Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига!
Ёшларга эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш бугунги кунинг долзарб масаласига айланди.
Хусусан, давлат раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси айнан ёшлар маънавиятини юксалтиришга, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.
Яратилаётган имконият доирасида давлат ва нодавлат нашриётлар томонидан турли йўналишдаги китоблар чоп этилмоқда.
Бу яхши, албатта. Аммо масаланинг бир оғриқли томони ҳам бор: ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилаётган китобларнинг баъзилари талабга жавоб бермаяпти. Гўё соҳада фаолият юритаётган баъзи ишбилармонлар сифатга эмас, сонга урғу бераётгандек… Ҳар ким истаса, ақли етса-етмаса, китоб бизнеси билан шуғулланяпти.
Юқоридаги мулоҳаза нечоғли ҳақиқатга яқинлигини билмоқчи бўлсангиз, исталган китоб дўконга киринг-да, охирги йилларда чоп этилган маҳсулотларга разм солинг, исботини кўрасиз.
Таҳририятимиз бу борада бир неча маротаба бонг уриб, танқидий ва таҳлилий мақолалар эълон қилди. Улар орасида ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлганлари ҳам йўқ эмас. Жумладан, «Шайтон мойи сотилади», «Титилиб… тикилиб ётган «Алифбе» ёхуд бир чоракка ҳам чидамаётган дарсликлар», «Китобдан қўлингни торт, саводсиз» каби долзарб мақолалар шулар жумласидан. Аммо ушбу чиқишларга жавобан соҳа мутасаддилари томонидан бирон чора кўрилгани, нашриётларга кўрсатма киритилгани ҳақида эшитмадик.
Хўш, бундай ҳолатни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қандай изоҳлайди? Ахир китоб чоп этаётганларни назорат қилиш уларнинг бирламчи вазифаси эмасми?
Агентлик қачонгача вазиятнинг оддий томошабини бўлиб тураверади? Хўжакўрсинга қилинаётган ишлар охир-оқибат қимматга тушмаслигига кафолат борми? Ахир гап бутун бошли авлоднинг эртанги куни ҳақида кетмоқда!
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»
