда кўпчили тўйхонадан чиқиб кетарди.
Бошловчи: – Раҳмат, изоҳ учун. Аслида, сиз томдан тушмасдан қўшиқ айтиб юрсангиз бўларкан. Афсуски, соат миллари бизга ажратилган вақт тугаётганини кўрсатмоқда. Марҳамат, мухлисларингизга дил сўзларингизни йўллашингиз мумкин.
В.Ҳ.: – Мани ижодимга бефарқ бўмаган мухлисларга ўзимми қайно саломларимни йўллиман. Улар ҳамиша соғ-саломат бўсин, уйларида тўйла бўсин! Биза хизматда бўлилу.
Бошловчи: – Ҳурматли Водариғ Ҳайҳот, сизни табриклайман. Сиз бешта «ўҳ-ҳў»ли бўлдингиз. Бу дегани совға сизники. Марҳамат, совғамизни қабул қилинг.
В.Ҳ.: – (қўлидаги қутичага қараб) Бу совғани очиб кўрсам бўладими?
Бошловчи: – Бемалол, хоҳласангиз – шу ерда, хоҳласангиз – уйда очиб кўришингиз мумкин.
(Қутичани қувониб очган «юлдуз»нинг қути ўчади).
В.Ҳ.: – И-е, пустой-ку. Ҳазиллашвоссилами?
Бошловчи: – Нега бўш бўларкан, қутичада иккита нарса бор – ҳаво ва бўшлиқ. Совға ижодингиз ҳамда жавобларингизга яраша бўлди. Яъни, ҳаммаси ҳавойи ва бўш!
Қадрли мухлислар, бизни тинглаб кузатишда давом этинг. Балки кейинги эшиттиришларда «Ўҳ-ҳў»лар сони камаяр. Қанийди, камайса, деган яхши ниятда бугунги эшиттиришга якун ясаймиз.
Микрофон қаршисида «ўҳ-ҳў»лардан безор бошловчингиз Бедор Башар бўлди.
Азизлар, сизлар билан кейинги дастурларгача хайрлашамиз.
Хайр, ўзингиз учун ўзингизни асранг!
Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»
